Қашқадарёда жазо тайинланган судланувчиларнинг 28 фоизи озодликдан маҳрум қилинди

Қашқадарёда жазо тайинланган судланувчиларнинг 28 фоизи озодликдан маҳрум қилинди

Qashqadaryo viloyat sudi

Маълумки, жиноят содир этган шахсга нисбатан жазо уни ахлоқан тузатиш, унинг жиноий фаолиятини давом эттиришига тўсқинлик қилиш ҳамда маҳкум, шунингдек бошқа шахслар янги жиноят содир этишининг олдини олиш мақсадида қўлланилади. 

Шу билан бирга, жазо тайинлашда ҳудуддаги криминоген вазият ҳам ҳисобга олинади ҳамда шахсни, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлат манфаатларини, мулкни, табиий муҳитни, тинчликни, инсоният хавфсизлигини жиноий тажовузлардан қўриқлаш, шунингдек жиноятларнинг олдини олиш, фуқароларни республика Конституцияси ва қонунларига риоя қилиш руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.

Шунингдек, жиноят қонунининг муҳим принциплари бўлган одиллик принципининг моҳиятига кўра, жиноят содир этишда айбдор бўлган шахсга нисбатан қўлланиладиган жазо ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораси одилона бўлиши, яъни жиноятнинг оғир-енгиллигига, айбнинг ва шахснинг ижтимоий хавфлилик даражасига мувофиқ бўлиши керак.

Ўз-ўзидан жиноят содир қилган барча шахсга ҳам бир хил жазо тайинлаш мақсадга мувофиқ бўлиб ҳисобланмайди. Чунки, жиноят содир этишда айбнинг шакли, қилмишнинг ижтимоий хавфлилик даражаси, жиноят содир этиш усули ва сабаблари, жиноят содир қилишда иштирок этганлик даражаси, шунингдек жиноят содир қилган шахснинг ижтимоий хавфлилиги (хавфли ёки ўта хавфли рецидивистлиги) ва бошқа қатор ҳолатлар ҳам мавжудки, бундай ҳолатлар бир хил турдаги жиноят содир этган икки шахсга нисбатан айнан бир хил жазо тайинлаш имконини бермайди. 

Масалан, ўғирлик жиноятини содир қилишда айбланаётган икки шахс, бири қимор ўйинида ютқазиб қўйган пулни тўлаш учун, иккинчиси мухтожликдан, яъни оғир касал онасига дори сотиб олиш учун ўғрилик қилган, ёхуд ўғрилардан бири вояга етмаган, иккинчиси эса хавфли рецидивист бўлса, уларга нисбатан бир хил жазо тайинлаш, қонуннинг адолат принципларига ҳам, инсонпарварлик принципига ҳам зид бўлади.

2021 йил давомида Қашқадарё вилояти жиноят ишлари бўйича судларида 3780 шахсга нисбатан 2798 та жиноят иши кўриб чиқилган бўлиб, 593 та жиноят иши ҳаракатдан тугатилиб 695 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод қилинган.

2861 шахсга нисбатан 2072 та жиноят иши бўйича жазо тайинланиб айблов ҳукми чиқарилган бўлиб, шундан 806 нафари ёки 28 фоизига озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган, 60 шахс шартли ҳукм қилинган, 2055 нафари ёки 72 фоизига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолари тайинланган.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, судланганларнинг 632 нафарини муқаддам судланган шахслар ташкил қилади.

 

Қашқадарё вилоят суди

раисининг ўринбосари

Ў. Мамадалиев