Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Тоирович Мирзаевнинг БАЙРАМ ТАБРИГИ 

Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Тоирович Мирзаевнинг БАЙРАМ ТАБРИГИ 

Ahror Sodiqov

Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Тоирович Мирзаевнинг 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларига

БАЙРАМ ТАБРИГИ


Қадрли, матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари!

Соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшган фахрийлар, журналист ва блогерлар!

Барчангизни 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан муборакбод этаман. Сизга ўзимнинг самимий ҳурматимни билдириб, машаққатли ва шарафли касбингиз ортидан ҳамиша эъзоз топишингизни тилаб қоламан.

Кейинги йилларда, мамлакатимиз тараққиётнинг янги босқичига кўтарилаётган бир пайтда, матбуот ва оммавий ахборот воситаларининг фаолияти ниҳоятда аҳамиятли экани тобора ўз исботини топмоқда. Сўз эркинлиги, ошкоралик, очиқлик – олиб борилаётган ишларнинг бош мезонига айланган. Халқ билан мулоқот қилиш, ечимини кутаётган муаммоларни тезкорлик билан бартараф этиш ишида – соҳа вакилларининг қанчалик холис, ҳаққоний ёндошиши жамоатчилик фикрини шакллантиришнинг мезони бўлаётгани сир эмас.

Давлатимиз раҳбари сизнинг меҳнатингизга баҳо берар экан: янгиликка интилиб, ҳаётнинг қайноқ нуқталарига кириб борадиган, холислик ва хаққонийлик, Ватан ва халқ манфаатларини биринчи ўринга қўядиган олижаноб ва масъулиятли касб эгалари, - дея эътироф этадилар. Бу албатта, юксак ишонч, шараф ва масъулиятдир.

Бугун Қашқадарёда 38 та газета, 4 та журнал, 2 та телевидение, 2 та радио ва 20 га яқин расмий сайтлар фаолият кўрсатади. Журналистика, матбаа ва оммавий ахборот воситаларида 250 нафардан ортиқ ходимлар, сайтларда 30 нафарга яқин фаол блогерлар меҳнат қилишади.

Муҳтарам юртбошимиз томонларидан илгари сурилган очиқлик сиёсати, сўз ва матбуот эркинлиги боис соҳа ўзининг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаб олди.

Бугунги кунда оммавий ахборот воситалари тезкорлик, холислик ва ҳаққонийлик принциплари асосида халқимизнинг ишончини тўлиқ қозонгани ҳеч кимга сир эмас! Ўзбекистон журналистикаси нафақат республика, балки дунё миқёсидаги воқеа ва ҳодисаларга муносабат билдириб бориши билан бирга ҳаётда қийин аҳволга тушиб қолган ватандошларимизнинг ҳимоячиси ва кўмакчисига айланиб улгурди.

Албатта, бугунги кун журналистикаси йиллар давомида орттирилган тажриба, соҳанинг заҳматкаш инсонлари томонидан яратилган мактабга асосланган ҳолда камол топган.

Қашқадарё журналистикаси тўғрисида гап кетганда, вилоятдаги оммавий ахборот воситаларининг тамал тошини қўйган, соҳанинг барча машаққатларини мардонавор енгиб ўтган, бугун ҳам касбга садоқати боис тинмай ижод қилаётган инсонларни фахр билан тилга оламиз. Шу ўринда Ҳусан Темиров, Бўри Норқобилов, Бўритош Носирова, Шавкат Султонов, Мавжуда Ражабова, Юсуф Норов, Бахтиёр Тагиров, Гулбаҳор Мусаева каби соҳа фахрийларининг - “Устоз-шогирд” анъаналарини давом эттирган ҳолда ёшларга соҳа сирларини ўргатиб келаётганини эътироф этмоқчимиз. Тажрибаси, билим ва маҳоратини шогирдларга ўргатаётгани ва бизга кўмакдош бўлаётганликлари учун бундай фидоий инсонларга  миннатдорчилик билдирамиз.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, муҳтарам Юртбошимиз томонидан 2019 йил 27 июнда имзоланган “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора – тадбирлар тўғрисида”ги қарор соҳада кескин ўзгаришларга асос бўлди. Сўнгги бир йил давомида, вилоятда давлат органлари ва ташкилотларда фаолият олиб бораётган ахборот хизматлари ходимларининг сони 9 нафардан 35 нафарга етди. Бугунги кунда ҳар бир ташкилот, корхона ва муассасада, ҳокимликларда матбуот хизмати йўлга қўйилганлиги соҳага қаратилаётган эътибор сўзимизнинг ёрқин исботидир.

Қадрли, матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари!

Бугун жамиятда ОАВ нинг ўрни ва нуфузи ошиб боришида сизнинг заҳматли меҳнатингиз, керак бўлса жасоратингиз беқиёс ўрин тутишини алоҳида эътироф этмоқчиман.

Ҳаммамизга яхши маълум, жорий йил синовли келди. Пандемия даврида, халқимиз бошидан кечаётган синовли кунларда елкадош бўлиб, бемор ёнида дўст, шифокор ёнида ҳамкасб, умидвор боққан кишилар ёнида ҳаммаслак бўлиб турган журналист ва блогерларни таъбир жоиз бўлса – биродарлар дегим келади.

 Ўз ҳаловатидан кечиб, куну тун хизмат қилаётган сиздек жонкуярларнинг гоҳида сўз, гоҳида тасвир, овоз воситасида амалга ошираётган меҳнатингиз кишилар қалбига умид бермоқда.

Ташвишларни тезроқ енгиб ўтишда куч бўлаяпти. Ана шундай жонкуярлик ҳамиша олқиш олиб келсин. Ҳаққоний, халқ дилидаги гапни айтиш иши - доимий аҳдингиз бўлсин. Соғлиқ саломатлик, ижодий ютуқлар ва оилангизга файзу барака тилаб қоламан.

Байрамингиз муборак бўлсин! 



Report Page