ҚУТАЙБА, МАНГУБЕРДИ, БОБУР ҚОНХЎР ВА БОСҚИНЧИМИ?!
Ҳамидуллоҳ БерунийҚУТАЙБА, МАНГУБЕРДИ, АМИР ТЕМУР ВА БОБУР
ҚОНХЎР ВА БОСҚИНЧИМИ?!
I. ТАРИХИМИЗДАГИ АЙРИМ ҚАТЛИОМЛАР
Жалолиддин Мангуберди:
Шавкатли саркарда бобомиз Жалолиддин Мангуберди фақат мўғиллар билан жанг қилавермаган, унинг Гуржистонда гуржиларни, Озарбайжонда озари туркманларни қириб ташлагани ҳам тарих китобларида қайд қилинган. Масалан, у зотнинг хос тарихчиси бундай ёзади:
“Ушбу жангда тўрт минг гуржининг танаси заминга тўшалиб қолди. Барчасига гувоҳ бўлиб турган тупроқ уларнинг қонларига ташна бўлувди, қониб ича қолди. Подшоҳ (Жалолиддин Мангуберди) бир тепалик устида турди. Асир тушган гуржиларни эса банд қилиниб олдидан ўказилди, уларнинг чеҳралари надомат кўзёшлари билан булғанган эди. Бу гуноҳкорларни бирма-бир дўзахга юборилаверди, ҳатто кейинчалик Султоннинг чодирига келмоқчи бўлган киши уларнинг чор атрофни тўлдирилган ўлимтикларининг устидан оралаб келадиган бўлди...” (Нуриддин Насавий. Сийрати Жалолиддин ё Тарихи Жалолий / Таржима: Муҳаммад Али Носиҳ. – Теҳрон: “Интишороти Саъдий”, 1988. – Б. 101).
Ғарб тарихчилари бу ерда 10 минг гуржи қатл қилинганини ёзадилар. Ҳозирги гуржилар мазкур эркин таржимадаги “геноцид” ҳолатининг хунини талаб қилиб қолишмасин-да, ишқилиб!
Амир Темур:
Совет даврида Соҳибқирон Амир Темурни фақат қонхўр ва золим қилиб кўрсатилиб, унинг одам каллаларидан миноралар тиклатгани айтилар эди. Айрим араб ва турк муаррихлари ҳам уни яхшилик билан эслашмайди. Унинг калламиноралар тиклатгани ҳам рост, аслида. Темурийлар саройи муаррихи Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома”сида бундай дейилади:
“Бошқа куни ўша гиначилар изидан тушилди ва ҳар бирини яшириниб ётган жойидан топиб чиқарилди-да имтиқом тиғидан ўтказилди...Ўлдирилганларни аниқ билиб, ҳисоб-китоб қилинган эди, озроқ ривоятга кўра, Исфаҳон ташқарисида етмиш минг нафари тўпланди. Улардан бир нечта ўринда миноралар тикланди...” (Шарафиддин Али Яздий. Зафарнома. Факсимиле нашр / Таҳия ва танзим: Асомиддин Ўринбаев. – Тошкент: “Фан”, 1972. – В. 190б. – Б. 400).
Исфаҳонлик шунча бечора шаҳид кетганларнинг нима айби бор экан-а, деб турсак, буюк соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг 1372-1388 йилларда Хоразм устига бир эмас, икки эмас, беш марта ҳужум қилиб, ер билан яксон қилиб, халқини қириб ташлаганлари ҳам тарихда қолиб кетгани эсга тушиб қолиб, ўзимизнинг карагўзларга ачиниблар кетасан!
Бобур:
Муҳаммад Заҳириддин Бобур ҳазратларининг қурдирган калламиноралари ҳам бир эмас, ҳатто бир нечта, энг камида еттита бўлган:
1)“Ўзга черик (лашкар) элига фармон бўлдиким, ул юздин, бу юздин тўшлуқ-тўшидин юруб, бу афғонларни жазосиға еткургайлар... Бир замонда юз-юз эллик афғонни чопқулаб олиб, баъзисини тирик, аксарининг бошини келтурдилар... Тирик келтурганларни ҳам бўюнларини урдуриб, тушган юртта калламинора қўпорилди (тикланди)” (Заҳириддин Муҳаммад Бобир. Бобирнома. Академик нашр / Нашрга тайёрловчилар: П.Шамсиев, С.Мирзаев. – Тошкент: “Фан”, 1960. – Б. 185. – Б. 207).
2)“Тонгласин андин кўчуб, Ҳангуға тушулди... юз-икки юз мутамаррид (исёнкор) афғонларнинг бошларини кесиб келтурдилар. Мунда ҳам калла минора қўпорилди (тикланди)” (Бобирнома, 207-бет).
3)“Черик (лашкар)ни Жаҳонгир мирзоға бошлатиб юборилди...бориб бир замонда олиб, қатлиом қилиб, қалин бош кесиб келтурдилар...Баннуда ҳам калламинора қўпорилди (тикланди)” (Бобирнома, 207-бет).
4)“Яна бир бўлагини Носир мирзо отланиб, борисини қирди. Ўлган афғонларнинг бошидин калламинора қўпорилди (тикланди)” (Бобирнома, 267-бет).
5)“Бажур эли чун боғий эдилар, ислом эли била ёғий эдилар, бовужуди бағй ва душманлиқ куффор русуми бу эл ичида шойеъ эди ва ислом ойини ул хайл (қавм) орасида зойеъ бўлуб, қатлиомға бориб, аҳл ва аёллари тамом асир бўлди. Тахминан уч мингдин кўпрак киши қатлға борибтур...Ушбу Бажур жилғасида ўқ тушуб, бир баланддида калламинора буюрулди” (Бобирнома, 284-бет).
6)“Тенгри инояти била мундоқ номдор қўрғон... фатҳ бўлди. Чандирийнинг ғарби-шимол тарафидағи тоғнинг устида куффор (кофирлар)нинг бошидин калламинора қўпорилди (тикланди). Бу фатҳнинг тарихига “фатҳи дорулҳарб” лафзини таърих топиб эдилар” (Бобирнома, 407-бет).
7)“Баттол ҳиндларнинг ўлганларидан тепалар, бошларидан эса миноралар барпо қилинди” (Бобирнома, 394-бет).
Буларни ўқиб, “геноцид”га учраган бечора афғон ва ҳинд халқининг шунча кўргуликларига Бобур Мирзо бобомиз тузган давлати арзирмиди, деблар қўясан киши! Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг тарихдаги энг буюк хатоларидан бири эса юртга эга чиқаман ва султон бўламан, деган баҳонада душмандан ёрдам сўрагани бўлган, албатта. Яъни, у шиалардан паноҳ сўраб, улар ёрдами ва мададида Мовароуннаҳрни эгалламоқчи бўлган. Шу тариқа шиаларнинг Нажми соний деган лашкарбошиси билан бирга келиб, Қарши аҳолисини қирғин қилиб, қатлиом қилганини эслаб афсусланиблар кетасан, киши! Мовароуннаҳрни шиалар зулми ва ҳукмронлигидан шавкатли шайбоний султонлар асраб қолди...
Қутайба:
Қутайба ибн Муслим худди Жалолиддин Мангуберди, Соҳибқирон Амир Темур ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур сингари буюк ислом фотиҳларидан бири бўлиб, Мовароуннаҳрнинг фатҳ қилинишида лашкарбошилик вазифасини бажарган. Кейинчалик Мангуберди бобомиз Гуржистонда қилганидек у ҳам Хоразмда тўрт минг кишини қатл қилдиргани тарихдан маълум:
“Фил шаҳри (ҳозирги Қорақалпоғистондаги Беруний шаҳри) уларнинг энг мустаҳкам қўрғони эди. Хоразмшоҳ ўша ерга тушди. Қутайба эса дарёнинг бу томонида Ҳазораспда эди... Қутайбага тўрт минг асир тақдим қилинганди, уларни ўлдиртирди. Абдураҳмон (Қутайбанинг укаси, саркарда) қайтиб келганида Қутайба тахтига чиқиб ўтирди. Одамларга кўриниш берди. Асирларни ўлдиришга буюрди. Олдида минг, ўнг томонида минг, чап томонида минг, орқасида эса минг нафари қатл қилинди. Ўша куни шарафли зотларнинг қиличлари олиниб, у билан бошлар урилди. Унгача ҳеч ҳам кесилмаган ва жароҳат етказмаган қиличлар эди...” (Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир ат-Табарий. Тарих ат-Табарий – Таърих ал-умам ва-л-мулук / Таҳқиқ: Абу Суҳайб ал-Кармий. – “Байт ал-афкор ад-давлия”, 2000. – Б. 1250).
Лекин, муаррих Табарий бу ерда бошқача гап ҳам борлигини зикр қилади. Аслида, Қутайбани Хоразмшоҳнинг ўзи укаси унга қарши чиққани учун ёрдам сўраб чақиртирганини айтиб келганидан кейин, ўша қўшинда бўлган бир кишининг: “Қилич менинг қўлимда эди. Қутайба Хоразмшоҳга укасини ва унга қарши чиққанларни тутиб юборди, уларни у ўлдирди...”, деган гапни ҳам ёзиб қолдиради...
II. БАЪЗИДА ОДАМ ЎЛДИРИШ ШАРАФЛИ ВА САВОБЛИДИР!
Демак, юқоридаги маълумотлардан шу нарса маълум бўладики, Жалолиддин Мангуберди, Соҳибқирон Амир Темур ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва Қутайба ибн Муслим сингари фотиҳларнинг қатлиомларини хайрли ниятда амалга оширилган пайтда одам ўлдириш ҳам шараф ва савоб бўла олар экан! Ният хайр – оқибат хайр! Зотан, масалан, гоҳида жиноятчини жисмонан йўқ қилиб ташлаш тирикларга нисбатан хайрихоҳлик ва яхшилик бўлади. Юқоридаги қирғинлар эса исломий фатҳ ниятида амалга оширилган эди. Буни ўша пайтда ёзилган фатволар ҳамда фатҳномалар ҳам тасдиқлайди. Шайх Саъдий Шерозий айтади:
На беҳукми шаръ об хўрдан хатост,
Агар хун ба-фатво бирезий равост!
Мазмуни: Найинки шариат ҳукмисиз сув ичиш хато, балки агар фатво билан қон тўксанг ҳам раво бўлади!
III. ТАРИХГА ВА ҲОЛАТГА БАҲО
Аслида, тарихдаги бирорта шахсга, воқеа ва ҳодисага, ҳолат ва вазиятга бугунги кун ҳолати ва вазияти, сиёсати ва тузуми, тафаккур ва мафкураси, қайси халққа ёки дунёқарашга мансублиги билан қараб баҳо бериш мутлақо нотўғридир!
Тарихдаги ўтган кишилар ёки ҳолатлар тўғрисида юз ёки минг йиллардан кейинги берилган баҳолар ҳамиша субъэктив бўлиб, ҳақиқатни тўла акс эттирмайди. Бир халқнинг қаҳрамони бошқа халқ учун душман бўлиши мумкин. Бир ҳолат биров томонидан ижобий тасвирланса, бошқа биров томонидан салбий ифодаланиши мумкин. Ҳатто ҳозирги ҳолатнинг ҳозирги талқини ҳам субъэктив бўлади. Хусусан, сиёсий воқеалар ва ҳодисаларнинг тарихчилар ва сиёсатчилар томонидан талқин қилиниши ҳамиша ва доимо худди шундай бўлади.
Ҳақиқат эса Аллоҳдир. Дунёдаги ҳақиқатлар Яратган ҳузурида маълум бўлади.
IV. ФАТҲ ВА БОСҚИНЧИЛИК ҲАҚИДА
Мусулмон тарихчилари мусулмонлар томонидан бирор жойнинг босиб олиниши ёки ўз ерига қўшиб олиниш ҳолатини, масалан юрт, давлат ва қалъаларни забт этишни “фатҳ” (“очиш”) деб аташади. Яъни, салбий маънодаги босқинчиликни ижобий маънодаги фатҳ сўзи билан ифода қилишади. Чунки буларнинг ҳаммасини хайрли савоб ниятида, бошқаларга яхшиликни мажбурлаб бўлса-да етказиш мақсадида амалга оширилади.
Соҳибқирон Амир Темур юришлари, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг Ҳиндистонни забт қилгани, Буюк Усмонийларнинг Европани ўзларига бўйсиндиргани худди шу маънода фатҳ ҳисобланади. Масалан, Константинополнинг қадимий Византия империясидан босиб ва забт қилиб олиб қўйилиб, Истанбул деб аталиши 21 ёшли султон Муҳаммад Фотиҳга насиб қилди. Бу иш яхши бўлганми ёки ёмонми?!
Мусулмон бўлмаган тарихчилар ёки кимсаларнинг бу ҳолатларни босқинчилик деб аташларининг ҳамда фатҳ сўзи ўрнига босқинчилик сўзини тиқиштираётганининг аҳамияти йўқ!
V. ҚУТАЙБА КИМ ЭДИ?
Қутайба ҳамма ислом фотиҳлари каби бир фотиҳ эди. Мовароуннаҳрни фатҳ қилди. Мовароуннаҳр ислом сабабли, шундай фатҳлар сабабли гуллаб-яшнади, ислом сабаблигина илм-фан юксалди...
Гарчи археолог олимлар ва бир қанча кишилар Мовароуннаҳр исломдан аввал ҳам буюк бўлган эди, десалар ҳам, лекин ҳунармандчилик ва шаҳарсозлик ишидан бошқа исломдан аввалги бирорта илмий ишни, илмий асарни, исломдан аввалги илм одамининг номини, бирорта олимни ёки алломани кўрсата олишмайди!!! Китоблари йўқ қилинган бўлса, илмий асари йўқотилган бўлса-да, ҳеч бўлмаса бирортаси, асарнинг бир парчаси ёки номи қолиши керак эди-ку!
Шунинг учун ҳам, исломий фатҳни босқинчилик эмас, хайрли мақсаддаги фатҳ деймиз.
Қутайба 42-97 ҳижрий йилларда яшаган, ўзига яраша олим бўлган, ўз даврининг сара кишиларидан бири бўлган, Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтган энг яхши учта замон – “хайр ал-қурун”да ҳаёт кечирган. У саркарда эди. Унинг қўл остида, у билан Мовароуннаҳр фатҳи учун Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг амакиваччалари кабилар, саҳобалар, тобеъинлар ва табъа тобеъинлар бирга келишган, унинг ҳамма ишларида ёнида бўлишган, уни қўллаб-қувватлаб туришган.
VI. ИМОН-ЭЪТИҚОД МАСАЛАСИ
Қутайбага муносабат мусулмонлар учун имон-эътиқод масаласи эканини унутмаслик лозим!
Аввало, Қутайбани ёмонлаш ва унинг ишини ёмон кўриш у билан бирга келган ва уни қўллаб-қувватлаб турган саҳобалар, тобеъинлар ва табъа тобеъинларни ёмонлаш ва ёмон кўришга олиб келишини унутмаслик керак.
Иккинчидан, арабларни яхши кўриш ва уларни ёмон кўрмаслик севимли Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳурматидан имон тақозосидир. Имом Термизий бобомиз у зотнинг: “Арабларга ғазаблансанг, менга ғазаблангандек бўласан!”, деган ҳадисларини ривоят қилган (3927-ҳадис).
Учинчидан, халққа бировни яхши кўришини ёки бировни ёмон кўришини мажбурлаб бўлмайди. Халқ ўз қаҳрамонларини ўзи танлайди, халқнинг ўзи ихлос ёки нафрат қилишини ўзи белгилайди. Сохта қаҳрамонларнинг эса умри қисқа бўлади. Аллоҳ азиз қилганни ҳеч ким хор қила олмас, Аллоҳ хор қилганни биров азиз қила билмас! Шунинг учун, Шоҳи Зинда дея бир фотиҳ саҳобага ихлос қўйган халқ унинг фотиҳ саркардасига ҳам ана шундай ихлос қўяверади. Хуллас, халқнинг ихлоси ва эътиқодини бошқаришга уруниш шарт эмас!
VII. ҚУТАЙБА МАҚБАРАСИ ВА ЗИЁРАТГОҲИ
Қутайбанинг мақбараси минг йиллардан бери табаррук зиёратгоҳ бўлиб келмоқда. Уни ободонлаштириб қўйиш бугунги буюк давлат ва ақлли ҳукуматнинг иши бўлиши керак. Ўриснинг босқинидаги (фатҳ эмас, албатта) босқинчиларга мақбара тиклаган сиёсат буни ҳам қилиши зарур. Зотан, бу ерда ўткинчи сиёсатдан ҳам кўра минг йиллик диний ва миллий қадриятлар мавжуд. Шунингдек, давлат ва мамлакатнинг иқтисодий таянчи бўлган туризм Қутайба ота мақбарасининг муҳташам зиёратгоҳ қилиб қўйилишини вожиб санайди. Ҳар қалай, Будда ҳайкали ва Петра шаҳри сингари минг-минг йиллик бутларини портлатилганидек ёки ваҳҳобийларнинг не-не улуғ зиёратгоҳларни ва тарихий обидаларни йўқ қилганидек аҳмоқлик қилмаслик керак. Бу борада туризмни ривожлантириш керак, бўлди; бошқаси бекорлигини замоннинг ўзи кўрсатиб турибди.
Ҳамидуллоҳ Беруний.