«Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида»ги Қонуннинг мазмун-моҳияти
https://t.me/Rasmiy_xabarlar_OfficialБугун АОКАда ўтказилган брифингда Давлат активларини бошқариш агентлиги директор ўринбосари Бекзод Усмонов мавзу юзасидан маълумот берди:

✔️ Барчамизга маълум, ер ажратиш, умуман олганда ер билан боғлиқ барча муносабатлар доимий равишда жамоатчилик ўртасида турли муҳокамаларга сабаб бўлиб келган.
Юртимизда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар маълум маънода ер муносабатлари билан чамбарчас боғлиқдир.
Давлатимиз раҳбари томонидан ушбу масалага алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Сўнгги 3 йил мобайнида барча турдаги ер майдонларини ажратишда шаффоф ва бозор механизмларини қўллаш бўйича Қонун, ҳамда бир қатор Фармон ва қарорлар қабул қилинди.
Биринчидан, 2021 йил 8 июнда қабул қилинган “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президентимизнинг 6243-сонли Фармонлари билан ер ажратиш амалиёти ўзгарди ва унга бўлган ҳуқуқ ҳам аниқ белгилаб берилди.
Қайд этиш ўринлики, ўтган олти ойда ер участкаларини хусусий секторга ижара ҳуқуқи асосида очиқ аукционда
сотиш бўйича яхши тажриба орттирилди.
Фармон қабул қилингач, республика бўйича бошланғич нархи
45,3 млрд.сўмлик 2 640 та қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган 200 гектардан ортиқ ерлар ижара ҳуқуқи асосида 130,9 млрд. сўмга
ёки бошланғич нархига нисбатан 85,6 млрд. сўм қимматроқ нархга сотилди.
Иккинчидан, 2021 йил 15 ноябрда “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.
Мазкур қонунга кўра бир қатор янги тартиблар жорий этилиб, уларга асосан қуйидаги ерларни хусусийлаштирилиши мумкинлиги белгилаб қўйилди, булар:
– юридик шахсларга тадбиркорлик ва шаҳарсозлик учун берилган ерлар;
– фуқароларга якка тартибда уй-жой қуриш ва ободонлаштириш, тадбиркорлик ва шаҳарсозлик учун берилган ерлар (аввал ЯТТлар назарда тутилмаган);
– хусусийлаштириладиган давлат объектлари жойлашган ерлар (илгари бунга рухсат берилмаган эди);
– шунингдек, бўш турган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар.
Ер участкалари қандай шаклларда хусусийлаштирилади, деган табиий савол туғилиши мумкин. Демак,
- ўзига доимий фойдаланиш, ижара ёхуд мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ерни сотиб олиш;
- ва ерни электрон онлайн-аукционда сотиб олиш орқали хусусийлаштирилиши мумкин.
Шу билан бирга Қонунда:
хусусийлаштиришдан тушадиган маблағлар давлат бюджетига йўналтирилиши;
ерга бўлган мулк ҳуқуқи учун давлат ордери Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан берилиши белгилаб берилди.
Қонун ижроси юзасидан Давлат активларини бошқариш агентлигига бир қатор вазифалар юклатилди, жумладан:
- хусусийлаштириладиган давлат кўчмас мулк объектларини аниқлаш ва уларни жойлашган ер участкалари билан бирга ягона мулкий мажмуа сифатида савдога чиқариш;
- ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқи учун давлат ордерини бериш ва уларнинг тегишли реестрини юритиш;
- ер участкаларини хусусийлаштириш бўйича очиқ ва шаффоф механизм асосида иш ташкил этиш;
- электрон савдо платформасининг фаолият кўрсатишини ва электрон онлайн-аукционлар ўтказилишини таъминлаш шулар жумласига киради.
Ҳозирги кунда Қонунни амалга ошириш юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, унга кўра:
- ўзига доимий фойдаланиш (эгалик қилиш), ижара ёхуд мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкаларини хусусийлаштириш “YERXUSUSIYLASHTIRISH” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали амалга оширилиши;
- Давактив агентлиги “YERXUSUSIYLASHTIRISH” автоматлаштирилган ахборот тизимини техник қўллаб-қувватлаш бўйича оператори ҳисобланиши;
- бўш турган ер участкаларини тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун мулк ёки ижара ҳуқуқлари асосида сотиш “E-auksion” электрон савдо платформаси орқали амалга оширилиши;
- шунингдек, якка тартибдаги уй-жой қуриш учун бўш ер участкаларини мулк ҳуқуқи асосида сотиш ҳам “E-auksion” электрон савдо майдончаси орқали амалга оширилиши кўзда тутилган.
