ҚОРАКЎЛДА ҲАМ ИШБИЛАРМОН ВА ТАДБИРКОР АЁЛЛАР САФИ КЕНГАЙМОҚДА
Барча ерда бўлганидек, Қоракўл туманидаги 50 та МФЙларда ҳам эндиликда “маҳаллабай”, хусусан “еттилик” тизимлари фаолиятининг тўғри йўлга қўйилганлиги натижасида ҳудуддаги аёлларни ишбилармонликка жалб қилишда, уддабурон, шижоатли ва оқила аёллар сафини кенгайтиришда кутилган натижаларга эришилмоқда. Бугун қоракўллик хотин-қизлар ҳам ишлаб чиқариш, тадбиркорлик, фермерлик соҳаларида самарали меҳнат қилиб, юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқдалар.
Туман миқёсида биргина кейинги пайтда оилавий тадбиркорлик орқали ўзини ўзи банд қилиш истагида бўлган 1650 нафар ишсиз хотин-қизга умумий қиймати 16 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағларининг ажратилганлиги, , 658 нафар аёлга замонавий тикув машиналари, 49 нафарига инкубатор берилгани ҳолда 69 нафарига субсидия асосида иссиқхоналар қуриб беришга кўмаклашилганлиги ўз амалий натижасини бериб турибди.
O‘zLiDeP “Аёллар қаноти” фаолларидан иборат ишчи гуруҳлари ўрганишлари чоғида айнан шу ҳаётий жиҳатлар кўзга яққол кўзга ташланди.
Жумладан, ишчи гуруҳ аъзолари томонидан Дустлик МФЙ, Фурқат кўчасида яшовчи ишбилармон, тадбиркор аёл Мавжуда Хайитованинг фаолияти ўрганиб чиқилганда, 26 йиллик иш амалиётига эга бўлган бу аёл мингдан зиёд шогирдлар тайёрлаб, уларнинг эндиликда мустақил иш олиб бораётганликларига амин бўлдилар.
-МФЙдаги кам таьминланган хотин-қизлардан 11 нафарини доимий иш билан банд қилганлигим ўз натижасини бериб турибди-дейди тикув цехи раҳбари М. Ҳайитова.-Цехимизда асосан ёш юолалар ва хотин-қизларнинг барча турдаги либослари тайёрланади. Келгусида фаолиятимизни янада кенгайтирган ҳолда 40тага яқин янги иш ўринлари яратиш асосий мақсадимизга айланган.
Ушбу МФЙдаги “Дилкор-Транс-Голд” МЧЖ раҳбари Мавлуда Жумақулованинг бугунги фаолияти ҳам диққатга сазовор. У ўз фаолиятини 2018 йилда атиги 2 нафар аёл билан нон ва нон маҳсулотлари тайёрлашдан бошлаган бўлса, бугунги кунда бу ерда ҳудуддаги кам таъминланган, ишсиз аёллардан 21 нафари доимий иш билан таъминланган. Улар томонидан ишлаб чиқарилаётган ёғли кулчалар, патир, қолипли ва қора нон, турли хил ширинликларга кун сайин талаб ошиб бормоқда. МЧЖнинг қўшни Олот ҳамда Жондор туман марказларида ҳам филиаллари фаолият кўрсатмоқда.
Тумандаги “Қувача” МФЙда деҳқончилик билан шуғулланадиган аёллар, ишбилармон, тадбиркор хотин-қизлар кўпчиликни ташкил этади. “Мустақиллик” кўчасида яшовчи Рукия Авлиёкулова улардан биридир. Маълум бўлишича, туманда ўтказилган ким ошди савдосида 30 сотих экин майдонининг ютиб олинганлиги хонадон аъзолари томонидан иссиқхонани ташкил этган ҳолда помидорнинг “модера” ва бодрингни “орзу” турларини етиштириб, яхшигина даромадга эришиш имконини берди. Иссиқхонадан олинаётган даромад 1 йилда 17 млн сўмни ташкил этаяпти. Томорқа хўжалигида бундан ташқари картошка, булғор қалампири, бақлажон, карам ва турли кўкатлар ҳам етиштирилмоқда.
Шунингдек, МФЙнинг Соҳибқирон кўчасида яшовчи Нортол Рўзиева томонидан олиб борилаётган томорқачилик ва иссиқхона йўналишидаги кундалик фаолият билан ҳам ишчи гуруҳ аъзолари яқиндан танишдилар.
Ҳудуддаги “Кетмондуғди” МФЙ яшовчи Дилдора Хамдамованинг фаолиятида ҳам кейинги пайтда туб ўзгаришлар юз бермоқда. Бундан бирмунча вақт олдин МФЙнинг “Аёллар дафтари” рўйхатига киритилган бу аёл ўз ғайрат-шижоати ҳамда кўрсатилган молиявий кўмак туфайли унга ажратилган қўшимча тарздаги 15 сотихли иссиқхонада оила аъзолари билан бирга турли хил сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштириб келмоқда. Жумладан, поомидор ва бодринг экилган майдонлар иссиқхонада 4 сотих ерни ташкил этмоқда. Ушбу маҳсулотлардан олинган даромад шу кунгача 12 млн сўмга етган. Биргина ошқовоқнинг эртапишар навидан жами 15 млн сўмлик даромадга эришиш кутилмоқда.
Ушбу МФЙда яшовчи Мавжуда Болтаева фаолияти ҳам ишчи гуруҳи аъзолари эътирофига сазовор бўлди. 8 сотих экин майдонидан иборат иссиқхонада оила аъзолари саъй-ҳаракати билан етиштирилаётган помидор, бодринг, ошқовоқ, саримсоқпиёз маҳсулотларидан ҳар ойда салкам 30 млн сўмлик даромадга эришилиб, хонадон фаровонлиги таъминланмоқда.
Юқорида тилга олиб ўтилган тадбиркор ва ишбилармон аёллар фаолияти муносиб баҳоланиб, улар “Ишбилармон аёл-2024” кўрик-танловининг кейинги босқичларида иштирок этишга тавсия этдилар.