ҚАЙТА ТУҒИЛГАН БОЛА
29 май, 197... йил
Ишинг бир чаппа кетса, кетавераркан. Эрталаб турсак, боқувдаги қора новвосмииз йўқ. Қишлоқда мол ўғриси пайдо бўлибди, деган миш-мишлар юргани учун қўрқиб кетдим. “Бизникиниям ўғирлаб кетишган бўлса-я...”
Отам жойидан туриброқ новвосни излаб кетибди
- Сен булбулсой тарафларни қараб кел, - деди онам. Зора ўша ёққа кетган бўлса, бўшалиб
Булбулсой - қишлоғимизга туташ тоғнинг этагидаги икки қир оралиғи. Чолларнинг айтишича, бурунги замонларда сойдаги сув туяни оқизаркан. Ҳозир қатра сув йўқ. Лекин ҳамма у ерни сой дейди. Сой ортидаги бодомзор исмалоғу ялпизларнинг кони. Биз баҳорда исмалоқ, ялпиз, қўзиқорин тергани кўп чиқамиз. Мен исмалоқ теришни яхши кўраман. Укам икковимиз челак-челак исмалоқ терамиз. Онам исмалоқ сомсани тандирдан узгунча гирдикапалак бўлганимиз-бўлган...
Қирга чиқишим билан биров чақиргандай бўлди. Қулоғимга шунчаки эшитилгандир, деб аввал эътибор бермадим. Овоз бу гал аниқроқ эшитилди:
- Илҳо-о-м!
Қарасам, сой ёқлаб Шердор югуриб келяпти. Кўзимга ишонмадим. Наҳотки, Шердор! Ёки кўзимга... йўқ-йўқ, унинг ўзи!
- Шердор дўстим!
Икковимиз қучоқлашиб, ўтлар устига думалаб кетдик.
- Ўзингмисан! қаёқларда юрибсан? - Бирам соғиндим-ки...
- Сўрама. Биласанми, мен мол ўғриларини топдим...
- Нима?
- Ҳа. Ўзим кўрдим. Мозорда. - Шердор тутила-тутила гапира кетди. - Уйдан кетганимдан бери Олим бобо билан биргаман. Олим бобони биласан-ку, мозорнинг қоровули, зўр чол.
- Хўш, кейин-чи, кейин?
- Хуллас, ярим кечасими, саҳардами, ташқарига чиққим келди. Деворнинг орқасига ўтаётиб, қабрлар оралаб кетаётган шарпаларни кўриб қолдим. Юрагим орқамга тортиб кетди. Мозорда ажиналар бўлади, деб кўп эшитгандим-да, шарпалар сигирми, ҳўкизми етаклаб кетаётгандай эди. Ғойиб бўлишгунча қимирламай қараб турдим. Бир кўнглим кўрганларимни Олим бобога айтай ҳам дедим, яна иккиландим. Балки кўзимга кўрингандир. Не паллагача уйқум келмади. Қишлоққа мол ўғриси оралаганини эслаб, миямга ҳар хил гаплар келди. Эрталаб шарпалар юрган томонга бордим. Қабрлар орасида туёқ излари.
- Демак...
- Ҳа, ўғрилар. Улар, менимча, молларни ўғирлаб, ўша ерда нимталашса керак. Тинч, ҳеч ким кўрмайди, дейишади-да.
- Кетдик! Участкавойга бориб айтамиз! - дедим ҳовлиқиб.
- Йўқ. Бу масалада ҳовлиқиш кетмайди. Аввал ўшалар чиндан ҳам ўғриларми, ўғри бўлса, кимлар, билиш керак, - деди Шердор шошилмай.
- Бундан чиқди, шарпаларинг: “Шердорвой, ўғри биз бўламиз. Мана олдингизга келдик. Оборинг милисага”, дегунча индамаслик керак экан-да.
- Унақа деганим йўқ-ку, ўзимиз борамиз, - деди Шердор ранжиб.
- Қаерга?
- Мозорга. Ўша ерда бир-икки кун кузатсак, ҳаммаси равшан бўлади.
