Қишлоқ аёлларига муносиб меҳнат ва яшаш шароитларини яратиш йўлидан борамиз!

Қишлоқ аёлларига муносиб меҳнат ва яшаш шароитларини яратиш йўлидан борамиз!



Бир неча йиллардан бери 15 октябрь санаси “Халқаро қишлоқ аёллари куни“ сифатида кенг нишонланиши – хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий ва ишлаб чиқаришдаги улушини ошириш, улар учун муносиб меҳнат ва яшаш шароитларини яратиш мақсадида юртимизда амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар натижаларидан биридир.

Партиямиз ҳам хотин-қизларнинг ҳар томонлама қўллаб-қувваьланиши ҳамда муносиб турмуш кечириши тарафдоридир.

Қишлоқ аёлларининг меҳнати ва турмуши шаҳардаги опа-синглисиникига нисбатан доим заҳматли ва машаққатлироқ бўлган. Қишлоқ аёли рўзғор юмушларидан ортиб, дала ёки томорқасида меҳнат қилади. Халқ дастурхони ва хўжалиги учун зарур бўлган хомашё, маҳсулотни етиштиришга хисса қўшади. Илгари қишлоқ аёлига замондан ортда қолган, кўп нарсага ақли етмайдиган ожиза сифатида қараларди. Бугун эса бундай муносабат тамоман ўзгарди. Инсон қадри тобора ортаётган юртимизда қишлоқ аёлининг ҳам қадр-қиммати ошди. Унинг меҳнати муносиб баҳоланиб, фаровон турмуш кечириши, ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун кенг ислоҳотлар олиб борилмоқда.

O’zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши томонидан Нурафшон шаҳридаги Ёшлар марказида ташкил этилган тадбир ҳам мана шундай фидойи аёлларни муносиб тақдирлаш мақсадида ўтказилди.

Унда қишлоқларда яшаб, ўзининг фермерлик, тадбиркорлик соҳасидаги фаолиятини йўлга қўйган хотин-қизлар партия вилоят Кенгашининг эсдалик совғалари, фахрий ёрлиқлари билан тақдирланишди.

Тадбир сўнггида байрам муносабати тантанали концерт дастури ҳам тақдим этилди.

Тадбирда муносиб тақдирланган аёл тадбиркор ва фермерлар, олис қишлоқ мактабларида таълим берувчи ўқитувчи ва мураббийлар эътироф ва эъзоз учун ўз миннатдорликларини билдиришди.

Зухро Мирзоҳамдамова,

O’zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши бўлим мудири

Report Page