Қадрли ватандошлар, Пискент аҳли!
Барчангизни бугунги улуғ айём - мусулмон аҳлининг қутлуғ байрами бўлган муборак Қурбон ҳайити билан табриклайман.
Асрлар давомида бағрикенглик, ҳайру саховат, меҳр-оқибат, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, ожизларга мурувват каби инсоний фазилатларни шакллантиришда ийд ал-Адҳа - Қурбон ҳайитининг ўрни ва таъсири беқиёсдир. Дину диёнатли, эътиқоди мустаҳкам халқимиз ҳам ҳайитни интиқлик ва катта тараддуд билан кутиб олди. Маҳаллаларда, хонадонларда қурбонликлар, ҳайрия тадбирлари бир-бирига уланмоқда. Ишонаманки, бошланган савоб амаллар бардавом бўлади.
Ҳаётда эзгу ва савоб амалларни бажариб, оиласи, фарзандлари, эл-юртининг бахту саодатини ўйлаб, ҳалол меҳнат қилиб яшаётган юртдошларимизга ушбу муқаддас айёмда сиҳат-саломатлик, тинчлик-хотиржамлик, оилаларингизга фаровонлик, бахту саодат тилайман!
Жонажон Ватанимиз, хонадонларимиздан тинчлик-осойишталик, файзу барака ҳеч қачон аримасин!
Эзгу амалларимиз ва интилишларимизда Аллоҳ таоло ҳамиша мададкор бўлсин!
Раҳимжон Рихсиев
Пискент тумани ҳокими