Қайта тикланувчи ва водород энергетикаси соҳаларида илмий-тадқиқот лойиҳаларини молиялаштириш учун 4 та лойиҳа доирасида жами 1,78 млрд. сўм ажратилди

Қайта тикланувчи ва водород энергетикаси соҳаларида илмий-тадқиқот лойиҳаларини молиялаштириш учун 4 та лойиҳа доирасида жами 1,78 млрд. сўм ажратилди

https://t.me/Rasmiy_xabarlar_Official


Бу ҳақда АОКАда Инновацион ривожланиш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Назокат Абдуқундузова иштирокида ўтказилган брифингда маълум қилинди.

https://t.me/aokamediakontent

✔️ Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан Канада, Голландия, Испания, Германия, Италия, Австралия, Жанубий Корея, Буюк Британия, АҚШ каби давлатларнинг муқобил энергетикани ривожлантириш соҳасидаги сиёсати ва илғор тажрибалари ўрганилди.

Водород – идеал ёқилғи бўлиб,  биринчидан, у борлиқдаги энг кенг тарқалган элемент саналади. Иккинчидан, унинг ёнишида катта миқдорда энергия ҳосил бўлади ва бирор-бир зарарли газлар ажралиб чиқмайди, фақат тоза сув ҳосил бўлади. Инсоният водород энергетикасининг афзалликларини анча олдин англаб етган, бироқ йирик саноат кўламида ундан ёқилғи сифатида фойдаланиш йўлга қўйилмаган. Бунга сабаб – ер юзида водород тоза ҳолда учрамайди, кимёвий бирикмалардан ажратиб олинган водород эса қазилма углеводородлардан анча қиммат.

Қайта тикланувчан энергия манбалари қўлланилишининг ривожланиши “яшил водород” олиш учун шароит яратди, янги технологиялар ривожланиши эса олинадиган водороднинг арзонлашиб боришига сабаб бўлмоқда. Бунда қайта тикланувчи манбалардан олинган энергия ҳисобига электролиз усули билан сувни парчалаб олинади.

Ўрганиш натижасида вазирлигимиз “Водород технологиялари” илмий-тадқиқот маркази ташкил қилиш таклифини ишлаб чиқди. Таклиф асосида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида қайта тикланувчи ва водород энергетикасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-5063-сон қарори билан  Энергетика вазирлиги ҳузурида Қайта тикланувчи энергия манбалари миллий илмий-тадқиқот институтини ва Водород энергетикаси илмий-тадқиқот маркази ташкил этилди.

Марказ ва республиканинг бошқа илмий ва ўқув муассасалари олимлари томонидан водород энергетикаси йўналишида амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар водород ишлаб чиқариш, сақлаш, узатиш ва ундан энергия заҳираси сифатида фойдаланиш технологияларини ривожлантириш, янги технологиялар яратишга йўналтирилган бўлиб, шу жараёнларнинг арзонлашувига олиб келишига қаратилган. Бунга ҳозиргача водород технологияларида қўллаб келинаётган қимматбаҳо ва нодир материаллар ўрнига арзон материаллардан фойдаланиш, янги кашф этилган қотишмалар ёки янги структурали моддалар (мисол учун, графен), нанотехнологиялардан фойдаланиш орқали эришиш кўзда тутилган.

Ҳозирга қадар инновацион ривожланиш вазирлиги водород энергетикаси технологиялари соҳасини ривожлантириш мақсадида водород соҳасида фаолият юритаётган ёш олим ва мутахасиссларнинг хорижнинг етакчи илмий муассасаларида стажировка ўташини молиялаштирмоқда. Институтининг қайта тикланувчи ва водород энергетикаси соҳаларида амалий ишланмаларни яратишга қаратилган илмий-тадқиқот лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида вазирлик томонидан 4 та лойиҳа доирасида жами 1,78 млрд. сўм миқдорида маблағ ажратилди.

2021-2022 ўқув йилидан бошлаб, Тошкент давлат техника университетининг “Муқобил энергия манбалари (водород энергетикаси)” мутахассилиги қабул квотаси оширилди ва 3-курсдан бошлаб шу мутахассисликнинг 10 тасини “Водород энергетикаси” йўналишига ихтисослаштирилди.

Шунингдек, Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан иқтисодиёт тармоқларида “яшил” водород технологияларини жорий этиш бўйича пилот лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда тажриба-синов қурилмаларини барпо этишга таъсирчан имтиёзларни жорий қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.

2022 йил 25 майда Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган “Водород энергетикаси технологиялари соҳасида водородни олиш, сақлаш ва ташиш технологияларини яратиш бўйича илмий-тадқиқот ишлари дастури” Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланди.

