Қадимий Варахша ёдгорлиги туризм манзилига айлантирилади

Қадимий Варахша ёдгорлиги туризм манзилига айлантирилади

Buxoro.uz

Бухоро азалдан мўъжизалар шаҳри, дея эътироф этилиб, у дунё мўъжизаси, ҳайрат маскани сингари номлар билан аталган. Бу бежизга эмас, албатта. Унинг қадимий шаҳар қўрғонлари жозибадорлиги, ғаройиблиги ҳамда инсониятнинг бемисл ақл-заковати билан бунёд этилган қасру саройлару ўзига хос меъморий ечимга эга.

Сайёҳу олимлар, меъмору тадқиқотчиларнинг диққат марказида бўлиб келаётган ана шундай ҳудудлардан бири вилоят марказидан 45 км узоқликда жойлашган, Жондор туманидаги Варахша археологик ёдгорлик мажмуасидир.

Вилоят ҳокими Ботир Зарипов ушбу қадимий шаҳарни бориб кўрди.

Ташриф доирасида вилоят раҳбарига Варахша шаҳри ёдгорлиги тарихи, унинг тадқиқот олиб борилган объектлари ҳақида маълумот берилди.

Манбааларда шаҳар Фарахший, Афразший, деб юритилган. Мозийнинг обод манзилгоҳи Варахша шаҳри тўғрисида Бухоро тарихчиси Наршахийнинг “Тарихи Бухоро” асари қимматли маълумот беради: Варахша подшоҳлар турадиган жой бўлиб, мустаҳкам қасрга эга бўлган. Унда обод бир қаср бўлган, гўзалликда уни намуна қилиб кўрсатар эдилар. Уни Бухорхудот бино қилган бўлиб, қурилганига минг йилдан ортиқроқ вақт ўтган.

Бухородан кўра қадимийроқ тарихга эга Варахша ундан 45 км шимоли-ғарбда, Дашти Урганжи кўлининг қадимги Ражфандун воҳасида жойлашган. Варахша вайроналарининг умумий ҳудуди 9 гектар майдонни эгаллаган бўлиб, баландлиги 10-20 метрли катта тепалик шаклида сақланиб қолган.

Буюк ипак йўли ёқасида жойлашганлиги сабаб, шаҳарга савдо карвонлари келиб турган. Манбааларда келтирилишича, ҳар 15 кунда Варахшада бир кун давом этадиган Наврўзи Кашоварзон (бозор сайили) – деҳқонлар янги йили нишонланган.

Бухорхудот ҳукмдорлари саналган Хотун подшо, Бидун, Тағшода ва унинг ўғли Қутайба, Бунёд ҳамда Хунукхудот даврларида шаҳар янада обод этилган. Варахша қалъасининг ўн бир жойида кузатув миноралари бўлиб, доимий соқчилик назорати йўлга қўйилган. Шаҳардаги бинолар ичида ҳукмдор саройи алоҳида ажралиб турган. Қасрдаги хоналар деворлари алоҳида-алоҳида нақшинкор безаклар билан зийнатланган. Саройнинг машҳур Қизил хонасида Фил минган шаҳзода, чокарларнинг қоплонлар билан олишуви, қанотли туя шаклидаги олтин тахтда ўтирган ҳукмдор тасвирланган бўлса, Кўк хонада катта тахтдаги баҳайбат ҳўкиз, уруш худоси ва қурбонлик қилиш саҳнаси тасвирланган. Бу бундан уч минг йиллар илгари заминимизда меъморчилик, тасвирий ва амалий санъат юксак даражада тараққий топганлигидан далолат беради.

Варахша саройидан топилган нодир монументал санъат асарлари, бўртма ганчкор суратлар ва бошқа муҳим ашёвий буюмлар музейларимиз тўридан жой олган бўлиб, аждодлардан авлодларга уларнинг буюк қудратини намоён этиб туради.

Варахша саройи фрескаларини тадқиқ қилиш, шаҳар эрамизнинг V асридан 11 асрига қадар бор бўлганини кўрсатади. Ҳозирги кунда ҳам Варахша харобаларида археологик қазишма, илмий тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Олимларнинг тахминича, Варахшадаги ҳаёт минтақада сувнинг етишмаслиги туфайли тўхтаб қолган. Қачонлардир эса бу ер Бухорога баробар жой бўлган. Бугунги кунда Варахша – бу харобалар, уларни кўриб узоқ ўтмиш ҳақида фикрлар уйғониши табиий.

Варахша шаҳридан топилаётган моддий ва маънавий буюмлар эса халқимизнинг илғор бунёдкорлик салоҳиятини намоён этади.

Ботир Зарипов қадимий ва ҳамиша навқирон Бухорога ташриф буюраётган чет эллик ва маҳаллий сайёҳларнинг сафар маршрутини янада кенгайтириш, уларни Варахша археологик ёдгорликлари билан батафсил таништириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш зарурлигини қайд этди.

Бундан ташқари, вилоят раҳбари Варахша тарихини илмий асосланган ҳолда чуқур ўрганиш, аждодларимизнинг асл ўтмиши ҳақида маълумотларни тўплаш ва ёш авлодга сингдириш бўйича тизимли ишларни олиб бориш кераклигини таъкидлади.

Шунингдек, вилоят раҳбари Қизбиби ёки Оғойи Бузрук аёллар хонақосида ҳам бўлди.

Зиёратгоҳ атрофини ободонлаштириш, республикамиз ва хорижлик сайёҳларни жалб қилиш учун ушбу бетакрор, ўзига хос тарихга эга мажмуани кенг тарғиб этиш лозимлигини таъкидлади. Бу борада муҳим вазифалар белгиланди.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Report Page