Қачонгача ҳукуматдан нолиймиз

Қачонгача ҳукуматдан нолиймиз


Табиийки, совуқ кунлар тушиши билан энергетика тизими, ундаги тақчиллик ва узилишлар кенг жамоатчиликнинг муҳокама марказидан ўрин олади. Мавсумга етарлича тайёргарлик кўрилганми? Нега табиий ресурсларимиз ўзимизга етмаяпти?.. Шу ва бошқа саволлар интернет тармоқларида қайта-қайта айланади. Хўш, мавжуд муаммоларнинг сабаб ва ечимлари қаерда?

Афсуски, “Танганинг иккинчи томони бор”, деганларидек, айрим юртдошларимиз орасида юрт ва жамият тараққиётига дахлдорликни ҳис қилиш ва ижтимоий масъулиятни янада ошириш ўрнига, “Ётиб қолгунча отиб қол” қабилида иш тутаётган инсофсизлар ҳамда уларнинг нопоклигига жим қараб турган, “ҳамма шароитни давлат қилиб бериши керак, барчасига давлат масъул, давлат назоратга олсин”, деяётган бефарқлар ҳам йўқ эмас.

Боиси, охирги пайтларда ОАВларда табиий газ ва электр энергияси тармоқларига ноқонуний уланиш ва улар билан боғлиқ исрофгарчилик ҳолатлари аниқланаётгани ҳақидаги хабарларга тез-тез гувоҳ бўляпмиз. Яқиндагина тарқалган шу каби хабарларга кўра, Бухоро, Самарқанд ва Навоий вилоятларида салкам 1 миллиард сўмлик газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланган. Биргина Бухоро вилоятида ўтказилган текширувда ҳудуддаги МЧЖга қарашли меҳмонхона биноси умумий фойдаланишдаги газ қувурига ўзбошимчалик билан уланиб, 495,4 миллион сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари фош этилган. Шунинг­дек, мамлакатимизда бир кунда 94 нафар истеъмолчи томонидан электр энергияси ва табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланганлиги ҳамда айрим фуқаролар томонидан майнинг крипто-активлари қурилмаларини ўрнатган ҳолда электр энергиясини ўғирлаб, инсофсизлик қилаётганлар ҳам учраб турганлиги жуда ачинарли ҳолдир.

Энергия ресурсларидан бу каби ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ қонунбузарликлар сони йилдан-йилга ортиб бораётганлигини ОАВ орқали ёритилаётган маълумотлардан англаш қийин эмас. Хусусан, 2023 йилнинг 7 ойида 335 миллиард сўмлик “свет” ва газ ўғирланган.

Шунингдек, ўтган йил декабрь ойининг 15 кунида айрим истеъмолчиларнинг электр энергияси ва табиий газдан ноқонуний фойдаланиши натижасида давлат манфаатларига 73 миллиард 274 миллион сўмлик зарар етказилганлиги ҳам ушбу ресурсларга талаб ортган пайтда улардан айрим “тадбиркор”ларнинг ноқонуний ва ўғринча фойдаланишлари тармоқларда ортиқча юкланишларга ҳамда энергия ресурслари таъминоти барқарорлигига жиддий таъсир кўрсатмоқда.

Афсуски, бундай мисолларни кўп­лаб келтириш мумкин. Уйимизда беш дақиқага чироқ ё газ ўчиб қолса, дарҳол ҳукуматдан нолиймиз. Ижтимоий тармоқларга чиқиб, раҳбарларни сўкишни ҳам боплаймиз. Аммо бир зум ўйлаб кўрайлик-чи, балки биз юқорида тилга олган, фош этилган улкан миқдордаги ўғирликлар, ўзлаштиришлар бўлмаганида, эҳтимол, минг-минг­лаб одамларнинг хонадонида газ билан чироқ бир сонияга бўлса ҳам ўчмасди. Биз санаганлар-ку, фош этилган ўғирликлар. Яна бир мулоҳаза юритиб кўрайлик, фош этилмаганлари қанча экан? Ахир бу тарздаги ўғирликлар ойдин тунда, якка-ёлғиз амалга оширилмайди. Аксинча, жуда кўпчилигимизнинг кўз ўнгимизда содир этилади. Наҳотки биз уларни кўрмаймиз? Кўрамиз! Кўрамиз... аммо миқ этмаймиз. Нари борса “Бу бизнинг ишимиз эмас, ҳукумат шуғуллансин”, деган баҳона билан қутуламиз-қўямиз. Демак... моҳиятан қараганда, ўша ўғирликка биз ҳам шерикмиз...

Ваҳоланки, давлат бюджети, мамлакатнинг табиий ресурслари халқ ризқи ва ҳақидир. Шундай экан, уни ботмонлаб ўмариш, талон-тарожлик ва порахўрлик каби чиркин иллатларга йўл қўйиш ва уларга бефарқ қараш бу юртга, миллатга нисбатан хиёнатнинг ўзгинасидир. Аслида Ватан тараққиёти ва аҳоли фаровонлигига салбий таъсир этаётган иллатларга ким, қаерда дуч келса, давлат мулкини, яъни халқ ҳаққини толон-тарож қилаётганларга нисбатан аёвсиз курашиши ва қонуний чора кўрилишига эришиши, бу йўлда шахсий ҳузур-ҳаловатдан воз кечиши – фуқаролик бурчи, инсонийликнинг оддий талаби эмасми? Бинобарин, одамни одам қилиб турадиган қадриятлар орасида ўзи туғилиб ўсган юрт тақдирига дахлдорлик, унинг яқин ва олис келажаги хусусида қайғуриш, халқининг эмин-эркин, тўкин яшамоғига ҳисса қўшишдек инсоний вазифалар ҳам бор.

Агар тараққий этаётган хорижий мамлакатларнинг эволюциясига қаралса, биргина “япон мўъжизаси” воситасида халқаро майдонда эътироф этилаётган Япония иқтисодиётининг бугунги эришилган ютуқлари оддий, бироқ кучли салоҳият, “темир” интизом, асл ватанпарварликка асосланган қоидалар туфайли, десак муболаға бўлмайди.

Тараққиёт, фаровонлик ҳамда қонун устуворлигини таъминлаш учун ватанпарварликка асосланган таъсирли жамоатчилик назорати бўлиши, бунда, аввало, ҳар бир шахс жамият аъзоси сифатида ижтимоий масъулиятни теран ҳис қилиши керак.

Зотан, ҳар биримиз шу жамиятнинг аъзоси эканмиз, демак, унинг фаровон турмуши, ривожига боғлиқ бўлган барча ишларда тенг масъулмиз. Бу борада, аввало, исрофгарчиликка йўл қўймаслик, ватанпарварлик ҳамда доимий ва кучли жамоатчилик назорати керак.

Қуатбой МИРЗАБОЕВ,

“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати

бўлим бошлиғи

Бизни кузатиб боринг:👇👇👇

@Gazeta_Adolat

Report Page