ҚИРҒИЗОННИНГ ҚАРИЛАРИ

ҚИРҒИЗОННИНГ ҚАРИЛАРИ


Қирғизоннинг қарилари

 Қарсиллатиб қанд ейди. 

 Ким уларни содда кўрса,

 Адашади – панд ейди.


 Қирғизоннинг қарилари 

 Алдаш нима – билмайди.

 Шунинг учун саксонни ҳам

 Назар-писанд қилмайди.


 Қирғизоннинг қарилари

 Океанни кўрмаган.

 «Бошқа ерда ҳаёт – зўрми?» –

 Деб бировдан сўрмаган.


 Қирғизоннинг қарилари

 Қадрлайди тишлоғин.

 Ариқда сув оқиб турган

 Жаннат билар қишлоғин.


 Қирғизоннинг қарилари

 Туриб олар то бомдод.

 Хуфтондан сўнг ётиб олар,

 Ток ҳам бўлар иқтисод.


 Қирғизоннинг қарилари

 Бозорий нон емайди.

 Томорқада тер тўкару,

 «Давлат боқсин!» – демайди.


Султонмурод ОЛИМ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси 

«Жадид» газетаси 2024 йил 10 май 20-сон


Report Page