ҚАРШИДА ПРОФИЛАКТИКА ВА СОҒЛОМЛАШТИРИШ КУНЛАРИ САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШГА ДОИР СЕМИНАР ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

ҚАРШИДА ПРОФИЛАКТИКА ВА СОҒЛОМЛАШТИРИШ КУНЛАРИ САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШГА ДОИР СЕМИНАР ТАШКИЛ ЭТИЛДИ


Қарши шаҳридаги “IT-технопарк” биносида “Ҳудудлар, туман (шаҳар) оилавий поликлиникалари ва оилавий шифокорлик пунктларида 2021 йил 4-20 октябрдаги Профилактика ва соғломлаштириш кунларида амалга оширилаётган ҳаракатлар схемаси” мавзусида семинар ташкил этилди.

Тадбирда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мутасаддилари, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари бошлиқлари, уларнинг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосарлари ва бошқа бир қатор масъуллар иштирок этишди.


Семинар давомида Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Элмира Баситханова ва Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази директори Барно Одилова Профилактика ва соғломлаштириш кунлари доирасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини янада ошириш борасида раҳбарлар ва тиббий ходимларга зарур амалий ва услубий тавсияларни беришди.

Қайд этилишича, ўтган йил ниҳоясида ўтказилган ялпи тиббий хатлов натижасида аҳолининг саломатлик ҳолатини ўрганиш амалиёти илк бор ташкил этилди. Шу аснода аҳоли 4 та хавф гуруҳларига таснифланди. Тегишли тартибда ҳудудларнинг саломатлик профиллари яратилди.


Биргина Қашқадарё вилоятида саломатлик ва касалланиш кўрсаткичларига асосан аҳолининг 1 413 009 нафари (42,9 фоиз) соғлом деб топилди. 1 105 468 нафари (33,6 фоиз) паст, 692 533 нафари (21,0 фоиз) ўрта, 77 569 нафари (2,2 фоиз) юқори хавф гуруҳларига ажратилди.


Тиббий хатлов якуни билан жорий йилнинг иккинчи чорагида учинчи хавф гуруҳидан иккинчисига 58 184 нафар, иккинчидан 1-таянч гуруҳига 99 437 нафар фуқаро соғломлаштирилиб, ўтказилди. Ҳар бир гуруҳ вакиллари учун индивидуал тарзда оила шифокори ёки заруратга кўра, тор соҳа мутахассисларининг назорати, соғломлаштириш ва реабилитация режалари махсус стандартларга кўра белгиланди.

Айни пайтда давом этаётган Профилактика ва соғломлаштириш кунларини ўтказишдан кўзланган мақсад пандемия ҳолати енгиллашган даврда аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш бўйича индивидуал ва оммавий тадбирларни янада жадаллаштириш, беморлар ҳолидан хабар олиш ва уларни яшаш жойларида ихтисослаштирилган амбулатор ва стационар ёрдам олишларини таъминлаш ҳамда йил давомида амалга оширилган ишларни сарҳисоб қилишдан иборат.


Семинар давомида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Равшан Тўлаков Э.Баситханова ва Б.Одиловани бошқарма ташаббуси билан мамлакатимизда илк маротаба ташкил қилинган мобиль поликлиника (махсус жиҳозланган автобус) имкониятлари билан таништирди.

Автобус бошқарма масъулларининг тавсиялари асосида пойтахтимиздаги Турин политехника университети мутахассислари кўмагида Самарқанддаги автомобиль заводида тайёрланган. Мобиль поликлиникада антропометрия жиҳозларидан тортиб энг замонавий, аниқлик даражаси жуда юқори бўлган лаборатория таҳлил ускуналари, мобиль диагностика ультратовуш аппарати, 3 каналли сенсорли электрокардиограф, гинекологик текширувларга мўлжалланган рақамли видеокольпоскоп сингари ноёб тиббий техникалар ўрнатилган. Вазир ўринбосари Қашқадарё тажрибаси сифатида яратилган мазкур автобус олис ҳудудларда ўтказилаётган тиббий кўриклар самарадорлигини оширишда беқиёс аҳамият касб этишини алоҳида қайд этди.


Семинар давомида меҳмонлар Қарши шаҳридаги “Маҳаллот” маҳалласида ташкил этилган “Саломатлик мактаби” фаолияти билан танишдилар, маҳаллада соғлом турмуш тарзини тарғиб этишда фаоллик кўрсатаётган “Эъзозли аёллар” гуруҳи аъзолари билан суҳбатлашиб, зарур тавсияларни бердилар.


Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати.

@qashqadaryo_ssb

Report Page