Қадрли ватандошлар!

Қадрли ватандошлар!

Buxoro.uz

Аввало, барчангизни Янги Ўзбекистон тарихидаги муҳим сана – 21-октябрь - Ўзбек тили байрами куни билан самимий муборакбод этаман.

Тил бениҳоя муқаддас ва мўътабар неъматдир.

У инсонни инсон сифатида шакллантирган, тараққиёт босқичларига олиб чиққан, руҳий такомилга бошлаган, тафаккур гулшанининг дарвозаларини очган сеҳрли бир жилодир.

Инсон она тили орқали дунёни ўзлаштиради, тарихини ўрганади, ўзлигини танийди, маърифатли бўлади. Шу тилда умр бўйи мулоқот қилади, фаолият юритади. Аслида бу ҳам катта бахтдир.

Ўзбек халқи ўз тарихи мобайнида она тилида иш юрита олмаган, нутқ сўзлай олмаган даврларни ҳам бошидан ўтказди. Ўзи яшайдиган маҳаллани, туғилган жойни ўз тилида номлай олмаган пайтлар бўлди.

1989 йил 21 октябрда она тилимизга давлат тили мақоми берилди, яъни “Давлат тили ҳақида”ги тарихий Қонун қабул қилинди. Бу – фикрни эркин баён қилиш ҳуқуқи ва катта имконият – она тилида гапириш, иш юритиш, ижод қилиш демакдир.

Аммо шундан кейин ҳам 30 йилга яқинроқ вақт ичида мамлакатда ўзбек тили ўзининг давлат тили сифатидаги мақомини тўла эгаллай олмади.

Ҳурматли Президентимиз – Шавкат Миромонович Мирзиёев 2019 йил 21 октябр куни ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигига 30 йил тўлиши муносабати билан “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги тарихий Фармонни имзолади. Мазкур ҳужжат мамлакатда давлат тилини ривожлантириш ишларининг янада жонланишига асос бўлди.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси, вилоятлар, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари тузилмаларида бевосита соҳа ривожи учун фаолият юритувчи маслаҳатчилар лавозими жорий этилгани, энг муҳими 21 октябрнинг Ўзбек тили байрами куни сифатида белгиланиши она тилимиз мавқеини ошириш, унинг чинакамига Давлат тили мақомига кўтаришда муҳим дастуриламал бўлди.

Бунинг натижасида ўзбек тили бутун дунёдаги тиллар қатори ўз ўрнига, обрў ва мақомига эга бўлди.

Бунга эса яқинда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти олий минбарида Ҳурматли Президентимизнинг ўз она тилимизда сўзлаган маърузалари мисолида яна бир бор гувоҳ бўлдик.

Муҳташам анжуманда тилимизнинг бошқа халқаро тиллар билан бир қаторда жаранг сочгани, тенглар ичида тенг бўлиб, ўз гўзаллигию улуғворлигини акс эттиргани барча миллатдошларимиз қалбига фахр ва ифтихор туйғуларини бағишлади.

Зеро, Президентимиз таъкидлаганларидек, “Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадриятдир”.

Ана шундай бебаҳо қадриятимиз ва неъматимизни асраш ва ривожлантириш эса барчамизнинг маънавий бурчимиздир.

Бу борада она тилимизнинг ўзига хос хусусиятларини тадқиқ қилаётган олимларимиз, унинг нозик жилоларини бадиий асарларда акс эттираётган шоир ва ёзувчиларимиз, давлат тили сифатидаги нуфузини қарор топтириш йўлида меҳнат қилаётган маслаҳатчиларимизнинг меҳнатлари алоҳида эътирофга лойиқдир.

Шу ўринда соҳадаги ишларнинг ўзига хос кўзгуси ҳисобланган “Қадринг баланд бўлсин, она тилим!” кўрик-танловида вилоятимиз вакиллари кетма-кет иккинчи йилдирки ғолибликни қўлга киритаётганлиги бухоролик барча тил фидойиларининг меҳнати эътирофидир.

Азиз юртдошлар!

Барчангизни яна бир бор она тилимиз байрами билан қутлаб, тилимиз равнақи йўлидаги хизматларингизга муваффақият тилайман.

Тилимиз мавқеи ва нуфузи доимо юксалиб, юртимиз тараққиёти бардавом бўлаверсин!

Жонажон Ватанимизга асло кўз тегмасин!

Ботир Зарипов,
Бухоро вилояти ҳокими

Report Page