Дастурга мувофиқ қуйидагилар амалга оширади:

1) Қуёшнинг мужассамлашган ёруғлик оқимининг иссиқлиги таъсирида ва катализаторлар ёрдамида водород олиш технологияси яратилади ва унинг асосида 1700 0Сгача ҳароратда термокимёвий усулда водород олиш қурилмасининг тажриба намунаси ишлаб чиқилади;

2) Сувни электролиз усулида парчалаб, водород газини ажратиб олиш жараёнида қўлланиладиган маҳаллий хомашёдан катализатор турлари яратилади;

3) Водород газини сақлашга мўлжалланган маҳаллий хомашёдан фойдаланган ҳолда металгидридлар намуналари яратилади ҳамда уларда сақланаётган водородни ажратиб олиш ва қўллаш технологияси ишлаб чиқилади;

4) Аммиак ва водородли ёқилғи элементларидан фойдаланган ҳолда водород газида ҳаракатланувчи транспорт воситасининг тажриба намунаси ишлаб чиқилади;

5) «Яшил» водород ёқилғисидан иссиқлик ва электр энергиясини олишга мўлжалланган тажриба-пилот қурилмаси яратилади.

6) Водород энергетикаси технологиялари сoҳасига оид стандартлар, регламентлар, қоидалар ишлаб чикиш ва уларни қўллаш бўйича услубиётлар яратилади.

Олиб борилаётган изланишлар натижасида водород ёқилғисидан фойдаланиш қазилма углеводород ёқилғиларидан фойдаланиш жараёнлари билан иқтисодий жиҳатдан рақобатлаша оладиган бўлгандан сўнг, водород энергетикасидан йирик саноат кўламида фойдалана бошланади.

Экспертларнинг прогнозларига кўра, 2050 йилга келиб жаҳон энергетикасидаги водород энергиясининг улуши 18 фоиз, аср сўнгига келиб 40 фоиздан ортиқни ташкил этиши кутилмоқда.

Қўшимча малумот:

Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг деярли 90 фоизи қазиб олинадиган углеводородлар ҳисобига ишлаб чиқарилади (86% - газ, 4% - кўмир ва мазут). Ўзбекистон Иқтисодий тадқиқотлар марказининг маълумотларига кўра, ресурсларни истеъмол қилишнинг ҳозирги тенденциялари ва ҳажмлари сақланиб қолган тақдирда, Ўзбекистонда қазилма углеводород захиралари кейинги 20-30 йилга етади. Шу сабабли қайта тикланувчи энергия манбалари (ҚТЭМ)дан фойдаланишга бўлган талаб ортиб бормоқда.

Ўзбекистонда ҚТЭМ турларидан қуёш ва шамол энергетикасининг техник салоҳияти йилига 179 млн тонна нефт эквивалентига тенг деб баҳоланади. Бу, мамлакатда бир йилда қазиб олинадиган углеводородлар хажмидан 3 баробар кўпроқ. Бироқ уларнинг ривожланишига тўсқинлик қилаётган қуйидаги омиллар мавжуд:

- қуёш фотоэлектр станциялари фақат кундузи – булутсиз ва кам булут бўлган вақтда ишлаб, Ўзбекистон ҳудудларида йилига 1500-2200 соат (йилнинг 17-25 фоиз вақт давомида) энергия беради;

- шамол электр генераторлари фақат шамол тезлиги 5-6 м/с дан юқори бўлган вақтда ишлаб, республикада йилига 3200-4300 соат (йилнинг 35-50 фоиз вақт давомида) энергия беради;

- ҚТЭМ ҳисобидан ишлаб чиқариладиган энергия миқдори пасайганда буни бошқа манбалар ҳисобига компенсациялаш талаб этилади. Мамлакат энергия балансида ҚТЭМлар улуши 5-7 фоиздан ошган тақдирда тезкор компенсацияловчи заҳира қувватларига талаб ошади;

- тезкор заҳира сифатида иссиқ ҳолда ушлаб туриладиган иссиқлик электр станцияси блокларидан, кимёвий аккумляторлардан фойдаланиш, етказиб бериладиган ҳар бир киловат-соат электр энергияси таннархининг ошишига олиб келади.

Ўзгарувчан ҚТЭМлардан олинадиган энергия миқдори кўп бўлганда, унинг бир қисмидан фойдаланган ҳолда сувни парчалаб, водород газини олиш ва ундан тезкор энергия заҳираси сифатида фойдаланиш (водород энергетикаси), республика энергия балансида ҚТЭМлар улушини сезиларли ошириш имконини беради.

1995 йилда Канада жаҳонда биринчи бўлиб шаҳар транспорт паркида водород ёқилғисидан фойдаланишни бошлаган.

2005 йилдан бошлаб шундай лойиҳалар Голландия, Испания, Германия, Италия, Люксембург, Исландияда давлатларида амалга оширилмоқда.

2018-2019 йилларда Австралия, Жанубий Корея, Германия, Буюк Британия, АҚШнинг айрим штатлари ўзининг Водород стратегияларини ишлаб чиққан ва тасдиқлаган.

Япониянинг Водород дастурига мувофиқ, 2020 йилда 1,4 млн дона, 2030 йилга келиб 5,3 млн дона водородли ёқилғи элементларини фойдаланишга топшириш кўзда тутилган.

Report Page