Ўзига доимий фойдаланиш (эгалик қилиш), ижара ёхуд мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкаларини хусусийлаштириш жараёни қуйидагича тартибда амалга оширилади:
1-босқичда, аризачи томонидан давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ер участкасини хусусийлаштиришга ариза тақдим этилади;
2-босқичда, аризани кўриб чиқиш ва “YERXUSUSIYLASHTIRISH” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали тегишли ташкилотлардан хулосалар олинада. Бунда хулосаларни олиш муддати кўпи билан 18 иш кунни ташкил этади;
3-босқичда, ижобий хулоса олинган тақдирда, аризачига ер участкасини хусусийлаштириш учун хабарнома юборилади. Аризачи 10 кун муддатда тўловни амалга оширади;
4-босқичда, тўлов ўз вақтида тўланган тақдирда 3 кун муддатда ер участкасини хусусийлаштириш учун давлат ордери расмийлаштирилади ва Давлат кадастрлар палатасида ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказилади;
Ва 5- охирги босқичда, ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқини берувчи давлат ордери ва давлат реестридан кўчирма аризачига юборилади.
Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолияти учун ер участкаларини мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилиш жараёни қуйидаги тартибда амалга оширилади:
1-босқичда. Туман (шаҳар) Қурилиш бўлимлари ҳудуднинг тасдиқланган бош режа асосида ер участкасини реализация қилиш бўйича таклифлар тайёрлайди, туман (шаҳар) ҳокимлигига таклифлар асосида кадастр йиғмажилдини расмийлаштириш учун буюртма шакллантиради ва уни электрон ҳужжат алмашинуви йўли билан Давлат кадастрлари палатасининг туман (шаҳар) филиалларига юборади. Бундан ташқари, жисмоний ва юридик шахслар ер участкасини аукционга чиқариш бўйича ўз таклифларини киритиши ҳам мумкин.
2-босқичда. Туман (шаҳар) қурилиш бўлими, давлат кадастрлари палатасининг туман (шаҳар) филиаллари, “ЎзГАШКЛИТИ” ДУК лойиҳа-қидирув ташкилоти ва тегишли ташкилотлар билан биргаликда ер участкасини келишиш ҳамда аукцион савдоларига чиқариш мақсадида автоматлаштирилган ахборот тизими орқали хулосалар олинади ва туман (шаҳар) ҳокимлигига юборади.
3-босқичда. Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан (26 иш кунида) ер участкасининг бозор қиймати аниқланади ва аукцион савдоларига чиқарилади.
4-босқичда. Жисмоний ва юридик шахслар аукционда қатнашиш учун 30 кун ичида савдо платформасидан рўйхатдан ўтиб, закалат киритади ва ер участкасини сотиб олиш учун ўз нархларини таклиф этадилар.
5-босқичда. Аукцион ғолиби томонидан 10 иш кунида ер участкаси учун тўлов тўлиқ амалга оширилган тақдирда, 5 кун муддатда ер участкасини хусусийлаштириш учун давлат ордери расмийлаштирилади ва Кадастр палатаси ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказади.
6-босқичда. Ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқини берувчи давлат ордери ва давлат реестридан кўчирмани аризачига юборади.
Якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкаларини мулк ҳуқуқи асосида аукцион орқали реализация қилиш жараёнини амалга ошириш тартиби:
1-босқич. Туман (шаҳар) ҳокимлиги ҳудуднинг тасдиқланган бош режа асосида якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкаларини реализация қилиш тўғрисида буюртма шакллантиради ҳамда қурилиш бўлими ва Давлат кадастрлари палатасининг туман (шаҳар) филиалига юборади.
2-босқич. Туман (шаҳар) қурилиш бўлими, давлат кадастрлари палатасининг туман (шаҳар) филиали ва тегишли ташкилотлар билан биргаликда ер участкасини келишиш ҳамда аукцион савдоларига чиқариш мақсадида “YERELEKTRON” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали хулосалар олинади в туман (шаҳар) ҳокимлигига юборади.
3-босқич. Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан, баҳоловчи ташкилотнинг тегишли хулосаси асосида ер участкасининг бозор қиймати аниқлангандан сўнг, ер участкаси аукцион савдосига чиқарилади.
4-босқич. Жисмоний ва юридик шахслар аукционда қатнашиш учун 30 кун ичида савдо платформасидан рўйхатдан ўтиб, закалат киритади ва аукцион савдоларида иштирок этиб ер участкасини сотиб олиш учун ўз нархларини таклиф этадилар.
5-босқич. Аукцион ғолиби томонидан 10 иш кунида ер участкаси учун тўлов тўлиқ амалга оширилган тақдирда, 4 кун муддатда ер участкасини хусусийлаштириш учун давлат ордери расмийлаштирилади ва Кадастр палатаси ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказади.
6-босқич. Ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқини берувчи давлат ордери ва давлат реестридан кўчирма аризачига юборилади.
Муҳтарам юртдошлар, “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонун ижросига оид маълумотлар билан сизларни келгусида ташкиллаштириладиган турли тадбирлар, учрашувлар, матбуотдаги чиқишлар орқали мунтазам хабардор қилиб борамиз.