Қашқадарёда бирорта битирувчиси ОТМга кирмаган мактаб директорлари лавозимидан озод этилди, юқори натижага эришганлари рағбатлантирилди

Қашқадарёда бирорта битирувчиси ОТМга кирмаган мактаб директорлари лавозимидан озод этилди, юқори натижага эришганлари рағбатлантирилди


2020 йил 14 ноябрь куни Қарши шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов раҳбарлигида таълим сифати ва самарадорлигини оширишга бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда вилоят, туман, шаҳар халқ таълими бўлими мудирлари, умумтаълим мактаби директорлари ҳамда ўқитувчилар иштирок этди.

Йиғилишда битирувчиларнинг олий таълимга кириш бўйича энг юқори ва энг паст кўрсаткичга эга бўлган умумтаълим мактаблари қиёсий таҳлил қилинди.

Хусусан, вилоят республикада олий таълим муассасаларига бирорта ҳам битирувчиси кирмаган 191 та мактаб директорлари фаолиятига баҳо берилиб, мажлисда қатнашган, узоқ йил фаолият кўрсатиб, натижага эришмаган 20 нафар мактаб директори лавозимидан озод этилди, қолганларини ҳам озод этиш бўйича топшириқ берилди.

Битирувчиси олий таълимга кириш кўрсаткичлари бўйича юқори натижалардан бирини қўлга киритган Косон туманидаги 88-сонли мактаб жамоасига компьютер синфи совға қилинди. Ғузор туманидаги 68-сонли ихтисослаштирилган мактаб ва Шаҳрисабз туманидаги 7-сонли мактаб-интернати директорлари ва тўрт нафар фан ўқитувчилари “Халқ таълими фидоийси” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Мактабларда таълим сифатини ошириш юзасидан раҳбар ва педагогларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди. Рейтинг кўрсаткичлари баланд мактаб директорлари эса кўрсаткичи паст мактаблар билан ҳамкорликда ишлаш бўйича таклифлар берилди.

Халқ таълими вазири томонидан мутасаддиларга таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, келгусида юқори билим ва малакага эга ўқитувчиларни рағбатлантириш бўйича топшириқлар берилди.

Report Page