Қашқадарё вилояти ИИБдаги брифинг ва унинг талқини юзасидан Ички ишлар вазирининг матбуот котиби Ш.Ғиёсовнинг маълумоти

Қашқадарё вилояти ИИБдаги брифинг ва унинг талқини юзасидан Ички ишлар вазирининг матбуот котиби Ш.Ғиёсовнинг маълумоти

Ички ишлар вазирлиги
Ички ишлар вазирининг матбуот котиби Ш.Ғиёсов

Куни кеча Қашқадарё вилояти ИИБда Чироқчи тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими биносида фуқаро Ю.Абдураҳмоновнинг вафот этганлиги юзасидан брифинг ташкил этилди.

Шуни айтиш жойизки, илгари нафақат ички ишлар органлари, балки бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ўз фаолияти ёки жиноят ишлари бўйича жамоатчиликка ҳеч қандай маълумот беришмаган. Фуқароларимизга ахборот бериш амалиёти энди шаклланмоқда. Биз матбуот котиблари сифатида бунга эътибор қаратяпмиз. Мазкур брифинг ҳам охирги йилларда давлатимиз томонидан олиб борилаётган очиқлик сиёсатининг яққол намунасидир.

Брифингда фуқароларимизга етказилмоқчи бўлган асосий маълумот - бу ички ишлар органлари биносида одам вафот этиши билан боғлиқ факт, ҳар қандай вазиятда фавқулотда ҳолат деб қаралиши, бундай вазиятда зудлик билан алоҳида ишчи гуруҳ тузилиб, иш жараёнлари тўлиқ ўрганилиши ва ушбу ҳолатни келиб чиқиш сабаб ва шароитлари бартараф этилиши, айбдор ходимлар ва раҳбарлар эса муносиб жазоланиши муқаррарлиги эди. Айнан Қашқадарёда биз ушбу мақсадга эришдик деб ўйлайман.

Брифинг бошидан якунигача журналист ва фуқаролар билан ошкора, самимий руҳда ўтганлиги, ички ишлар органлари ўзининг ахборот хизмати вакиллари орқали фуқароларга очиқлигини намойиш қилганлиги, журналистлар ва фуқароларнинг кўплаб саволлари ва муаммолари жойида ҳал этилганлигига эътибор қаратиш зарур, деган фикрдаман.

Ишонаманки, фуқароларимизга ахборот етказиш фаолиятидаги камчиликларимизни бартараф этишда жамоатчиликнинг соғлом танқидини доим инобатга оламиз. Депутатларимизнинг ҳам бу масалага эътибор беришлари ҳурматга сазовор бўлиб, ўйлайманки, биргаликда халқимиз олдидаги вазифаларимизни бажаришда бир-биримизга кўмакдош бўламиз.

Ички ишлар вазирининг матбуот котиби Ш.Ғиёсов

Report Page