Сара уруғ – мўл ҳосил гарови
Buxoro.uzБугунги тезкор замон ҳар бир соҳа ва тармоққа илғор илмий–инновацион ишланмалар ва илм-фан ютуқлари, пешқадам технологияларни жорий этишни тақозо этаётгани ҳеч кимга сир эмас. Жумладан, қишлоқ хўжалигида маҳсулот етиштиришда ҳам бу жиҳат долзарб аҳамиятга эга. Етиштириладиган ҳосил салмоғи ва сифати табиийки, уруғ ва навнинг тозалиги, маҳаллий иқлимга мослиги ва серҳосиллигига боғлиқ. Агар хўжалик ҳосилдорлиги юқори, касаллик ва зараркунанда ҳашаротлар таъсирига чидамли, тупроқ шароитига мос навни танлаб экса-ю, бироқ уруғнинг маҳсулдорлик даражаси паст бўлса, кутилган натижага эришиб бўлмайди. Шунинг учун вилоятимизда пахта ва ғалла етиштиришда аввало уруғликнинг навдорлик сифатига талаб йилдан йилга ортмоқда.
— Эл ризқ-рўзи манбаси – буғдой етиштиришда вилоятда уруғ танлаш ҳамон долзарблигича қолмоқда, – дейди Бухоро табиий ресурсларни бошқариш институти доценти, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди Бешим Жаллиев. — Илмий асосда мулоҳаза қилинса, вилоятда экилаётган навлар сонининг кўплиги ҳам бу борадаги ишларни такомиллаштиришни тақозо этмоқда. Аслида, бир туманда иккита, вилоятда эса тўрттадан ортиқ нав экилишига йўл қўйилмаслиги лозим. Афсуски, қатор йиллардан буён вилоятда камида 5-6 та буғдой навлари экиб келинмоқда. Масалан, 2020 йилда вилоят бўйича 9 та, жумладан, Бухоро туманида 9 та, Ромитан туманида 4 та, Қоракўл туманида 4 та, Когон туманида 3 та нав экиб, буғдой етиштирилган.
Бу ҳолат уруғчилик қоидаларига зид бўлиб, ҳам далада, ҳам ҳосил ўрим-йиғимида, ҳам уруғлик донни қабул қилиш ва қайта ишлашда ҳар хил навлар уруғининг механик аралашиб кетишига сабаб бўлмоқда. Шунинг учун уруғлик учун экилган майдонларда буғдойнинг бир текис ўсиш ўрнига қават-қават (этажерка) бўлиб ўсаётганига гувоҳ бўляпмиз. Уруғлик майдонларини апробацияга тайёрлаш вақтида, апробация комиссияси фермер хўжаликлари раҳбарларидан бундай майдонларни бегона тур ва нав аралашмаларидан тозалашни талаб этмоқда. Чунки айрим ҳолларда, уруғлик майдонларидаги бегона тур ва нав аралашмалари миқдори 25-30 фоизни ташкил этаётганлиги сабабли, бундай далаларни тозалаш катта харажат талаб этиши билан бирга, дон ҳосилининг кескин камайишига олиб келмоқда. Бу эса фермер хўжаликлари учун ҳам зарар.
2020 йилда вилоятда ғалла апробацияси қаттиққўллик билан ўтказилганлиги натижасида, жами 4 минг 877 гектар уруғлик майдоннинг 1 минг 130 гектари ёки 23,2 фоиз уруғлик ичидаги бегона тур ва нав аралашмалари миқдори давлат андозаси (ГОСТ) да белгиланган меъёрдан анча кўп бўлганлиги ва уруғлик майдонларини бу аралашмалардан тозалаб, меъёр даражасига келтиришнинг иложи бўлмаганлиги сабабли уруғлик учун яроқсиз деб топилган. Энг ачинарлиси, вилоят бўйича жами 53 та фермер хўжалиги томонидан уруғлик сифатида етиштирилган буғдой майдонларидаги дон ҳосили, нав тозалиги талабига жавоб бермаганлиги боис товар донга ўтказилган. Масалан, Пешкў туманида бундай фермер хўжаликлари сони 18 тани, Вобкент туманида 9 тани, Когон туманида 5 тани, Шофиркон туманида 4 тани ташкил этган. Натижада бу фермер хўжаликларида уруғлик ғалла етиштириш мақсадида амалга оширилган қўшимча чора-тадбирлар ва сарф-харажат зое кетди.