Бу гапдан юрагим шиғиллаб кетди. Қўрққанимни Шердор ҳам сезди, шекилли:
- Бориш мажбуриймас, - деди устимдан кулгандай.
- Гап қўрқишда эмас, лекин бундан бирор маъни чиқармикин? - дедим сир бой бергим келмай.
- Чиқади. - Хўш, нима, дейсан, борасанми ёки?..
- Бўпти, розиман.
Шердор билан келишганимиздай, шомга яқин эски тегирмонда учрашдик. У бетоқат бўлиб турган экан.
- Келмайсан, деб кетмоқчи бўлаётувдим. - Юр, тезроқ бориб, пастқамроқ ерга бекиниб олишимиз керак.
Ҳали мозорга узоғ-у, юрак дукиллайди. “Ажиналар бўлса-я. Бормайман, десаммикин... Шердор нима деб ўйлайди. Бўлганича бўлди”.
Қабристон сув қуйгандек жимжит. Қоровулхонанинг кулчадай ойнасида хира ёруғ милтиллайди.
Қабристон деворининг нураган жойига қўйилган шох-шаббаларга тегмай, девордан ошдик. Мозорнинг бу томони қўрқинчли экан. қишлоқ мутлақо кўринмайди. Уни ўроқдай янги ойнинг жонсиз шуъласида узун-қисқа кўланга ташлаб турган қабрлар тўсиб турарди. Нариги тараф анҳор. Анҳордан кейин осмонга бўй чўзган тоққача бирорта уй йўқ.
Қабрлар оралаб бир оз юргандан кейин, бир чуқурга кириб яшириндик. Биз яширинган жой қабристоннинг энг баланд қисмида бўлгани учун атрофни кузатса бўларди. қандайдир қушнинг ваҳимали овози эшитилди.
- Бойўғли, - тушунтирди Шердор.
Узоқ вақт иккимиздан ҳам садо чиқмади. Бойўғли аллақандай даҳшатдан хабар бераётгандай яна сайради. Баттар ваҳимага туша бошладим. Қабрлар қимирлаб ёрилаётгандай, мурдалар оппоқ кафанларини судраганча зоология кабинетидаги склетникига ўхшаган тишларини иржайтириб, устимизга бостириб келаётгандай... Кўзларимни чирт юмиб олдим. қанча вақт ўтди, билмайман. Бир пайт Шердор биқинимга туртиб:
- Кўряпсанми? - деди.
Кўзимни очсам, иккитами, учтами шарпа қабристон оралаб тўғри биз томон келяпти. “Сезиб қолишган бўлса-я, ўлдик. Ҳозир келади-ю, икковимизниям... Ўлигимизни ҳеч ким тополмайди”. Кўзларимни яна юмиб олдим. Гўё кўзимни юмсам, ҳеч ким теголмайдигандай...
- Қара, Илҳом нима қилишяпти? - Шердорнинг овози олисдан келаётгандай зўрға эшитилди.
Бояги шарпалар битта қабрни кавлашарди. Шу чоқ бир нима қарсиллаб кетди.
- Секинроқ, тош бор дедим-ку, гов калла! - деган бўғиқ овоз эшитилди. Бу овознинг дўриллаши аллакимни эслатгандай бўлди. Ким бўлиши мумкин?
- Улар нима қилишяпти? - шивирладим Шердорнинг қулоғига.
- Кўрмисан! - Тилла тиш эшон бобонинг қабрини очишяпти-ку!
- Очиб... нима қилади?
- Мен қайдан билай?
Муздай бир нарса бошимдан товонимгача сизиб ўтгандай бўлди:
Худди шу пайт:
- Ҳей, мусулмонлар, нима қиляпсизлар? - деган товуш эшитилди. Энкайиб эшонбобонинг қабрини тимдалаётган шарпалар сапчиб тушишди. Нарироқда яна бир шарпа уларга яқинлашиб келарди. Шарпанинг қаердан келиб қолганини у ердагилар ҳам, биз ҳам пайқамай қолгандик.
