"Ўзбекнефтгаз": Қашқадарёда "Саноат кўргазмаси ва кооперация биржаси" ҳамда "Нефтгаз кооперация форуми" бошланди

"Ўзбекнефтгаз": Қашқадарёда "Саноат кўргазмаси ва кооперация биржаси" ҳамда "Нефтгаз кооперация форуми" бошланди

February 21, 2020

2020 йилнинг 15 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор мажлисининг 3-сонли баёнига мувофиқ, Қарши шаҳрида "Саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси" ҳамда "Нефтгаз кооперация форуми" ўтказилмоқда.

Мазкур кўргазма-форум Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, "Ўзбекнефтгаз" акциядорлик жамияти ҳамда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги томонидан ташкил этилди. 

Тадбирнинг тантанали очилиш маросимида Қашқадарё вилояти ҳокими Зоир Мирзаев, "Ўзбекнефтгаз" акциядорлик жамияти Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси раҳбари Актам Хаитов, Давлат Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Алимжон Файзибоев иштирок этишди.

Саноат кўргазмаси ва форумнинг дастлабки кунида 1000 дан зиёд иштирокчилар, шундан 50 дан ортиқ нефт ва газ саноати корхоналари, товар ва хизматлар ишлаб чиқарувчи маҳаллий тадбиркорлик субъектлари, илмий муассасалар ҳамда чет эл компаниялари ваколатхоналари иштирок этишди.

Нефтгаз кооперация форуми доирасида "Ўзбекнефтгаз" акциядорлик жамияти инвестиция лойиҳалари ҳамда тармоқ корхоналари эҳтиёжлари учун етказиб бериладиган товар ва хизматларни маҳаллийлаштириш имкониятлари кўриб чиқилиб, тармоқлараро ҳамда тармоқ ичидаги кооперация алоқаларини кенгайтириш бўйича биринчи куннинг ўзидаёқ 50 дан зиёд шартномалар ҳамда 100 га яқин келишувлар имзоланди.

Эслатиб ўтамиз, “Нефтгаз кооперация форуми”да “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти ҳам ўз стенди билан иштирок этмоқда.


"Ўзбекнефтгаз" АЖ Матбуот хизмати