Қайта тикланувчи энергия манбалари электр тақчиллиги муаммосига ечим

Қайта тикланувчи энергия манбалари электр тақчиллиги муаммосига ечим

https://telegra.ph/

Бугунги кунда мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш, энергия самарадорлигини ошириш орқали республика ҳудудларида энергия тақчиллиги қопланишини таъминлаш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг жорий йилнинг 16-февралида “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги ПҚ-57 сонли Қарори Ўзбекистонда “яшил” иқтисодиётга ўтиш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш, энергия самарадорлигини оширишни жадаллаштиришни назарда тутади.

Ушбу қарорни тарғиб қилиш ва ижросини таъминлаш мақсадида давлат идоралари, ташкилотларда, маҳаллаларда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Бизнинг университетимизда ҳам президентимизнинг ана шу Қарорида белгиланган вазифалардан тўлиқ хабардор бўлиш, имкон қадар уни амалга ошириш учун ўз ҳиссасини қўшиш мақсадида ректор, профессор Х.Б.Юнусов ташаббуси билан “Ижтимоий-гуманитар фанлар, жисмоний маданият ва спорт” кафедраси профессор-ўқитувчилари томонидан тадбир ташкил қилинди. Тадбирни ушбу кафедра мудири, доцент Н.Н.Нарзиева олиб борди.

Тадбирда ректор Х.Б.Юнусов Қарор бўйича ўз мулоҳазаларини билдирди: Қарорнинг ижроси бўйича мамлакатимизда бир қатор ижобий ишлар амалга оширилаётганини, қарор ижросини ўз вақтида таъминлаш учун мутасадди вазирлик ва идораларнинг бу борадаги вазифалари аниқ қилиб белгилаб берилганлигини таъкидлаб ўтдилар.

Шундан кейин Қарорнинг мазмун-моҳиятини тўлиқроқ очиб бериш учун сўз кафедра катта ўқитувчиси О.Э.Ҳайдаровга берилди.

Маърузачи қарор мазмун-моҳиятини тақдимот слайдлари асосида қисқа ва лўнда тушунтириб берди. Жумладан, маърузачининг таъкидлашича, 2023 йилда умумий қуввати 4 300 МВт бўлган қайта тикланувчи энергия манбаларини ишга тушириш орқали қўшимча 5 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш ва бунинг натижасида 4,8 миллиард метр куб табиий газни иқтисод қилиш белгиланмоқда. Ушбу мақсадларга жами 15,4 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги маблағларни йўналтириш кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, 2023 йилда 20 мингта ижтимоий соҳа объектлари ва давлат идораларида кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатиш, 11 минг нафар тадбиркорнинг бино ва иншоотларида қуёш панеллари ўрнатиш ҳамда кичик фотоэлектр станцияларини барпо этиш режалаштирилмоқда.

Шу билан бирга, 2023 йил 1 апрелдан бошлаб қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатган жисмоний ва юридик шахсларга мол-мулк солиғи, ер солиғи ҳамда юридик шахслар томонидан умумий тармоққа сотган электр энергияси учун олган фойдасидан ҳисобланадиган фойда солиғини тўлашдан озод этилиши бўйича имтиёзлар берилмоқда. Имтиёзлардан яна бири 2023 йил 1 мартдан бошлаб ягона электр энергетика тизимига уланиш учун берилган техник шартларда кўрсатилган қувватдан юқори бўлмаган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини электр тармоқларига улашда қўшимча техник шарт олиш талаб этилмаслигидир.

Қарорда белгиланган муҳим жиҳатлардан яна бири бу 2023 йил 1 апрелдан бошлаб республика ҳудудларида аҳоли хонадонларига кичик қувватли қуёш панелларини ўрнатишни рағбатлантириш бўйича “Қуёшли хонадон” дастури амалга оширилишидир. 2023 йилда 37 минг аҳоли хонадонларида кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатиш режалаштирилмоқда. Дастур доирасида жисмоний шахсларга тегишли объектларда ўрнатилган қуёш панелларида ишлаб чиқарилган ва ўз истеъмолидан орттириб ягона электр энергетика тизимига узатилган электр энергиясининг ҳар бир киловатт-соатига давлат буджетидан 1000 сўмдан субсидия ажратилиши назарда тутилган. Шу билан бирга, ҳужжатда 2023 йилда фойдаланишга топшириладиган 765 та кўп қаватли уйларни қайта тикланувчи энергия манбалари билан таъминлаш режалаштирилмоқда. 2023 йил 1 майдан бошлаб эса фойдаланишга топшириладиган кўп қаватли уйлар томлари бўш қисмининг камида 50 фоизида қуёш панелларини ўрнатиш талаби жорий қилинмоқда. Жорий йил якунига кадар Навоий вилоятида 500 МВт бўлган шамол ҳамда Навоий, Самарқанд, Жиззах, Сурхондарё, Қашқадарё, Бухоро, Фарғона ва Тошкент вилоятларида умумий қуввати 3 647 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциялари қурилиши белгиланганлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

Мазкур ҳужжатнинг амалга оширилиши 2030 йилгача Ўзбекистон Республикасида “яшил” иқтисодиётга ўтиш ва “яшил” ўсишни таъминлаш дастуридаги муҳим стратегик мақсадларга эришиш имконини бериши билан бир қаторда мамлакатимиз аҳолиси ва иқтисодиёт тармоқларининг электр энергияга бўлган эҳтиёжини қоплашни янада яхшиланишига, минтақада энергетик барқарорликни ҳамда атроф муҳит мусаффолигини таъминлашга хизмат қилади. Тадбир сўнгида мавзу юзасидан қизғин муҳокамалар бўлди.


Ахборот хизмати

Report Page