— Бундан ташқари, уруғчиликдаги яна бир муаммо – уруғлик майдонларидаги ҳосилнинг муддатидан кечиктириб ўрилишидир, – дейди илмий тадқиқотчи олим Бешим Жаллиев. — Масалан, ғалла ўрими бошланиши билан, асосий эътибор товар донни ўриб-йиғиб олишга қаратилиб, уруғлик ғаллани ўриб-йиғиб олиш кечикиб кетади. Кўп йиллик тажрибанинг кўрсатишича, нав хусусиятларига, даланинг қамиш билан ифлосланиш даражаси, об-ҳаво шароитларига ва ҳосилни ўриб-йиғиб олиш муддатининг кечиктирилишига боғлиқ ҳолда ғалла майдонларида етиштирилган ҳосилнинг 5 фоиздан 30 фоизигача бўлган қисми тўкилиб кетиши мумкин. Шу сабабдан, уруғчилик фермер хўжаликларига бир қатор имтиёзлар берилган бўлишига қарамасдан, аксарият хўжаликлар уруғлик ғалла етиштиришга хайрихоҳ эмас.
Соҳада изланишлар олиб бораётган селекционер олимлар ва уруғчилик тизими мутахассисларининг мақсади – юқори навдорликка эга, серҳосил уруғликни етиштириб беришдир. Хўш, бунинг учун қандай чора-тадбир тақозо этилмоқда, деган савол туғилиши табиий. Олимлар хулосаларига биноан, бир туманда яхши самарадор фақат битта навни экиб етиштиришга ўтиш, вилоят бўйича кўпи билан синовдан ўтган серҳосил 3 та навни экишга рухсат этиш, ҳар бир уруғлик дон тайёрлаш цехини фақат биргина нав билан ишлашга ўтказиш талаб қилинмоқда. Ғалладан бўшаган майдонларга уруғлик ғалла экилишига мутлақо йўл қўймаслик керак. Пишиб етилган ҳосилни ўриб-йиғиб олишда, аввал супер элита, ундан кейин элита, сўнг 1-репродукция авлодига мансуб уруғлик майдонларидаги ғалла ҳосили ўриб олиниши лозим.
Тармоқ ривожи учун элита-уруғчилик хўжаликларини ва уруғчилик тизими ташкилотларини селекция уруғчилик соҳасини тугатган олий маълумотли, камида 5 йиллик ишлаб чиқариш стажига эга бўлган, ўз касбига фидойи мутахассис кадрлар билан таъминлаш зарур. Айни кунда илмий тадқиқотчи, селекционер олимлар таклифлари асосида вилоятда Ғалла уруғчилиги кластери ташкил этилган ва бу кластер ҳозирда уруғчилик фермер хўжаликларида етиштирилган уруғлик ғаллани қабул қилиб, қайта ишлаб, уруғлик материали тайёрлаб бермоқда. Нав синаш участкалари ва уруғчилик фермер хўжаликлари ҳам уруғчилик кластери ихтиёрига берилиб, буларнинг барчаси битта яхлит тизим орқали бошқарилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Пахтачилик тармоғида эса Бухорода уруғлик чигитни тозалаш, саралаш, туксизлантириш ва дорилаш каби агротехник тадбирлар 3 та корхонада амалга оширилмоқда. "Бухоро агрокластер" МЧЖ нинг Ғиждувон тумани “Позагари” МФЙ да жойлашган “Бухоро пахта уруғчилиги” МЧЖ да уруғлик чигитни тозалаш ва саралаш, туксизлантириш ва дорилаш бўйича амалга оширилаётган агротехник тадбирлар жараёни бир неча босқични ўз ичига олади.
Якунига етган 2022 йил ҳосили учун Бухоро вилоятида 102,9 минг гектар майдонга истиқболли, районлаштирилган серҳосил ғўза навлари экиб етиштирилган, баракали хирмон кўтарилган бўлса, бунда “Бухоро-102” нави 7 минг 163 гектарда, ўртапишар “Бухоро-6” нави 29 минг 141 гектарда, “Бухоро-8” нави 30 минг 92 гектарда, “Бухоро-10” нави 34 минг 4 гектарда, бошқа янги навлар 2 минг 500 гектарда экилган. Бунинг учун 5069 тонна уруғлик чигитни тозалаш-саралаш, 3342 тоннасини туксизлантириш ҳамда 3702 тоннасини дорилаш (пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан) жараёни бажарилган.
