ҚИЛ УСТИДАГИ ТАҚДИР. 14-Бўлим.
Муаллиф: Азамат«Чевар қизнинг қисмати» 1-қисм.
Ўша ҳафта қайсидир газетада бир
йигитнинг шапалоқдек мактуби
босилиб чиқди. Йигит хатни нима
учун ёзгани, газета нега чоп этгани
тушунарсиз бўлса-да, шифохона
шифтига термулиб ётган Лобарни
қизиқтириб қўйди. Сарлавҳа шундай
эди: “Севгилим ғойиб бўлди”.
Шифохонага тушганидан бери Лобар,
ҳатто истеҳзоли ҳам
кулимсирамаганди, туйқус лабида
синиқ кулги жилваланди. “Севгилиси
қаёққа йўқолади? Ошиқ йигит
васвасага тушгандир, аммо газета
унинг ёзганларини жиддий хат
сифатида халққа ҳавола этганини
қаранглар!..”
Лобар дастлаб мактубга шунчаки кўз
югуртирди. Ҳаял ўтмай синчиклаб ўқий
бошлади: “Қишлоғимиздаги Ҳанифа
исмли қизга ишқим тушди.
Муҳаббатимиз ҳам, муносабатимиз
ҳам афсоналардагидек эмасди, шунга
қарамай бир-биримизсиз
яшолмаслигимизни юракларимиз
сезарди. Ҳанифа билан охирги
учрашганимда эски гапини, яъни
турмушга чиқмаган опаси борлиги
сабаб ундан олдин остонани босиб
ўтмаслигини айтди. Аслида ота-
онамнинг ҳали-вери тўй қилишга шарт-
шароити йўқ эди. Ҳанифа икки-учта
хонадонлар совчи қўймасдан, ҳозирча
онасидан пинҳона сўраётганларини
гапирганида эса ростмана
ташвишландим. Отаси вафот этган
эди. Севгилим тикувчилик қилиб
оиласига моддий жиҳатдан
қарашарди. Агар опаси турмушга
чиқса, Ҳанифага совчилар ёпирилиб
келишини, ногирон онаси ортиқ
раъйига қараб ўтирмаслигини ҳам
тушундим. Тошкентга бориб ишлашга,
тўйга пул йиғишга аҳд қилдим. Ҳанифа
телефон тутмас эди. У билан ҳар
замонда бирор дугонасининг телефони
орқали гаплашардик. Орадан уч ой
ўтиб, қишлоққа келсам, Ҳанифа уйида
йўқ экан. Қўнғироқлашмаганимизга
бир ойдан ошганди. У қўшни
қишлоқдаги дугонаси билан Тошкентга
ишга кетганини эшитиб ҳайрон
қолдим. Менинг Тошкентда эканимни
билади-ку, нега бехабарман? Бироқ
ҳеч ким менга тикувчилик цехининг
манзилини аниқлаб беролмади.
Билганим шуки, Ҳанифа Чилонзордаги
цехлардан бирида ишларкан. Шундан
сўнг қўшни қишлоққа бордим.
Дугонаси уйида юрганини, Тошкентга
ишга қайтмаслигини билиб янада
ҳайратландим. У Ҳанифа ишда
қолганини айтганида, кўнглимга шубҳа
оралади. “Қаерда ишлардиларинг?”
деб сўрадим. “Бошқа цехда эдим,
Ҳанифанинг иш жойини онасидан сўранг, мен билмайман”, деб қуруқ ва
қисқа жавоб берди.
Табиийки, онасидан сўраёлмасдим.
Онаси қандайдир мунғайиб қолганини
бир дўстим гапирганида, ҳаётимда
жиддий муаммо туғилганини
англадим. Гўё онани Ҳанифанинг
дарди емираяпти-ю ҳеч кимга оғиз
очолмаяпти. Тошкентга келиб,
Чилонзордаги ҳамма цехлардан уни
суриштириб чиқдим, ҳеч қаердан
тополмадим. Ҳурматли таҳририят! Бу
сизларга ғалати туюлаётгандир, лекин
мен ташвишдаман. Унинг на эри, на
акасиман, очиқдан-очиқ
суриштиролмайман, милицияга ҳам
хабар беролмайман. Нега Ҳанифанинг
қаердалигини уйдагилари ҳам,
дугонаси ҳам сир сақлаяпти?
Дугонасининг кўзларидаги ташвиш,
онасининг юзидаги қайғу нимадан?
Севгилимнинг бошига бирор кулфат
тушган экан, қавму қариндоши
орасида гап-сўз тарқаларди-да. Бу
ерда қандай сир-синоат борлигига
тушунолмаяпман. “Ҳанифа пишиқ қиз.
Яхшироқ маош тўлаётган жойда бош
кўтармай ишлаётгандир. Сендан иш
жойини сир тутаётгани – шаҳарда
йигити билан учрашиб юришини
хоҳламаслигида. Ҳанифанинг иболи
қиз эканини биласан-ку” қабилидаги
гаплар ҳам безовта юрагимни
юпатмаяпти. Илтимос, менга ёрдам
беринглар! Севгилим қаёққа ғойиб
бўлган?”
Лобар газетани ёпиб, кўзларини
юмди. Қизнинг бошига қандай кулфат
тушгани унга аён эди. Бундай
муаммоларга кўп дуч келгани учунми,
йўқолган қиз ва унинг ошиғи хаёлидан
дарров кўтарилиб кетди. Қувон ҳақида
ўйлади. Қисмат Лобарга учратганидан
кейин Қувонни фақат бахтсизлик билан
“сийлади”. Нима кўрди? Ҳатто,
Лобарсиз тутган рўзғорига ҳам ўт
тушди, уйи куйди, ўлдирди,
ўлдирилди. Сўнгги кунлардаги ҳалол-
пок ва ибодатли юриши ҳам фалокатга
кор қилмади. Чунки у Лобар каби ажал
билан ўйнашишда давом этди. Ички
ишлар идорасига атиги бир марта
қўнғироқ қилганларида кифоя эди.
Улар эса ғўрларде
к иш тутишди.
Шоҳназар билан тўқнашув юз
беришини билган эдилар, вазият
таҳликали тус олганда ҳам
чекинмадилар. Қувон тирик қолганида
ҳам умрининг ярими қамоқда
чирирди. Нега жиноят содир
этилганидан кейин хатолар
кўринаверади? Ундан олдинги
сўқирлик нима? Лобарнинг иш тутуми
эмасми? Ҳа, Қувонни Лобарнинг
биринчи қурбони дейиш нотўғри эди.
Балки охиргиси ҳам эмасдир.
Тушдан сўнг Баҳриддин Парвизни
олиб келди.
– Аяжон, – онасининг қўлидан тутди
Парвиз.
– Репетицияларинг яхшими?
– Аъло, аяжон.
– Раҳмат, ўғлим. Сен менинг жону
жаҳонимсан.
Лобарнинг укалари, келинлари ҳам
навбати билан келиб-кетиб
туришарди.
– Келинларга ишонмайман, – деди
ёлғиз қолганларида қўшни
каравотдаги аёл. – Уларнинг бари
сотқин. Уйингдаги гапни онасига, опа-
синглисига етказади, телефонда ҳам
ҳисобот бермаса, тили узилиб тушади.
– Менинг келинларим яхши, – терс
ўгирилди Лобар.
– Тинчлик учун шундай деяпсиз.
– Менда тинчлик қоптими, опа.
Лобарнинг хайрихоҳлик
қилмаганидан тумтайган аёл газетани
шилдиратиб очди-да, баттар қовоғини
солди.
– Тавба қилдим, астағфирулло... –
деди у. – Қанақа мужмал йигитлар
бор-а бу ҳаётда? Севган қизини
тополмаётганини газетага ёзиб
чиқибди. Газетчилар ҳам аҳмоқ.
Бунинг нимасини ёзади?
– Ғойиб бўлган чевар қизми?
– Ҳа-да.
– Бечора қиз бахт билан видолашиб
қўйгани очиқ-ойдин маълум.
Аёл Лобарга қошларини чимириб,
ҳайронлик-ла қаради.
– Сиз қаёқдан биласиз?
– Бу эски эртак-ку. Қиз ўғирланган.
– Ўғирланган? Вой, нега унақа
дейсиз? Ким, қаёққа ўғирлайди?
– Дубайга.
– Фол очаяпсизми? – кулиб юборди
аёл.
– Ёки Истанбулга.
– Тўғриси, қаёқдан билаяпсиз?
– Чет элларга кўп чиққанман, бунақа
қисмат чекига тушган қизларни ҳам
учратганман. Хатга диққат билан
қаранг, нега онаси сир тутаяпти?
Шармандаи шармисорликдан
қўрққани учун.
– Дугонаси-чи?
– Айтса, ё қамалади, ё ўзининг ҳам
юзи қорага бўялади.
– Ким қамайди уни?
– Дугонаси ё Ҳанифани
одамфурушларга сотишда иштирок
этган, ё ўзи ҳам қулликка тушиб, зўрға
қутулиб келган. Улар қишлоқ жойдан.
Бутун-атроф бир-бирини танийдиган,
ўтмиш кавлайдиган, уруғ
суриштирадиганларга лиқ тўла. Ахир,
“Мен Дубай ё Истанбул
исловотхоналарига бориб келганим
рост, лекин алдов қурбониман,
кўнглим тоза”, деб ўзини оқлаб
ололмайди-ку. Ким уйланади уларга?
Қайси йигит фарзандларининг онаси
ёшлигида чет эл меҳмонхоналарини
гуллатувчи бўлганини хоҳлайди?
Одамлар минг йил ўтса ҳам уруғ
суриштиради. Дугонаси ҳам, онаси ҳам
жон-жаҳдлар билан сир
тутишаётганини тушундингизми?
Нафақат ҳозирги яқинлари, қизнинг
авлодлари ҳам бу тавқи лаънатдан
осонликча қутулолмайди.
– Қўйинг-е, бечораларни ундай
деманг.
– Туҳмат гапирган бўлсам, Худонинг
ўзи кечирсин, – деди Лобар.
Аёл бир оз ўйга толгач, каравот
қирғоғига ўтириб, тумбадан
телефонини олди.
– Газетага қўнғироқ қилиб,
натижасини сўрайми?
– Керакмас, опа.
– Нега?
– Бўлар иш бўлган. Улар қизни тирик
кўришни хоҳласа, вақт йўқотмасдан
органга мурожаат қилишлари керак.
Акс ҳолда шўрлик чеварнинг мурдаси
Амирлик чўлиданми, Истанбул
кўрфазиданми топилади. Шунда ҳам
ўликнинг омади чопиб, одам
кўринадиган жойга тасодифан чиқиб
қолса.
– Вой-ей, Лобар, гапларингиз бир-
биридан совуғ-а?
– Ўзим совуқман-да, – дея Лобар уҳ
тортди. – Қачон тугар экан?
– Нима тугар экан?
– Зерикарли ҳаёт.
– Қўйинг-е, ундай деманг.
– Бу ердаги зерикарли ҳаёт қачон
тугаб, қачон уйга кетамиз, деяпман, –
тўнғиллади Лобар.
Ҳамхонаси кулди, лекин кулгиси бир
зумда сўниб, газетани тумба устига
ташлади.
Лобар шифохонадан чиқди. У
олдинда сокин ва ҳувиллаган ҳаёт
кутиб турибди, деган янглиш хаёлда
эди. Ҳаётининг яна бир саҳифаси
очилиб, оғир саргузаштлар фасли
кириб келаётганди. Бу – Шомил билан
боғлиқ даҳшатли гирдоб эди. Лобар
Қувоннинг ўлимидан кейин умрини
тоат-ибодатда ўтказишни кўнглига
туккан эса-да, қоронғи хонага бирдан
кириб кетолмасди. Шифохонада ётган
кезлари Баҳриддинни иш бошқарувчи
қилиб тайинлади. Самарқанддан кўчиб
кетиш ҳақид
а маълум қилди. Уй сотиб
олиш учун нақд пул тўпланишини ҳам
кутмайди. Ижара уйга жўнашга-да
тайёр эди.
– Улар сизнинг қаерга кўчмоқчи
эканингизни сўрашди, – деди
Баҳриддин.
– Кимлар? – креслога чўкиб, дўкон
ҳисоботларига шунчаки кўз қирини
ташлади Лобар.
– Орган.
– Чет элга кетмайман.
– Ҳа, чет элда нима қиласиз.
– Тошкентда яшамоқчиман,
Баҳриддин. Сен шу ерда қолиб,
бизнесимни бошқарасан. Пойтахтда
янги ҳаёт бошлайман. Ҳеч кимга
ўзимни таништирмайман. Қариндош-
уруғга ҳам тайинлаб қўяман, меҳмонга
борганида, қўни-қўшнимга таржимаи
ҳолим ҳақимда бир оғиз гапирмайди.
Қўни-қўшнининг назарида битта
боласи билан эридан бева қолган
хотин бўламан.
– Яхши, Лобар опа. Муҳит
алмаштириш сизга фойдали.
– Ҳовлини сотиб юбораман. Қувон
ўлган жойда бир кун ҳам яшолмайман.
Аммо чироғи ўчса, одамлар сесканиб,
хосиятсиз уй деб нархни ҳам расво
қилишади. Ижарачилар борми?
– Уй излаётган квартирантларми?
– Талаба йигитларми,
оилавийларми?
– Топамиз. Муаммо эмас.
– Уйни келгуси йил сотаман. – Лобар
пешонасини қашиди. – Унгача уйнинг
бир қисмини бузиб, тузилишини
ўзгартираман. Қувон ўлган хонадан
асар ҳам қолмаслиги керак.
– Тўғри, шунақа қилинг, –
маъқуллади Баҳриддин.
Лобар аччиқ чой ҳўплаб, бошини
оҳиста-оҳиста босди. Жароҳати ҳамон
лўқилламоқда эди. Пиёладан кўз
узмай деди:
– Қувоннинг жанозаси қандай ўтди?
– Қишлоқдаги таъзияларда эркаклар
қатор тизилиб, чопон кийиб, бел
боғлаб, фарёд кўтаришади. Аёллар
ичкарида нола-ю фиғон қилишади.
Йиғи-сиғидан юрак эзилиб кетади.
– Охиригача турдингми?
– Ҳа.
– Жигарлари нима деди?
– Ўзимни танитмадим. Сизни ҳам
гапиришгани йўқ. Эркаклар йиғлаган,
аёллар ҳушидан кетган... Қўйинг,
Лобар опа, ишдан гаплашайлик. Банк эртага нақд пул беради, имзоингиз
керак.
– Қабристонгача бордингми?
– Бордим.
– Лаҳадга ким қўйди?
– Тоғаси.
– Гўри дўппайиб қолавердими?
– Лобар опа, қўйинг...
– Бир уюм тупроқ қолди, –
Лобарнинг кўзларида ёш ғилтиллади.
– Лаънати гиёҳфуруш, хотинбозлар!
Агар улар тўғри юрганларида, Қувон
ўлмасди! Қувоннинг ўлимига Рисолат
ҳам айбдор! Қарталарнинг жумбоғи
ечилмагани мени тортиб кетди. Қувон
ўзи қаёқдан келиб қолди-я?! Ажали
етган экан-да! Қишлоғида
юравермайдими?! Мен бир бахтиқаро
тентак хотин бўлсам, нега гапимга
кирди? Нега? Мен севармиди?
Дўстмиди? Ким эди у? Энди қаердан
топиб, қандай қилиб кечирим
сўрайман?
Хонага сотувчи қизлар кириб келиб,
Лобарни юпатишга киришди. Фурсат
ўтмай, Лобар кўз ёшларини тийиб,
ходимларига буюрди:
– Ҳамманг ишингга бор!
Баҳриддин ҳам чиқиб кетаётганди,
тўхтатди.
– Тошкентдаги яшаш жойимни сен
ҳам билмайсан, тушундингми?
Телефоним иккита бўлади, биринчи
телефонимнинг рақамини сендан
бошқа ҳеч кимга айтмайман. Шунда
ҳам асосан интернет орқали
гаплашамиз. Янги профлимни очсам,
ташлаворман.
– Хўп.
– Бу ҳафта кимлар қарз сўради?
– Укангиз Баҳром синибди, шунга...
– У ҳар доим синиб юради. Пул
беришдан чарчадим.
– Уларга-чи? – деб Баҳриддин
елкасига уриб, “погон”ни кўрсатди. –
Телефон рақамингизни сўраса, нима
қилай?
– Ўзим орани очиқ қиламан, – деди
Лобар столга бош қўйиб. – Энди эса
кет, ёлғиз қолмоқчиман.
Лобар кўпқаватли уйдаги
квартирасида уч кун ётиб, кўчишга
тадориг кўрди. Тошкентга машинасиз
кетишга қарор қилди. Кейинчалик
“Спарк” харид қилишни ўйлаб қўйди.
Йўлга чиқишдан аввал капитан
Бегалиевга қўнғироқ қилди.
– Мен Лобарман.
– Ўзим сизга боғланмоқчи бўлиб
тургандим, – деди капитан.
– Сиз билан қаерда учрашсам
бўлади?
– Ҳозир қаердасиз?
– Самарқандда.
– Мен бошқармага келгандим.
Сизнинг масалангиз бўйича баъзи
муаммолар бор эди. Бир соатдан сўнг
гаплашамиз, хўпми?
Ярим соат ўтгач, Лобар кўзгуга нари-
бери қараб, пастга тушди-да, такси
тўхтатди. Бегалиев йўлда кутаётганди.
У бошқармага эмас, бошқа томонга
бошлаб кетди. Турли ташкилотлар,
таҳририятлар, банк бўлимлари
жойлашган тўрт қаватли бинонинг узун
йўлаги охиридаги хонага киришганида,
димоққа сигарета ҳиди урилди.
Ичкарида тунд қиёфали
, расмий
кийинган, савлатдор уч эркак
ўтирарди. Хона уларнинг иш кабинети
эмаслиги ҳам маълум эди.
Лобарга пойгакдаги стулни кўрсатиб,
ўтиришни буюришди.
– Сиз билан фақат мен гаплашаман,
– деди тўрдаги бўйинбоғли тепакал
киши. – Ўзимни таништириб ўтиришим
шарт эмас. Бу одамларнинг борлиги ва
уларнинг ҳузурида сиз билан
гаплашишим менинг сохта
эмаслигимдан далолат беради.
– Менга ҳеч қандай далолатнинг
кераги йўқ, – деди Лобар. – Кимсиз?
Эркак кулимсираб қўйиб, қўлидаги
қаламни ўйнади-да:
– Шоҳназарга гиёҳванд
моддаларини ким етказиб турган, деб
ўйлайсиз? – дея дағал оҳангда савол
ташлади.
– Билмайман, – қўрс жавоб берди
Лобар. – Билганимда ҳам айтмасдим.
– Нима учун?
– Нега сизга хизмат қилишим керак?
Менинг ўз ҳаётим, ўз касбим, ўз
дунёқарашим бор. Буларни мен
мутлоқа танимайдиган нотаниш киши
ўзгартиролмайди.
– Ўзингизга шунчалик ишонасизми?
– Қизиқ! Ким ўзига ишонмайди?
– Бу ҳаётингиз, бу дунёқарашингиз
яқин дўстингизнинг бошига етди.
Қоидаларингизга кўп ҳам суянманг,
Лобар. Сиз ҳозир қамоқда ётишингиз
керак эди. Қуёш қаёқдан чиқаётганини
ҳам унутиб қўяяпсиз.
– Мақсадингиз нима?
– Нигинанинг Истамбулдаги холаси
ўлдирилиши мумкинлигини
гапиргансиз. “Қачон?” демоқчимисиз?
Шоҳназарнинг далаҳовлиси ёнидаги
далада, кечаси, гулхан атрофида.
Холасининг исми Холбуви. У Туркияда
йигирма йилдан бери яшайди.
Тикувчилик цехи бор. Цехида биздан
борган қизлар ҳам ишлаб кетган.
Ҳамма гап шундаки...
– ...Ҳамма гап шундаки, – Лобар
гапни оғзидан олди, – Истамбулдаги
ўша цехда ишлайдиган қизнинг изсиз
йўқолишида ҳам қўлим бор,
ҳаммасига мен айбдорман.
Тепакал киши қалам ўйнатишни
тўхтатди.
– Қанақа йўқолган қиз?
– Ҳарҳолда, кимдир йўқолгандир,
ўлгандир? Бўлмаса, Нигинанинг
Истамбулдаги холаси билан қандай
боғлиқлигим бор?
– Бунақа гапларни йиғиштиринг,
Лобар, жиддий гаплашайлик. Сиз
Истамбулдаги холаси ўлдирилиши
мумкинлигини айтгансиз.
– Бор-йўғи шуни билмоқчимисиз?
Тикувчилик цехида ишлаган қизлардан
сўз очсангиз, яна бир туҳматга
қолибман, деб капалагим учибди...
Тўхтанг-тўхтанг! – Лобар асабий бош
чайқади. – Ишқилиб, холаси тирикми?
– Тирик.
– Худога шукр-е!
– Менимча, сиз тикувчилик цехи
ҳақида нимадир демоқчи бўлаяпсиз?
– Газетада ўқидим. Бир йигит
йўқолган чевар севгилисини ҳеч
қаердан тополмаётган эмиш. У
Дубайдами, Истанбулдами деб тахмин
қилдим.
– Қайси газета?
Лобар айтди.
– Бизнинг ишга дахли йўқ-ку?
– Ҳаётда нимани кўрсам, қайси ишга
қўл урсам, ҳатто қайси мақолани
ўқисам, уни тақдир чархпалаги
бошимга бало қилиб солаяпти.
– Бу сафар ундай бўлмайди. Биз
бошқа иш бўйича йиғилдик.
Холасининг ўлдирилиш хавфи –
шунчаки айтиладиган гап эмас.
Тушунтириш берсангиз бўлди,
уйингизга кетаверасиз. Сизни ортиқ
бир дақиқа ҳам ушлаб ўтирмаймиз.
– Нигинани сизлар
юборганларингиздан ўша куни
бехабар эдим, шунинг учун душманим
борлигига ишониб, тахминларимни
айтганман, холос.
– Нигинани биз юбормаган бўлсак-
чи?
– Ҳозиргина жиддий гаплашишни
ўзингиз таклиф қилдингиз.
– Хўп, таслимман. Биз
юборганимизни ким айтди?
– Агар Нигина ўзини собиқ шифокор
деб таништирган аёлнинг асоратига
тушиб, мени яширинча наркотик билан
заҳарлаш топшириғини олгани рост
бўлганида, Истанбулдаги холасининг
ҳаёти ҳам, ўзиники ҳам хавф остида
қолиши табиий ҳол эди. Бу билан
кимдир қасосимга бел боғлайди,
демоқчи эмасман. Нигина нега
Туркияга борган? Чекка Невшеҳир
вилоятидаги Ҳожибектош шаҳрига-чи?
Зиёратгоҳ керак эдими? Унда нима
учун Ҳожибектоши валийни
танимайди? Тушунгандирсиз,
Нигинани ҳам, холасини ҳам мен
ўлдиришим ақлга сиғмайдиган иш.
Уларнинг ўзлари аллақаерларда
тентираб юришибди. Гувоҳларни
тозалаш ёки топшириқни
бажармаганларни йўқ қилиш жараёни
юз бермайди, дейсизми? Жиноят
оламининг реакциясини биласиз-ку.
Яхшиям, барчаси ўйин экан.
– Нигинани ёллаган аёл ростдан бор
бўлганида, демак, Истанбулдаги хола
ўргимчак тўрининг ўртасида қолар экан-
да? У қанақа тўр ўзи?
– Айнан қанақа тўр эканини
билмайман, системасигина маълум.
– Хўш?
– Ўтмишда халқаро қиморбоз
бўлганман. Бу ҳам худди “халқаро
террорчи” дегандек ясама ном.
Кимдир мени Осиёдами, Европадами,
Америкадами ўлдирмоқчи экан,
тўрнинг иплари йирик ўйинларга
бориб тақалади. Худога шукр, мен соф
тадбиркорлик билан кун кечириб
юрибман, бугунги кунларда ўйинчи
эмасман. Хулласи калом, тўр йўқ,
ҳаммаёқ тинч.
– Агар у бор бўлганида...
– Агар у бор бўлганида, Нигина ва
Истанбулдаги фабрикант холаси шу
ҳафта ўлдириб кетилган бўларди.
– Нега энди айнан шу ҳафта?
– Шу ҳафта бўлмаса шу ой, шу ой
бўлмаса, шу йил, энг камида, йигирма
биринчи асрдан тирик чиқмасди.
– Шундоқ ҳам йигирма биринчи
асрдан бирортамиз тирик чиқмаймиз.
Сиз нега аноним қўнғироқ ҳақида
сўрадингиз?
– Холбуви холасига аноним
қўнғироқ қилингани сизларнинг
иштирокларингизни англатади.
Халқаро жиноятчилар бу тарзда
текшириб кўрмайдилар.
– Фақат шу далилми? – лабининг
чети билан кулди тепакал. – Кимдир
адашиб қўнғироқ қилгандир? Нима,
мумкин эмасми?
– Сизни тушунмаяпман, – олдинга
хиёл энгашди Лобар, – бу ерга далил
талашишга чақирдингизми? Нигинани
ким ёллади? Сизлар! Нима сабабдан?
Шомил аканинг координатасини
кимларгадир аниқлаб бериш учун.
Гапни чайнаётганингиз умуман ёқмаяпти. Масалага очиқ-ойдин ўтиб
қўя қолмайсизми? Очиғини айтсам,
Тошкентга кўчиб кетмоқчиман.
Бутунлай! Янги ҳаёт бошлаб, тинч-
бехавотир яшамоқчиман. – Лобар
қўлини томоғига арра қилди. –
Ғалвалардан тўйдим!
– Шомил акангиз менга
қумурсқачалик ҳам керакмас, –
ўқрайди тепакал. – Биз Нигина ва
холаси учун жавобгар бўлиб қолдик.
– Ҳа, Шомил ака сизларга
керакмасдир, лекин кимларгадир
зарур бўп қолгани аниқ. Сиз шунинг
учун ҳам бу хонада ўтирибсиз.
Нигинани қандайдир хотин ўзига
тизгинлайди-да, мени гиёҳвандга
айлантиришга юборади, ҳатто у ҳисоб
рақамга Покистондан пул ташлатиб,
қаматиб юбориш даражасида
қудратли. Туҳматларини идоралар
ҳақиқат деб қабул қилади.
“Туркиядаги қайси хотиннинг арпасини
хом ўрган эканман?” деб бош
қотиришим, Шомил акага мурожаат
қилишим кутилган эди. Шунда Шомил
аканинг қаерда эканлиги аниқланарди.
Яъни мен уни Кичик Осиёдан ҳидлаб
топувчи исковуч ит вазифасини
бажаришим керак эди. Шукрлар
бўлсинки, калламга ақл битган,
ўйинларни тарк этганман. Акс ҳолда
қай гўрлардадир тентираб юрардим.
– Бундан чиқди, мен, яъни
масъулиятли лавозимда ишлайдиган
ходим чет элнинг топшириғини
бажараётган эканман-да?
– Пойабзал топшириқ бажармайди,
у оёқ қаёққа юрса, ўша ёққа юради.
– Мени пойабзалга ўхшатаяпсизми?
– Сизни эмас, – деди Лобар, – сиз
тушиб қолган занжирли ишни
ўхшатаяпман. Пойабзал оёққа, оёқ
мияга, мия истакка, истак буюртмага
бўйсинади.
Давоми бор.
@BekalarUchun https://t.me/joinchat/AAAAAEr77g1BcYHrWupM0g