ҚОИДАБУЗАР ҲАЙДОВЧИЛАРГА КЕСКИН ЧОРА КЎРИЛАДИ

ҚОИДАБУЗАР ҲАЙДОВЧИЛАРГА КЕСКИН ЧОРА КЎРИЛАДИ

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Ахборот хизмати

Бугун Telegram мессенжерининг турли гуруҳларида “Тошкент” автовокзалидан соат 14:50 да ҳаракатланишни бошлаган “Тошкент-Урганч” йўналишидаги “Uzautotrans Service” МЧЖга тегишли давлат рақами 01 305 СGA бўлган автобусда олинган суратлар пайдо бўлди. Ушбу суратларда автобус ҳайдовчиси барча ўриндиқларга чипта сотилган ва йўловчилар билан тўла бўлишига қарамасдан, корхона ички-тартиб қоидаларини ва ташувлар бўйича хавфсизлик қоидаларини қўпол равишда бузиб, йўл-йўлакай автобус салонига қўшимча йўловчиларни олган. Чиптасиз йўловчилар эса автобуснинг ўриндиқлар оралиғидаги йўлакка ўтириб олгани акс эттирилган. Бу эса ўз навбатида бошқа йўловчиларга ноқулайликлар келтириб чиқариб, уларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлган. Автобус салонида бўлган йўловчилардан бири мазкур вазият юзасидан “Тошкент” автовокзалининг ишонч рақамига қўнғироқ қилиб, ариза қолдирган.

Транспорт вазирлиги мазкур ҳолат юзасидан келиб тушган аризани зудлик билан “Uzautotras Service” МЧЖ раҳбарияти билан муҳокама қилиб, ташувлар бўйича хавфсизлик қоидаларини қўпол равишда бузган ҳайдовчи ва мутасадди ходимларга тегишла чоралар кўриш масаласини кўриб чиқмоқда.

Транспорт вазирлиги ўз навбатида бу каби қоидабузарликларни вақтида бартараф этишга қўшган ҳиссаси учун йўловчиларга минатдорчилик билдиради. Бугунги кунда Транспорт вазирлиги томонидан замон талабларига мос, сифатли автотранспорт хизматлари кўрсатиш мақсадида тизимли ишларни амалга ошириб келмоқда. Бироқ, афсуски ҳайдовчилар орасида ўзига билдирилган ишонч ва масъулиятни суистеъмол қилиб, юқоридаги каби қоидабузарликларни содир этиш билан боғлиқ ҳолатлар ҳамон учраб турибди.

Транспорт вазирлиги ҳурматли йўловчилардан ўз сафарлари давомида автобус ҳайдовчиларининг бу каби хатти-ҳаракатларига гувоҳ бўлган тақдирда вазирликнинг (71) 202 22 55 ёки 1167 қисқа рақамли ишонч телефонларига мурожаат этишларини сўраб қолади. Шунингдек, “Тошкент” автовокзалининг (71) 207 87 00 ҳамда “Uzautotrans Service” МЧЖнинг (71) 207 87 02 рақамларига қўнғироқ қилиб ариза қолдиришингиз мумкин. Транспорт вазирлиги фуқаролар билан тўғридан-тўғри алоқага киришиш ва бевосита жамоатчилик назоратини ўрнатиш орқали, ўз олдига қўйган мақсад ва вазифаларга эришиш, ислоҳотларни самарали амалга оширишнинг устувор йўналиши сифатида қарайди.

Report Page