Ўтган йили руғлик пахта етиштириш мақсадида тендер танловидан ўтган 243 та фермер хўжалигидан жами бўлиб 19 минг 308 тонна, шундан 9 минг 495 тонна асосий, 7 минг 613 тонна захира ва 2 минг 200 тонна қўшимча захира фондига уруғлик пахта қабул қилиниб, тайёрланган. 2022 йил пахта ҳосили учун давлат стандарти талабларига жавоб берадиган сифатли уруғлик чигит ишлаб чиқариш мақсадида пахта тозалаш ва бошқа корхоналар томонидан уруғлик чигитни тайёрлаш ва сақлашда навлар ҳамда репродукциялар аралашмаслиги, уруғлик пахтани тозалаш режимига риоя қилиниши, шунингдек, дорилаш-туксизлантириш цехларини жорий таъмирланган ҳолда қайта ишланиши аҳволи инспекциянинг вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан ўрганилди. Олиб борилган дорилаш-туксизлантириш ишлари доимий назорат қилиниб, амалий кўмаклар бериб келинмоқда. Тозалашдан олинадиган уруғлик чигитларни саралаш, дорилаш ва туксизлантириш ишлари “Бухоро агрокластер” МЧЖга қарашли “Бухоро пахта уруғчилиги” МЧЖ ва “Бухоро уруғчилик” МЧЖ уруғчилик цехларида амалга оширилмоқда. Айни пайтда мазкур жараён самарали адо этилаётир.
— Корхонамизга қарашли уруғлик цехи бир кеча-кундузда 40-45 тонна уруғни туксизлантириш қувватига эга, – дейди “Бухоро пахта уруғчилиги” МЧЖ директори Шароф Умаров. — Цехда 65 нафардан зиёд ишчи 3-сменада фаолият юритади. Мазкур цехда уруғлик чигитлар туксизлантириш ва дорилаш ишлари механик усулда амалга оширилади. Бугунги кунда уруғлик чигитларни дорилаш учун мутахассислар таклифлари асосида қишлоқ хўжалик зараркунандаларига (гоммоз, илдиз чириш, фузариоз вилт) қарши П-4, Спораген, Суфлёр (гуммат калий) ва Скарлет препаратларидан фойдаланилмоқда. Уруғларни белгиланган меъёрий ҳужжатлар талабларига асосан тайёрлаш учун 4 нафар малакали мутахссислардан иборат лаборатория ходими томонидан мунтазам равишда намуналар олинмоқда, таҳлиллар юритилмоқда. Дорилаш жараёнида ғўзанинг илдиз чириш касаллигига қарши П-4 ва Скарлет препаратларидан 1 тонна туксизлантирилган уруғлик чигит тайёрлаш учун 4 литр, вилт касаллигига қарши Спораген препаратидан 2 литр ва ғўзанинг ўзиш ва ривожланишини жадаллаштириш мақсадида Суфлёр (гуммат калий, биостимулятор) препаратидан 0,6 литр миқдорида қўшиб уруғлик чигит тайёрланмоқда.
Уруғчилик цехида тайёрланаётган уруғлик чигитдан ҳар 2 соатда намуналар олинади. Намлиги, замонавий жиҳозлар билан жиҳозланган лабораторияда тола қолдиғи ва механик шикастланиши бўйича таҳлиллар ўтказилади. Уруғлик чигит усти ёпқичлар билан ёпилган ҳолда ён атрофлари ёпиқ омборларда талаб даражасида сақланади. Омборларда 4 минг 500 тоннадан ортиқ дорилаб тайёрланган уруғлик чигитни навлар бўйича алоҳида сақлаш имконияти яратилган. Уруғлик чигит сақланадиган омборлар ҳавонинг совуқ кунлари ҳароратни бир хил меъёрда сақлаш мақсадида иситиш мосламалари билан таъминланган. Шунингдек, уруғлик чигит тайёрлаш мавсумида талаб этиладиган қоғоз қоп, этикетка, кимёвий препаратлар ва ёғоч тагликлар (паддон) захираси яратилган.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати