Қандай қилиб ядро тиббиёти хаётни сақлаб қолишда ёрдам беради?

Қандай қилиб ядро тиббиёти хаётни сақлаб қолишда ёрдам беради?

Clearenergy

Соғликни сақлашда ядро технологияларининг аҳамиятини баҳолаш қийин, чунки “шифобахш атом” бугунги кунда жиддий касалликларга чалинган одамларнинг ҳаётини сезиларли даражада ўзгартириши мумкин. ЖССТ маълумотларига кўра, онкологик касалликлар дунёдаги ўлимнинг асосий сабаблари рўйхатига киритилган: ҳар йили 19,3 миллион кишида биринчи маротаба касаллик ташхиси қўйилади, улардан курбонлар 10 миллионни ташкил этади. Агар глобал ўлим ҳолатларининг асосий сабабчиси бўлган кардиология ҳақида гапирадиган бўлсак, бу ердаги кўрсаткич янада ачинарли - йилига 17,9 млн одам.

Саратон касаллигини аниқлаш ва даволаш усуллари сўнгги йигирма йилликда, асосан, ядро технологияси ва атом соҳасидаги ютуқлар туфайли сезиларли даражада ривожланган. Бугунги кунга келиб жуда кўплаб тиббиёт марказлари айнан ядро технологиялари асосида касалликларга ташхис қўйиш ва даволашни афзал деб билмоқдалар. Шу билан биргаликда бундай услубга беморлар тарафидан ҳам талаб сезиларли даражада ошиб бормоқда. Тошкентдаги “New Life Medical” ядро тиббиёт марказининг биргина мисолида шуни айтиш мумкинки, фақат сўнгги тўрт йил давомида позитрон эмиссия томографияси ёрдамида 15 мингдан ортиқ беморларда онкологик касалликлар аниқланган. Биз ядро тиббиёти ёрдамида ташхис қўйиш ва даволаш тамойиллари қанчалик хавфсиз ва самарали эканлиги, Ўзбекистонда нималар мавжудлиги ва нима учун мамлакатда ядро тиббиёти соҳасини ривожлантиришда катта маъно ва сабаб борлигини кўриб чиқамиз.

Атом ёрдамида аниқ ташхис қўйиш имконияти

Ядро технологиялари диагностик тасвирлаш жараёнларида кенг қўлланилади. Унинг энг катта йўналишларидан бири бу радионуклидларни ўрганишдир. Бу ерда изотоп маҳсулотлари тананинг ёки маълум бир органнинг ҳолатини ўрганиш учун қўлланилади. Жараён кўп вақт талаб қилмайди, оғриқсиз ва тана учун хавфсиздир. Масалан, позитрон эмиссия томографияси (ПЕТ/КТ), маҳсус сканерлаш мосламаси ёрдамида саратон касаллигини аниқлаш имконини беради ва энди пайдо бўлаётган аниқ жойини, давом этаётган жараёнларни ҳамда ўсма ривожланиш босқичини аниқлаб беради. Шу мақсадда маҳсус радиоактив фармакологик препарат флородеоксиглюкоза - ФДГ (F-18) қўлланилади. Изотопли препарат томир орқали беморнинг қонига юборилади ва текширилаётган органга етиб боради. Саратон ҳужайралари томонидан зарарланган орган изотопни ўзига сингдириб олади. Препарат киритилгандан бир соат ўтгач, бемор маҳсус хонага юборилади, у ерда у сканердан ўтказилади ва суратга олинади. Бутун жараён тахминан 2 соат давом этади. Изотопнинг энергияси танадаги зарарланган ҳужайраларни аниқлаш ва "белгилаш" имконини беради. Кўп рангли тасвирлар - ФДГ тўпланиш даражасига қараб - радиация бўйича мутахассислар томонидан "кўриб чиқилиши" мумкин, улар хулоса бергач онкологлар ушбу хулосалардан келиб чиқиб даволаш жараёнини режалаштирадилар.

Тўғри ташхис қўйиш даволанишнинг деярли ярмини ташкил қилади. Ядро технологиялари даволашда ҳам самарали бўлиб, бу ерда асосий афзаллик зарарланган органни "нишонга олиш" ҳисобланади.

"Русатомҳелскеа" ОАЖ бош директори Игор Обрубов ядро тиббиётининг имкониятлари ҳақида шундай фикр билдиради: "Терапия ҳақида гап кетганда, онкологияда ядровий тиббиёт кўпинча касалликнинг турли босқичларида бўлган беморлар учун қўлланилади. Агар илгари ташхис шифокорнинг сезгир бармоқларига боғлиқ бўлган бўлса, бугунги кунда танадаги ҳар қандай ички ўзгаришларни энг янги технологиялар ёрдамида кўриш ва аниқлаш мумкин".

Фойдали радиоизотоплар

Изотоплар ёки радионуклидлар ядровий тиббиётда диагностика ва даволаш учун ишлатилади. DOE (АҚШ), SCK-CEN (Белгия), NRG (Нидерландия), ANSTO (Австралия) миллий корпорациялари жаҳоннинг етакчи изотоп етказиб берувчилари ҳисобланади. Росатом давлат корпорацияси (Россия) ҳам бозорнинг бешта энг йирик иштирокчиларидан биридир.

Ўзбекистонда радиоизотоплар Ўзбекистон Фанлар академияси Ядро физикаси институти (ЯФИ) таркибига кирувчи "Радиопрепарация" давлат корхонасида ички ва ташқи бозор учун ишлаб чиқарилади. ЯФМ олимларининг фикрига кўра, турли касалликларга ташхис қўйиш учун энг кенг тарқалган ва универсал изотоп радионуклид технеций-99 ҳисобланади. Ушбу изотопнинг инсон танасига радиация таъсири рентген нурларидан юз баравар кам. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган яна бир изотоп – йод-131 бўлиб у қалқонсимон без саратонини даволашда қўлланилади. Самарий-153 изотопи оксабифор оғриқни йўқотиш ва суяк касалликларини даволаш учун ишлатилади.

Ўзбекистонда бир қанча тиббиёт муассасаларида радиоизотоп диагностикасидан ўтиш мумкин. Улардан бири Тошкент шаҳридаги "Янги ҳаёт" ядро тиббиёти маркази бўлиб, 2018-йилдан буён фаолият кўрсатмоқда.Ўшандан буён 15 мингга яқин кишига ташхис қўйилган. Диагностикасидан ўтиш нархига келсак, жорий йил бошидан буён бутун танани ПЭТ кўригидан ўтказиш тахминан 4 миллион сўмни ташкил этади. Бу хориждаги текширувларга қараганда анча қулайроқ хисобланади, чунки хорижда фақатгина тиббий хизматлар учун пул тўлашдан ташқари сизга бошқа давлатда виза, парвоз, овқатланиш ва турар жой нархини режалаштириш каби харажатларни амалга ошириш керак бўлади.

Ядро тиббиёти имкониятлари

Ядро тиббиёти нисбатан ёш соҳадир. У фақат 1970-йилларда шаклланган. Бугунги кунда дунёнинг турли ерларида истиқомат қилувчи аҳоли ушбу технологиялардан фойдаланиш имкониятига эга. Шунингдек, улар кўпинча бемор учун эрта ва тўғри ташхис қўйиш ҳамда даволаш орқали ҳаётини сақлаб қолиш учун ягона имкониятлардан биридир. Мутахассисларнинг фикрича, диагностика учун ядро тиббиёти маҳсулотларидан фойдаланишнинг кенг тарқалиши ва радиоизотоплар ишлаб чиқаришда қўлланиладиган янги ускуналарнинг тасдиқланиши талабнинг ўсишига туртки бўлади.

ММФИ Миллий тадқиқот ядро университети таҳлилчиларининг фикрича, глобал ядро тиббиёти бозори 24 миллиард долларни ташкил этади ва 2030 йилга бориб 43 миллиард долларгача ўсиши кутилмоқда. АҚШ бугунги кунда етакчи бўлиб, жаҳон бозорининг 40 фоизини эгаллайди. Энг яқин рақобатчилар эса Япония ва Германиядир.

Россияда Росатомнинг бўлинмаси бўлган Русатом Хэлскеа тиббиётда тинчлик мақсадидаги атом технологияларини ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Олимлар, муҳандислар ва шифокорлар билан биргаликда компания нафақат диагностика ва даволашнинг янги ечимларини ишлаб чиқади, балки радиация ва брахитерапия учун тиббий асбоб-ускуналар ишлаб чиқаради, ядровий тиббиёт марказларини яратади ва тиббий асбобларни қайта ишлаш ҳамда стерилизация қилиш бўйича кўп функцияли марказлар тармоғини қуради.

Ўзбекистонга келсак, "Янги ҳаёт" тиббиёт маркази раҳбарларининг фикрича, яқин 10 йилда мамлакатимизда ядро тиббиёти фаол ривожланади. Бу яқин келажак учун эълон қилинган режалардан яққол кўриниб турибди. Амалдаги замонавий тиббий циклотрондан ташқари, марказ Фастлаб-2 термоядровий модулини янгилаш ва бошқа ПЕТ/КТ ўрнатиш орқали ФДГ ишлаб чиқаришни икки баробардан кўпроқ кенгайтиришни режалаштирмоқда. Бундан ташқари, "New Life Medical " Ядро тиббиёти маркази тез орада 220 нафар беморни даволашга мўлжалланган, тўртта Varian TrueBeam чизиқли тезлатгичга эга радиация терапияси бўлими ва хавфли ўсмаларни даволаш учун иккита брахитерапия ускунасига эга янги онкология клиникасини фойдаланишга топширади. 

 



Report Page