Қашқадарё вилоятидаги 17 та тиббиёт ташкилоти Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан шартнома асосида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда
Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Жамғарма ижро этувчи директори биринчи ўринбосари Улуғбек Кандимов маълум қилди.
2024 йил 9 февраль куни ПҚ–67-сонли Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қашқадарё вилоятида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамда соғлиқни сақлаш тизимини янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.
Мазкур қарорнинг асосий мақсади Қашқадарё вилоятида аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, касалликларни барвақт аниқлаш ва олдини олиш, тиббий хизматларни аҳолига яқинлаштириш ва уларнинг сифатини ошириш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда кадрлар салоҳиятини оширишдан иборат.
Қарорга кўра, жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш тизимидаги вилоят даражасидаги шифохоналар фаолиятини молиялаштириш учун Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар Жамғарманинг алоҳида шахсий ғазна ҳисобварағига харажатлар таснифининг бир сатрида ўтказиб берилмоқда.
Бу борада Қашқадарё вилоятидаги 17 та тиббиёт ташкилоти Жамғарма билан шартнома асосида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда.
Жорий йилнинг 1 июлидан 23 сентябр кунига қадар Қашқадарё вилоятидаги тиббиёт ташкилотларига Жамғарма томонидан 67,2 млрд маблағ йўналтирилди.
Тиббиёт ташкилотлари томонидан аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш ҳамда асоссиз харажатларнинг олдини олиш мақсадида вакилларимиз томонидан ўтказилган ўрганиш ишлари натижасида сентябрь ойида 10 млн сўм маблағ чегириб қолинди ва ўтган ойлар учун молиялаштирилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши таъминланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 9 февралдаги
ПҚ–67-сонли “Қашқадарё вилоятида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамда соғлиқни сақлаш тизимини янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қабул қилинган Қарорининг афзалликлари ва қулайликларини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида Жамғарма раҳбарияти ва ходимлари томонидан мунтазам равишда аҳоли ва тиббиёт ходимлари иштирокидаги учрашувлар, семинарлар ўтказиб келмоқда.
Шу билан бирга, тизимнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида Жамғарманинг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида соҳага оид олиб борилаётган амалий ишлар тўғрисидаги маълумотлар батафсил ёритилиб борилмоқда.