ҚОНУНЛАР МАЗМУН-МОҲИЯТИНИ ТАРҒИБ ЭТИШДА ДЕПУТАТЛАР ФАОЛ ВА ТАШАББУСКОР БЎЛИШИ КЕРАК

ҚОНУНЛАР МАЗМУН-МОҲИЯТИНИ ТАРҒИБ ЭТИШДА ДЕПУТАТЛАР ФАОЛ ВА ТАШАББУСКОР БЎЛИШИ КЕРАК


Муносабат. Куни кеча бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг саккизинчи ялпи мажлиси муҳим ижтимоий-сиёсий масалаларни ўзида ифода этгани билан тарихий аҳамиятга эга бўлди.

Мен ҳам Ёшлар парламенти аъзоси сифатида мазкур сиёсий мажлисда иштирок этар эканман, сенаторларимиз ва депутатларимиз томонидан юртимиз ҳаёти ва халқимиз турмуш фаровонлигини таъминлашга қаратилган қонун лойиҳаларининг муҳокамасини тинглаб, ўз олдимга аниқ ва истиқболли вазифаларни белгилаб олдим.

Бўлиб ўтган ялпи мажлисда сенат аъзолари томонидан 17 та масала, шу жумладан, 4 та қонун муҳокама қилинди.

Хусусан, мажлисда кўриб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалаларига оид фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисидаги масала ҳудудда экологик вазиятни янада барқарорлаштириш, мазкур ҳудудда истиқомат қилаётган аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш йўлидаги қабул қилинган дастур, давлатимиз Раҳбари томонидан Оролбўйига қаратилаётган эътибор яқин орада мавжуд муаммоларни бартараф этишда муҳим ўрин тутади.

Ялпи мажлисда Оролбўйи минтақасини ривожлантиришда парламент иштироки ва назоратини кучайтириш мақсадида Сенатда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитасини ташкил этиш, ушбу Қўмитанинг Низомини тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилингани эса ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш сари қўйилган дадил қадам бўлди, албатта.

Шунингдек, муҳокамалар марказида бўлган “Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам киритилаётган ўзгаришларининг муҳимлиги билан алоҳида аҳамият касб этди.

Жумладан, қонун билан киритилаётган ўзгартишларга асосан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда назарда тутилган эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш маъмурий ҳуқуқбузарлиги учун маъмурий жазо қўллаш ваколатини Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати билан бир қаторда ички ишлар органларига ҳам бериш назарда тутилди.

Қолаверса, сенаторлар томонидан маъқулланган мазкур қонунда транспорт воситалари ҳайдовчиларининг масъулиятини ошириш, санитария-эпидемиология назорати марказларининг ҳаддан ташқари даражасига эга бўлган иш юкламасини енгиллаштириш назарда тутилди.

Сенатнинг саккизинчи ялпи мажлисида “Жамоат хавфсизлигини таъминлашга доир қонун ҳужжатлари янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун ҳам муҳокама қилинди.

Сўнгра йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва соҳага оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама қилинди.

Сўнгра “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама марказида бўлиб, мазкур Қонун билан амалдаги 11 та қонун ва 2 та кодекс талаблари Солиқ кодексига мослаштирилаётгани кўриб чиқилиб, қизғин муҳокамалардан сўнг мазкур Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Ялпи мажлисда кўриб чиқилган ҳар бир қонун ва муҳокама этилган бошқа муҳим масалалар долзарблиги билан барчамизни, хусусан биз ёшларни дахлдорлигимизни оширди.

Биз депутатлар, Ёшлар парламенти аъзолари жойларда қонунларнинг қандай ишлаётганини назорат қилишимиз ва уларнинг ижросини таъминлашга ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшишимиз керак.

Бундан ташқари, ялпи мажлисда кўриб чиқилган қонунларнинг ва масалаларнинг мазмун-моҳиятини сайловчиларимиз ва кенг жамоатчиликка етказишда ўзимизнинг ташаббускорлигимиз ва фаоллигимизни кўрсатиш ҳам айни олдимизда турган вазифа, деб биламан.

Зеро, қонун устувор жамиятда тараққиёт ҳам бардавом бўлади.

Сардор ҒАФФОРОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Сенати ҳузурида ташкил этилган

Ёшлар парламенти аъзоси.





Report Page