ҚАРШИНИНГ ҚАДИМИЙ ТЎРТ ДАРВОЗАСИДАН БИРИ ТИКЛАНМОҚДА

ҚАРШИНИНГ ҚАДИМИЙ ТЎРТ ДАРВОЗАСИДАН БИРИ ТИКЛАНМОҚДА

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси Ахборот хизмати


Тутак дарвоза

Қарши шаҳридаги “Одина” мажмуасида олиб борилаётган қурилиш ва таъмирлаш ишлари жараёнида шаҳарнинг қадимий дарвозаларидан бири тикланмоқда.

-“Тутак” номи билан аталган дарвоза “Одина” мажмуасининг қуйи қисмида, “Қиличбек” мадрасаси яқинида жойлашган, -дейди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Нуъмон Райимқулов. -Бу дарвоза қадимда ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган. Яъни бир тарафидан катта чорсу (савдо маркази)га борилса, бошқа тарафидан амир кошонасига ва бек саройига йўл бўлган. Бундан ташқари, шу ердан амир учун қурилган ҳаммомга ҳам кириб борилган. 

Манбаларга кўра, қадимги Қаршининг яна 3 дарвозаси шаҳарнинг бошқа кириш ҳудудларида бўлган. Тутак дарвозасининг икки томонида 25 метрдан деворлари, 50 метрлик хандаги, дарвоза тўғрисидаги кўтарма кўприк ва икки ёнида сарбозхонаси бўлган. Унинг атрофидаги Амир Темур бунёд этган Регистон майдони, “Одина” масжиди ҳам ҳозирда қайта реконструкция қилинмоқда.

Бугунги кунда мажмуа яқинидаги “Дарвозатутак” маҳалласининг номи ҳам айни шу тарихий Тутак дарвозаси номидан келиб чиққан.