Қабулда аҳоли мурожаатларига ечим изланди
Ҳафтанинг ҳар шанба куни туман ҳокими Раҳимжон Рихсиев фуқароларни қабул қилиши анъанага айланган. Бугун, 5 декабрь куни туман ҳокими томонидан навбатдаги фуқаролар қабули бўлиб ўтди. Унда жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари юзасидан алоқадор корхона ва ташкилот раҳбарлари, тегишли банк масъуллари иштирок этишди.
Қабул давомида жами 79 та мурожаат рўйхатга олинди. Мурожаатларнинг аксариятини уй-жой кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, деҳқон хўжалиги ташкил қилиш учун ер ажратиш, тадбиркорлик қилиш, имтиёзли кредит олиш, мерос, уй-жой ажратиш, оилавий низолар бўйича масалалар ташкил этади.
Мурожаатлар мазмуни турлича бўлса-да, улар орасида тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидаги аёллар, ёшлар ҳам борлиги қувонарли.
Жумладан, "Бирлик" МФЙдан Н.Тожихонов, "Намуна" маҳалласида яшовчи А.Абдуманнобов, "Култепа"лик О.Хафизова, маиший хизмат кўрсатиш, давлат хусусий шериклик асосида боғча ташкил этиш истагида мурожаат қилди. Уларга тадбиркорлик фаолияти бошлаш, аукцион савдоларида қатнашиш, имтиёзли кредит шартлари бўйича батафсил маълумот берилди.
Шунингдек, деҳқончилик, чорвачилик билан шуғулланиш истагида бўлган фуқароларнинг мурожаатини ижобий ҳал этиш туман ҳокими қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари зиммасига юклатилди.
Аҳоли вакилларининг табиий газ тармоғига уланиш, электр таъминоти бўйича саволларига "Пискенттумангаз" ва электр таъминоти корхонаси раҳбарлари жавоб бердилар. Туман ҳокими мурожаатларни ҳал этиш бўйича аниқ муддат белгилади.
"Оқтом" маҳалласида яшовчи Х.З гўдак фарзанди бетоблиги сабабли амалий ёрдам сўраган. Мурожаат жойида ҳал этилиб, туман тиббиёт бирлашмаси шифокорлари кўриги ташкил этилди. Шунингдек, республика тиббий муассасаларида даволаниши учун зарур маблағ ажратилишда кўмак берилиши маълум қилинди.
Қабул давомида тегишли мутасаддилар мурожаатчи фуқаролар билан масала ечими борасида алоҳида суҳбатлар ҳам олиб бордилар.
Якунда туман ҳокими масъулларга ҳар бир масала атрофлича кўриб чиқилиши ва натижаси юзасидан ҳафта сўнгида ахборот киритилиши лозимлигини таъкидлади.
Пискент тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати