ҚАШҚАДАРЁДА ДАВЛАТ-ХУСУСИЙ ШЕРИКЛИК АСОСИДАГИ ИЛК ТИББИЁТ МАРКАЗИ ЎЗ ФАОЛИЯТИНИ БОШЛАДИ

ҚАШҚАДАРЁДА ДАВЛАТ-ХУСУСИЙ ШЕРИКЛИК АСОСИДАГИ ИЛК ТИББИЁТ МАРКАЗИ ЎЗ ФАОЛИЯТИНИ БОШЛАДИ


Энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида Қарши шаҳрида вилоятдаги давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилган илк тиббиёт муассасаси - "Durbek Med Servis” кўп тармоқли тиббиёт маркази фойдаланишга топширилди.

Ушбу муассаса Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 16 апрелдаги “Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилди.

-Марказимиз учун ажратилган бино Қарши шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли собиқ 4-сон оилавий поликлиниканинг бўш турган таъмирталаб биноси эди, - дейди мазкур тиббиёт маркази бош шифокори Сардор Пирназаров. - Бу ерда давлат-хусусий шериклик асосида кўп тармоқли тиббиёт маркази ташкил этиш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва "Durbek Med Servis" хусусий корхонаси ўртасида 10 йил муддатга битим имзоланди. Мазкур битимга асосан тадбиркор томонидан 1,1 миллиард сўм инвестиция киритилиши белгиланган бўлиб, ҳозирги вақтга қадар 2,5 миллиард сўмлик ишлар бажарилди. Муассаса замонавий тиббий жиҳозлар билан тўлиқ жиҳозланди. 28 та янги иш ўрни яратилди. Тиббиёт марказида амбулатор хизматлардан ташқари 21 та стационар ўрин ҳам мавжуд бўлиб, йилига 7140 нафар бемор қабул қилишга мўлжалланган.

Марказ гинекология, хирургия, урология йўналишлари бўйича фаолият юритади. Келгусида жами 4 миллиард сўмлик МСКТ, лапараскоп ва эндоурология ускуналарини келтириш, микроинвазив жарроҳлик амалиётларини ташкил этиш, шунингдек, бу ерда фаолият кўрсатаётган шифокорлар малакасини хориждаги нуфузли клиникаларда ошириш режалаштирилган.


-Бошқармамиз тизимида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш йўналишида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди Равшан Тўлаков. - Айни пайтда вилоятимиз аҳолисига тиббий хизмат сифатини яхшилаш мақсадида тадбиркорлар билан ҳамкорликда 8 та давлат-хусусий шериклик лойиҳаси бўйича иш олиб борилмоқда. Бу лойиҳаларда жами 35 миллиард сўмлик инвестиция киритиш ҳамда 198 та қўшимча ишчи ўрни яратиш режалаштирилган. Шундан 2 та лойиҳа бўйича ҳозирда Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан хусусий тадбиркорлар ўртасида битим имзоланган.

Қайд этиш керакки, "Durbek Med Servis" давлат-хусусий шериклик асосидаги кўп тармоқли тиббиёт маркази келгусида воҳамизда ташкил этиладиган юзлаб давлат-хусусий шериклик асосидаги муассасаларнинг локомативи бўлиб хизмат қилади. Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, бундай тиббиёт муассасаларининг кўпайиши соҳада соғлом рақобат муҳитини ривожлантиради. Давлат сектори масъуллари ҳам рақобатга мослашиш учун ҳаракат қилишади. Натижада аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва самарадорлиги ошади, ҳам тадбиркорлик, ҳам тиббиёт равнақ топади, соҳада ўзига хос юксалиш вужудга келади, янги иш ўринлари яратилади, давлатимиз ғазнаси бойийди. Президентимиз таъкидлаганидек, одамларни рози қилиб ишлаш борасида улкан қадам ташланади.


Энг муҳими, бугун фойдаланишга топширилган ушбу шифо маскани Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида воҳамиз аҳли учун муносиб туҳфа бўлди.


Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати.


📝 @qashqadaryo_ssb

Report Page