- Олим бобо, сиз...
- Ҳаромилар! - Янги қабрлар нега бошқача бўлиб қолади, дес...
Олим бобонинг гапи бўғзида қолди. Шарпалар чолга ташланишди. Бир нарса хира ой шуъласида ожиз ялтираб кетди. Кимдир “иҳ” деб йиқилди.
- Қайси гўрдан пайдо бўлди бу ҳайвон? - хириллади бирови. Эшонни ўрнига тиқинглар. Ҳаммаси илгаригидай бўлсин! Из қолмасин!
Шердорнинг қўлини маҳкам ушлаб олдим. У дир-дир титрарди. Кейин нима бўлганини билмайман. Икковимиз ғужанак бўлиб, чуқурга ётиб олдик. Орадан қанча вақт ўтгани номаълум. Ҳушимга келсам, Шердор чуқурнинг зах деворига қапишиб, пиқ-пиқ йиғлаяпти. Шарпалардан асар йўқ.
- Шердор, юр, кетайлик, - дедим қўрқа-писа.
Икковимиз титраб-қалтираб чуқурдан чиқдик. Қаристондан чиқаётганимизда бойўғли яна сайради...
30 май, 197... йил
Уйғонсам, сомонхонада ётибман. Эшик тирқишидан оппоқ нур тушиб турибди. Аввал нега бу ерда ётибман, деб ҳайрон бўлдим. Кейин тунги воқеалар эсимга тушди-ю, сакраб туриб кетдим. Шердор қани? У ёнимда эди-ку! Мозордан бирга чиқдик. Кейин бу ерга... Нега уйгамас, бу ерга, сомонхонага келдик? Ёки, ростдан ҳам ажиналар чалиб...
-Шердор! дея жон ҳолатда кўчага отилдим. Қаёққа чопяпман? Уйгами, Шердорларникигами, мозоргами? И-е, одамлар ана у ерда нега уймалашиб турибди? Бу дарвоза Ҳимматларники эмасми?
- Қаранглар, Илҳом келяпти! - овоз осмондан келяптими, ердан чиқяптими, англолмасдим. Одамлар гувиллаб менга қараб чопишди. Қўрқиб кетганимдан қочишгаям улгуролмай қолдим. Аллакимнинг забардаст қўли маҳкам қучоқлаб олди. Кейин одамлар бирин-кетин қучоқлаб, ўпа бошлашди. “Яша, қойил!” деб осмонга отишди. Бошим гир-гир айланиб кетди. Ола-ғовурда одамлар орасидан йиғлаб менга талпинаётган онамга кўзим тушди. Ўзимни онажонимнинг қучоғига отдим. Онам мени бағрига босиб, юзим-кўзим демай, чўлп-чўлп ўпа бошлади. Кўзларимдан тирқираб ёш чиқиб кетди.
... Шердор пешинларга яқин ёнбошига “милиция” деб ёзилган сариқ машинада мактаб ҳовлисига кириб келди. Ёнида битта милиционер ва жигарранг кўйлакли барваста киши. Мен синфимиз деразасидан Шердорни кўрдиму, унга қараб чопдим. У менга. Бир-биримизни қучоқлаб олдик.
... Сомонхонага кирганимиздан кейин, палакат босиб, ухлаб қолибман. Шердор бўлса, ҳушини йиғиб олибди-да, идорага қараб чопибди. Туманга телефон қилибди. Буни қарангки, тунги шарпалар Хурсанд тулки ва унинг шериклари экан. қабристоннинг тоғ тарафидаги ертўлада ўғирлаган қорамолларини нимталаб сотишаркан.
Шу куни мактабимиз спорт майдончасида тантанали йиғилиш бўлди. Йиғилишда тумандан келган киши Шердор иккимизга ички ишлар бўлимининг фахрий ёрлиғини топширди. Йиғилишда қатнашган туман катталаридан бири эса Шердор иккимиз Россия шаҳарларини томоша қилиб келиш учун бепул путёвка билан тақдирланганимизни айтди. Кимдир “ур-ра” деб юборди. Ҳаяжондан қулоқларим чиппа битиб қолди.
20 июнь, 197... йил
Ҳозир каникул. Акам шаҳарда. Институтнинг сиртқи бўлимига кириш учун имтиҳон топширгани кетган. Болаларнинг кўпчилиги лагерларда дам олишяпти. Биз августда Шердор билан саёҳатга борамиз. Унгача... Унгача ўқишимни тузатиб олишим керак. Шунинг учун дўстларим ёрдамида аниқ фанларни ўрганяпман. Ўртоқларим ўқитувчиларга ўхшаб ҳар куни бир соат мен билан шуғулланишади. Хато жойларини тузатишади. Тушунтиришади. Дарс охирида яна уйга вазифа беришади. Бунинг сабаби бор.
... Хурсанд тулки воқеасидан кейин туманимиз газеатасида Амирийнинг “Икки изқувар ва тўрт очкўз” деган фельетони чиқди. Газетанинг шу сонида Шердор иккимизнинг суратимиз ҳам чиққан эди. Ўзимиз ҳақимиздаги мақолани ўқиб, теримга сиғмай кетдим.
Амирийнинг фельетони мен редакцияга юборган Хурсанд тулки ҳақидаги ҳув ўша фельетоним билан бошланарди. Кейин Тўрахўжаев деган туман матлубот уюшмаси ревизорининг порахўрлиги, Хурсанд тулкининг қилмишлари, у бошлиқ ўғрилар тўдасининг кирдикорлари очиб ташланган эди.
Фельетонни ўқиб, семириб юрган эдим, яна директоримиз чақираётганини айтишди. Борсам, Амирий. У эшикдан киришим билан қўлимни маҳкам қисди:
- Илҳомжонни сал бўлмаса ёлғончига чиқариб қўювдик, домла, - деди кейин директоримизга қараб, - порахўр ревизорнинг хатига ишониб денг.
Амирий ўшандаги воқеаларнинг ҳаммасини бир бошдан Мурод Мўминовичга гапириб берди. Гап орасида мени кўкларга кўтариб мақтади. - Оббо, Илҳомжон-ей, буёғини роса боплаган экансанлар-да, қойилман, яша! – деди елкамга қоқиб.
Қувончдан теримга сиғмай ўтирувдим, тўсатдан Мурод Мўминович:
- Илҳомжоннинг ҳамма иши зўр-у, ўқиши чатоқда, - деб қолса бўладими. Меҳмоннинг олдида шунча обрў бир пул бўлди. Шу пайтда ер ёрилса, жон-жон деб кириб кетардим. Мурод Мўминович ҳамма гапни шу кунга йиғиб юрган экан шекилли, шундан кейин ҳам индамай қўя қолдим.
- Адабиётдан бошқасини фан демайди. Анча-мунча ман-манлигиям бор. Лекин энди хатоларини тузатса керак. Шундайми?
“Бундан кўра ётқизволиб, қорнимга тепмайсизми, домлажон!”
- Биз Илҳомжонни мухбирлар постига раҳбар қилмоқчийди-гу, буёғи қандай бўлди?
- Унақада биз билан ҳам гаплашмай қўярмикин дейман, - деб кулди Мурод Мўминович. - Лекин, ростини айтганда, ҳаракат қилса, ҳамма иш қўлидан келади. Биз қарши эмасмиз
Мурод Мўминовичнинг хонасидан чиққанимиздан сўнг, Амирий:
- сендан буни кутмовдим, Илҳомжон, - деди астойдил хафа бўлган бир оҳангда. - Журналист камтар, одамларнинг қалбига йўл топадиган бўлиши керак. Манманлик ёмон иллат. Адабиётдан бошқа фанга қизиқмаслигинг ундан баттар. Дунёдаги барча касблар, кашфиётлар бўйича етарли билимга эса бўлмаган одамдан ҳеч қачон яхши журналист чиқмайди.
Амирий гапларим қандай таъсир қиляпти, дегандай менга қаради, сўнг давом этди. - Масалан, сенга физика ёки математика лабораториясида яратилаётган кашфиёт ҳақида очерк ёзиш топширилди, дейлик. Сен эса бу фанларда ҳалигидайсан. Нима бўлади? Йўқ, Илҳомбой, бу қилиғинг сенга ҳали кўп панд беради. Гап шу. Хатойингни тузатасан. Йўқса, ёмон хафалашиб қоламиз.
Ўйланиб қолдим. Шунча обрў қозонганингдан кейин ҳам ўша дердисар фанларни билмасанг, қийин экан-да. Амирийки шундай деяптими?!.
Бунинг устига синф мажлисида яна танқид қилишди.
- Бешинчи синфгача қандай яхши ўқирдинг. Ҳамма сенга эргашарди. Энди-чи, бир пайтлар ўзинг шатакка олган Холмат ҳам сендан ўзиб кетди, - деди синф раҳбари Оллаберди ака.
Оллаберди аканинг кейинги сўзлари суяк-суягимдан ўтиб кетди. “Кимсан, мендай изқувар ва ёзувчи одамга Холматни пеш қилишяпти...” Ишонсангиз, бир неча кунгача ухлолмадим. Ярим тунда аллакимнинг қаҳқаҳаси ўйғотиб юборди. Турсам, ҳеч ким йўқ. Кўз юмишим билан яна ўша қаҳқаҳа: ҳиндуларга ўхшаб юзларига ола-була бўёқ суриб олган бола қўлларини бигиз қилиб мени кўрсатади. Бир тўда болалар қорнини чангаллаб кулади...
“Шошма, Илҳом, - дедим ўзимга. - Наҳотки сен шунчалар кулгига қолсанг? Наҳотки, Холматчалик эмассан? Ўзингни кимлигингни бир кўрсатиб қўймайсанми уларга?!
Қарор шу! Ҳаммани доғда қолдирмасам, Илҳом отимни бошқа қўяман”.
Лекин тан олиш керакки, қойил қилиш осон эмас экан. Ўтинхонада ётган симкаравотни артиб-тозалаб олма остига опчиқдим. Ёнимда математика, физика, химия дарсликлари... Онам ҳайрон, отам “шунингдан одам чиқадиёв”, деб хурсанд. Китобларнинг барисини варақлаб чиқдим. Калламга алиф кирган бўлса, ҳар нима бўлай! Икс, игриклар кўзим олдида пир-пир учади-ю, миямнинг ёнгинасидан ғизиллаб ўтиб кетади. “Нима қилиш керак? Аҳмаднинг олдига борсамми? Онам: “Эгилган бошни қилич кесмас”, дейдилар. Аммо-лекин букчайиб боришимни кўрса, боши осмонга етаров... Бориш қочмас, аввал ўзим кўрай...” Яна китобга тикиламан. Яна жир-жимир қилади. Э, борсин-е! Китобни ёпиб, кўзимни юмаман. “Шердор нима қилаётган экан-а? - чалғитаман ўзимни. Айтгандай, Шердорнинг отаси кетиб қолди. Онаси фермадан келса: “Мени кечиринглар, болаларим. Сизларга оталик қилолмадим. Сизларнинг кўзингизга қараб яшолмаяпман. Мен ота деган номга муносиб эмасман. Сизлардан битта-ю битта илтимосим - онангизни - Саодатни гапини иккита қилманглар. Дунёда бундай ҳалол, меҳрибон она йўқ“, деган хат қолдирибди-ю, ғойиб бўлибди. Қаёққа кетганини ҳеч ким билмайди.
Яна китобни очаман. Калламга ҳеч бало кирмайди. Яхшиси, Олим бобо ҳақида достон ёзаман. Достон!
... Ана, алп қоматли жангчи Олим Содиқов граната тишлаб, тепаликка томон ўрмалаб кетяпти. Тепада пулемёт бетиним тириллаб, атрофга жаладай ўқ ёғдирмоқда. Олим бобо беш-олти қадам қолганда гранатини ажал уясига улоқтирди. Улоқтирди-ю, ўзи ҳам ерга йиқилди. Қудратли “ура!” садолари еру кўкни тутди... Ярадор Содиқов душман қўлида... Содиқов соқчини ўлдириб ўрмонга - партизанлар томон қочмоқда... Кутилмаган тасодиф: жангчи Содиқов ўғли сержант Азим Содиқов билан учрашди! Ота-бола бир-бирининг дийдорига тўймайди, партизанлар қувонч билан уларга термилишади. Яна жанг, яна айрилиқ... Бу воқеаларни худди жангчи Содиқов билан ёнма-ён жанг қилаётгандай аниқ-тиниқ тасаввур қиламан. Ҳатто, жанг майдонидан анқиётган пороҳ ҳиди ва чанг-тўзондан нафасим қайтаётгандек бўлади. Қўлимга ручка ушлагандан кейин эса фикрларим ўз-ўзидан бошқа томонга оғиб кетади. “Наҳотки, мен шунчалар қолоқ ўқувчиман!” Яна китобни қўлга оламан. Бўлмайди. Яна ёзмоқчи бўламан, лекин... Лекин ёзаман! Бугун бўлмаса эртага, эрта бўлмаса, индин, қачон бўлмасин, Олим бобо ҳақида, у кишининг мард ўғиллари ҳақида, албатта, ёзаман! Ҳозир... ҳозир ўқишим керак. Анавилар олдида юзим ёруғ бўлсин, кейин...
Охири бўлмади. Аҳмадга бош эгиб боришга тўғри келди. Мендай одамнинг ёрдам сўраб боргани Аҳмад тугул бошқаларниям эритиб юборди. Улар гина-адоватни унутиб: “Илҳомга ёрдам бериш керак, унинг зеҳни жуда ўткир, бирпасда ҳаммадан ўзиб кетади”, деб қўллашди. Фақат Ҳимматнинг қовоғи очилмади. Болалар мен билан яраш-яраш қилаётганида синфдан чиқиб кетди.
Ўртоқларим шу куниёқ мени шатакка олиш планини ишлаб чиқишди. Математикадан Аҳмад, физикадан Кенжа, геометриядан Гулнора билан Гулсум ёрдам берадиган бўлишди. Синфдошларим билан менинг ўртамда узилган дўстлик иплари шу тариқа қайта боғланди. Улар шу кунданоқ менга ёрдам бера бошлашди. Мен ҳам астойдил ҳаракат қилдим. Ўтилган темаларни такрорлаб чиқдим. Натижада, сўнгги чоракда тўртта фандан “беш” чиқди.
- Илҳом қайта туғиляпти, - деди синф раҳбаримиз ҳазиллашиб.
Болалар кулишди. Аммо бу ҳазилда жон бор: мен хатоларимни тушуниб, ўқитувчимиз айтгандай, дўстларим ёрдамида қайта туғиляпман. Мақсадим янги ўқув йили бошлангунча аълочиларга етиб олиш.
...Укаларим супада ухлашяпти, икки қадамча нарида ётган Олапар каравотим ҳар ғижирлаганда бошини бир кўтариб атрофга аланглайди-да яна кулча бўлган илондай калласини биқинига тиқиб олади.
Осмонга тикиламан. Юлдузлар худди олма шохларига тегиб тургандай... Ана, менинг юлдузим. Япроққа қўниб турган кумуш капалакка ўхшайди. Шердор, Санамгул, Аҳмад, Меҳри, Кенжа, Холмат, Гулнора, Робия - ҳаммаси юлдузимнинг атрофини қуршаб олишган. Юлдузларга қарасам, дилимда ширин туйғулар қайнайди.
Бугун дунёда
Мендан зиёда
Бахтиёр инсон
Йўқдир, онажон.
Кенжавой, Аҳмад,
Холмат ва Шердор
Дўстлар, бахтимга
Сиз борки, мен бор.
Бирингиз қошим,
Бирингиз кўзсиз,
Осмонимдаги
Ёрқин юлдуз Сиз!
Шеър ёзгим келяпти.