Қабристонда фарз ва нафл намоз ўқиш (3)

Қабристонда фарз ва нафл намоз ўқиш (3)

IxlosOrg

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ яҳудийларни ҳалок қилсин, улар пайғамбарларининг қабрларини масжид қилиб олдилар»[1].

Аллома Шавконий деди: «Қабр олдида Аллоҳга ибодат қилиш қабрни сиғиниладиган бут қилиб олиш даражасидаги иш эканига далолат қиладиган саҳиҳ ҳадислар келган. Имом Молик «Муватто»да келтирган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Аллоҳ, қабримни сиғиниладиган бут қилиб қўймагин! Пайғамбарларининг қабрларини масжидга айлантириб олган қавмга Аллоҳ қаттиқ ғазаб қилади[2], деганлар»[3].

Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этган касалликларида бундай дедилар: “Аллоҳ яҳудий ва насронийларни лаънатласин, улар пайғамбарларининг қабрларини масжид қилиб олдилар”». Ойша айтади: «Агар шу иш бўлмаганида у зотнинг қабрлари очиб, кўрсатиб қўйилган бўлар эди. Бироқ у зотнинг қабрлари масжид қилиб олинишидан қўрқилди»[4].

Ойша ва Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам (ўлим соати яқинлашиб) келган вақтда юзларига йўл-йўл ёпинчиқларини ташлаб олдилар, нафаслари бўғилиб кетгач, юзларини очдилар ва шу ҳолатда: “Яҳудий ва насронийларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин, пайғамбарларининг қабрларини масжид қилиб олишди”, деб, уларнинг қилмишларидан (умматларини) огоҳлантирдилар»[5].

Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Умму Ҳабиба ва Умму Салама Ҳабашистон заминида кўрган, ичида суратлар бўлган насронийлар ибодатхонаси ҳақида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида эслаганида, у зот бундай дедилар: “Ўша одамлар ичларида бирон солиҳ инсон ёки солиҳ банда вафот этса, унинг қабри устига масжид қуриб, бу масжидга ўша суратларни чизадилар. Улар қиёмат куни Аллоҳ таолонинг наздида энг ёмон одамлардир”»[6].

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Одамларнинг энг ёмонлари улар тириклигида қиёмат қойим бўладиган ва қабрларни масжид қилиб оладиган кишилардир”, деганларини эшитдим»[7].

«Қабрларни масжид қилиб олиш икки нарсани ўз ичига олади: қабр устига масжид қуриш ёки қабр устига бино қурмай, унинг ёнида намоз ўқиш.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни қўрқитган ҳамда саҳобалар у зотни қабрлари очиқ ва кўриниб турадиган ҳолатда дафн этишдан хавфсираган нарса шу эди. Яъни улар Пайғамбаримизнинг қабрлари олдида намоз ўқилиши ва кейинчалик масжид қилиб олинишидан қўрқдилар»[8].

«Зеро, қабрлар устига масжид қуриш мусулмонлар динидан эмас. Балки бу иш Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган саҳиҳ далиллар ва уммат имомлари иттифоқи билан тақиқлангандир. Қабрларни масжид қилиб олиш асло жоиз эмас. Бу иш қабр устига масжид қуриш билан бўладими, ёки қабр олдида қасддан намоз ўқиш билан бўладими, фарқи йўқ. Ислом уламолари бундан қайтариш лозим эканига иттифоқ қилганлар»[9].

[1] Ҳадис тахрижи 306-масалада ўтди.

[2] Ҳадис тахрижи 99-масалада берилди.

[3] «Ад-дуррун назид фий ихлоси калиматит тавҳид», 45-бет.

[4] Ҳадис тахрижи 181-масалада ўтди.

[5] Ҳадис тахржи 280-масалада берилди.

[6] Ҳадис тахржи 310-масалада берилди.

[7] Ҳадис тахрижи 348-масалада ўтди.

[8] Шайхулислом Ибн Таймия, «Мажмуъул фатово», 27/160.

[9] Аввалги манба, 27/488.


Report Page