Қиммат "арзон" ипотека кредитлари ҳақида.

Қиммат "арзон" ипотека кредитлари ҳақида.

Беҳзод Ганиев

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 28 ноябрдаги ПФ-5886-сон Фармони билан айрим шахсларга, шу жумладан, даромади юқори бўлмаган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлганларга ипотека кредити бўйича дастлабки бадал ва фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига субсидиялар тўланиши юзасидан низом тасдиқланган. (ВМнинг 2020 йил 25 мартдаги 182-сон қарори билан Уй-жой сотиб олиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисида низом).

Низомга кўра 10800 та фуқарога 10-12% дан юқори ипотека кредити фоизларининг дастлабки 5 йили субсидияланиши ҳамда уй жойнинг ҳисобланган қийматини 10% ини (3 хоналик уй учун бошланғич бадал суммаси 31.9 млн. сўмни ташкил этади) бюджетдан қоплаб бериш кўзда тутилган.

2019 йил 12 декабрда Ўзбекистон Республикаси ва Осиё тараққиёт банки (кейинги ўринларда ОТБ деб аталади) ўртасида Ўзбекистонда ипотека бозорини ривожлантириш дастурини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикасига умумий қиймати 200 млн АҚШ доллари миқдоридаги қарз маблағларини бериш тўғрисида қарз битимлари имзоланган бўлиб, унга кўра:

  • уй-жой сиёсатини яхшилаш, ипотека бозорини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож шахсларни манзилли қўллаб-қувватлашга йўналтирилган дастурий чора-тадбирларни амалга ошириш учун 25 йил муддатга, шу жумладан 5 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 2 фоиз ставкада 50 млн АҚШ доллари миқдорида;
  • «Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси» акциядорлик жамияти (кейинги ўринларда компания деб аталади) томонидан тижорат банкларининг ипотека кредитларини қайта молиялаштириш учун 20 йил муддатга, шу жумладан 5 йиллик имтиёзли давр билан, 6 ойлик LIBOR ва йиллик 0,5 фоиз ставка, шунингдек, ўзлаштирилмаган қарз маблағлари суммасидан 0,15 фоиз миқдорида мажбурий воситачилик тўлови билан 150 млн АҚШ доллари миқдорида тақсимланган.

Янада тушунарлироқ қилиб айтганда, 20 йиллик ресурс компания учун йилига максимум 3.3%га тушмоқда.

Шунингдек Мазкур қарорнинг 2 банди г) хат бошисида “валюта таваккалчилиги билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.” – деб кўрсатиб қўйилган.

Энди келинг, бугунги кунда ипотека бозорида тижорат банклари томонидан таклиф қилиб келинаётган 18-20% ставкадаги 3 хоналик уй учун кредит тўлови жадвалини кўриб чиқсак.

Кредит суммаси 352 млн. сўм, кредит муддати 20 йил, кредит фоизи 20%. Аннуитет усулда кредит тўланса ойига тўлов 5,9 млн сўмдан тўғри келади. Жами 20 йилда 1 млрд. 435,1 млн. сўм тўлов (352 млн. асосий қарз + 1 млрд. 083 млн. фоиз) амалга оширилади. Шундан 132,3 млн. сўм фоиз субсидияси сифатида ҳамда 31.9 млн. сўм бошланғич бадал сифатида давлатдан ёрдам берилади.

Ойига 5.9 млн. сўм тўловни амалга ошириш учун 8.4 млн. сўм қўлга тегадиган ойлик олиш лозим бўлади. Ўзбекистонда ким бундай ойлик олади?

Тўловнинг 75%ни фоиз тўловлари ташкил этаяпти. Хўш «Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси» акциядорлик жамиятига валютада йиллик 3.3%дан тушаётган кредит линияси нима учун бозорда миллий валютада 18-20%ни ташкил этаяпти. Бунда ё «Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси» акциядорлик жамияти фоизларни инсофсизларча юқори қилиб тижорат банкларига берган, ё тижорат банклари фоиз маржани ошириб юборган. Буни жиддий ўрганиб чиқиш керак бўлади. Бизга маълум бўлган маълумотларга қараганда «Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси» акциядорлик жамияти фоизларни 14-15%дан тижорат банкларига жойлаштирмоқда ҳам.

Агар сал виждонан ёндошилса 3.3%+2.7% компания маржаси+4% тижорат банки маржаси ҳисобига аҳолига 10% дан ипотека кредити ажратиш имконияти бор дейиш мумкин. Шунда 10800 та хонадонга (132 млн. * 10800 фуқаро) бюджетдан фоизларни қоплаш учун ажратиладиган 1.4 трлн. сўм иқтисод қилинган бўлар эди. Энг асосийси уй-жойга эҳтиёжманд одамлар рози бўларди ва кредитларни қайтаришда ҳам муаммолар бўлмас эди.

Юқоридагиларнинг барчаси муаллифнинг шахсий фикрлари ва ҳисоб-китобларига асослаб ёзилди.


https://t.me/bankers_uz



Report Page