Қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш комплекс дастури маъқулланди

Қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш комплекс дастури маъқулланди


Ўзбекистон Республикаси Президенти “Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. 

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ҳамда қуйидагиларни назарда тутувчи 2019-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасида иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини янада ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш комплекс дастури маъқулланди:

а) қуйидагиларни:

қайта тикланувчи энергия манбаларини янада ривожлантиришнинг мақсадли параметрларини тасдиқлаш, уларнинг улушини 2030 йилга бориб электр энергиясини ишлаб чиқариш умумий ҳажмининг 25 фоизидан кўпроғига етказиш;

иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини янада ошириш ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси”ни тасдиқлаш;

б) минтақаларда ижтимоий соҳа объектларини (таълим муассасалари, шу жумладан, мактабгача таълим муассасалари, соғлиқни сақлаш объектларини) энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш, шунингдек:

иссиқ сув ва электр энергияси билан таъминлаш учун замонавий қуёш фотоэлектрик станциялари ва қуёш сув иситкичларини (марказлаштирилган иссиқлик таъминоти тизимларига уланган объектлар бундан мустасно), шунингдек, энергия самарадор, шу жумладан, бивалент иситиш тизимларини босқичма-босқич ўрнатиш, хусусан, замонавий иссиқлик насослари ва рекуператорларини жорий этиш;

биноларнинг иссиқлик ҳимоя тизимини яхшилаш, икки камерали ва энергия самарадор дераза блокларини, светодиодли манбаларни ўз ичига олган сенсорли датчиклар, шунингдек, ҳаво рекуператорлари ва бошқа тизимларни ўрнатиш ҳисобига Нукус шаҳрида, вилоят марказларида ва вилоятларнинг шаҳарларида энергия истеъмолини камайтириш чора-тадбирларини амалга ошириш;

в) хусусий хонадонларда қуёш фотоэлектрик станциялари (ўртача 2 кВт) ва қуёш сув иситкичларини (ўртача 200 литр) ўрнатиш;

г) маиший истеъмолчиларнинг, шунингдек, юридик шахсларнинг ностандарт газ-горелкали қурилмаларини замонавий ва энергия самарадор газ-горелкали қурилмаларга алмаштириш;

д) Қуёш фотоэлектрик станциялари ва қуёш сув иситиш қурилмалари билан жиҳозлаш тавсия этиладиган давлат органлари ва ташкилотларининг маъмурий бинолари ва инфратузилма объектлари рўйхатини 3-иловага мувофиқ тасдиқлаш.

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети, Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг маблағлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг ўзларига тегишли маблағлари, шунингдек, халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг имтиёзли кредит ресурслари, хорижий донорларнинг техник кўмаги маблағлари (грантлари) Комплекс дастурнинг чора-тадбирларини молиялаштириш манбалари этиб белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Энергетика вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Комплекс дастурни амалга оширишга кредит ресурсларини ва техник кўмак маблағлари (грантларни) жалб этиш мақсадида халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат молия ташкилотлари ва хорижий донорлар билан музокаралар олиб боради.

Манба:kun.uz
@bnpz_uz