ҚАЙТА ТУҒИЛГАН БОЛА

                    ҚАЙТА ТУҒИЛГАН БОЛА


26 апрель, 197... йил

           Мактабга борсам, илмий мудир Нормамат ака Тоғаймуродович кутиб турган экан.

           - Сал вақтлироқ йўлга чиқсанг бўлмайдими? - деди олдига яқинлашишим билан Нормамат ака. - Тез бўл, туманга борамиз. Редакциядан телефон қилишиб, сени сўрашипти, - изоҳ берди Нормамат ака ҳайрон бўлганимни кўриб, - мен туманга бораётувдим. Бирга кетамиз.

           Қувониб кетдим. Мени сўрашибди! Атайин, телефон қилиб... қани шу пайт ёнимда Аҳмадми, Ҳимматми бўлса-ю, бу гапларни эшитса. Редакциядагилар шунча бола ўқийдиган мактабдан фақат мени чақиришганини билиб қўйишса...

           Мактабимизнинг юк машинасида туманга кетяпмиз. Нормамат ака кабинада, мен тепада. Қаршидан эсаётган шамол сочларимни тортқилайди. Далалар, олисдаги тоғлар атрофимда гир-гир айланади. “Нимага чақиришдикин? - сўрайман дам-бадам ўзимдан. - Кириб боришим билан “Сизни газетага ишга оламиз. Бугундан бошлаб мана шу стол сизники”, дейишса-я!”

           Редакцияга етгунча ширин хаёллар оғушида осмоннинг еттинчи қаватида учиб юрган одам Амирийни кўрган замоноқ еттинчи қаватдан гурсиллаб ерга урилгандай ҳушёр тортиб қолдим.

           Ҳамиша чеҳрасидан табассум аримайдиган устозимнинг қовоғидан қор ёғарди. У саволимга жавобан кўзларини қисиб, ғалати қараш қилди. Турқини ўзгартирмай, стол тортмасидан “Дело” деб ёзилган папка олди. Папка тўла эди. У хатлар орасидан биттасини ажратиб, “Дело”ни четга сурди. Ажратилган хатни дарров танидим - Хурсанд тулки ҳақида фельетоним.

           - Биз сенга ишонсак... - Амирий фельетонни қўлига олди. - Бу ердаги гапларни қаердан топдинг?

           - Қайси гапни?

           - Лимонадни 50, пирожкини 20 тийин, печеньени бир сўмдан пуллайди, деганингни айтяпман.

           Енгил тортдим. Шунга шунчами?

           - Тулкининг ўзи шунақа сота...

           - Тулки эмас, Хурсанд ака! - сўзимни чўрт кесди Амирий. - Сенга ким қўйибди ҳалитдан отанг тенги келадиган одамга лақаб қўйишни. Бу ердаям нуқул “тулки-тулки” дебсан. Уятмасми?!

           Нафасим ичимга тушиб кетди. Амирий тамаки тутатди. Икки-уч буруқситиб тортди.

           - Хўш, қаердан олдинг?

           - У-у... Хурсанд амаки шунақа сотади, - овозим ўзимга зўрға эшитилди.

           - Шунақами, ундай бўлса манавига нима дейсан? Амирий яна битта хат олиб ҳавода солкитди. - Бунга туман матлубот уюшмасининг ревизори қўл қўйган. Хатингни текширгани юборгандик. Улар хурсанд ака узоқ йиллардан буён ҳалол ишлаб келяпти, дейишган. Хўш?

           - Улар... улар сизни алдашибди. Ишонмасангиз, юринг, ҳозир ҳам шунақа қилади.

           Амирий дераза олдига бориб, бирпас ўйланиб турди-да, сўнг тез келиб, телефонни кўтарди. қандайдир номерни шошилиб терди. Лекин ҳеч ким билан гаплашмай, яна жойига қўйди. Менга синовчан тикилди.

           - Гап бундай, - деди хиёл юмшоқ товушда. - Сен кетавер, керак бўлсанг, чақираман.

 

15 май, 197... йил

           Амирий қачон чақирар экан, деб илҳақ бўлиб юрибман. Аммо ҳалигача ҳеч қандай хабар йўқ. Шу орада тамаки чопиқ ҳам бошланиб кетди.

           Бутун қишлоқ шу кунларда даштга кўчиб чиққан. Уватларда қатор-қатор чайлалар. Ер ўчоқларда чойдиш биқиллаб қайнайди.

           Куздаги эллик арава гўнгнинг шарофати бўлса керак, пайкалимизни шунақанги ўт босиб кетдики, ярим қарич, бир қарич бўлиб қолган тамаки ғумай, шамак, шўра каби бегона ўтлар орасида аранг кўринади.

           Отам, акам, ҳатто, ўн ёшли Умарча ҳам теша кўтариб, ўт чопади. Қани энди, ўт дегани адо бўлса! Аввал беш-олти қадамча жойдаги ўтни юлиб, тамаки ниҳолларини очиб оламиз. Кейин кетмон билан жўяк устидаги ўтларни чопамиз. Иш сира унмайди. Шунча одам кун бўйи икки қатор тамакини ўтдан тозаласак ҳам катта гап. Ниҳоллар ўзини тутиб олгунча шу хилда уч марта чопиқ қилиш керак. Кейин трактор культивацияни бошласа бўлади. Унгача трактор пайкалга кирса, ниҳолларни тупроқ кўмиб ташлайди. Чопиқдан кейин ҳамма жўякларга қўлинг билан бўкчайиб ўғит сепиб чиқиш ҳам керак. Қисқаси, энциклопедия мақтаган бу “бебаҳо ўсимликни” “одам” қилиб олгунча она сутинг оғзингга келади. Яхшиямки, мактаб бор. Ўқиш баҳонасида тушгача дам оласан. Йўқса... қўшни пайкалда Санамгуллар ҳам тамаки чопиқ қилишяпти. Белга дам бериш баҳонасида тез-тез Санамгул томон қараб қўяман. У бош кўтармай ишлагани-ишлаган. “Нима қилсам у менга қараркин-а? - ўйлайман ичимда. - Бақириб қўшиқ айтсаммикин. Ёки Холматга ўхшаб хат ёзсаммикин?” Вой Жирафа-ей, кесакдан олов чиқади деса, ишониш мумкиндир. Лекин Жирафанинг кўнглида шунча гап борлигига... Айтсам, эшитган одам ишонмайди ёки кулавериб ичаги узилади.

           Нега дейсизми? Ҳозир айтаман.

           Кеча мактабдан келсам, отам аллақаёққа кетаётган экан. “Келгунимча чайлага бориб тур, деб тайинлади. Севиниб кетдим. Биринчидан, тамаки чопишдан қутуладиган бўлсам, иккинчидан - чайла маза. Қовжираган япроқларнинг шабадада шитирлашига қулоқ солиб, китоб ўқиб ётасан. Тўрт томонинг боғ. Гилос, чилги, эртаги олма пишай деб турибди.

           Боғни бир айланиб келиб энди чайлага киргандим, бир нима шитирлади. Қараб донг қотиб қолдим: Холмат! Ёлғизлигимни билиб ўчини олмоқчи бўлиб келган. Чайланинг бурчагида отамнинг ўроғи турибди. Бир кўнглим турибоқ ўроқни олай ҳам дедим. Лекин Холмат ичкари киришга ботинолмай тургани учун фикримдан қайтдим.

           - Ке, келавер, - дедим ўзимни ботир кўрсатиб. - Нима қип юрибсан буёқларда?

           -Ўзим, шундай. Ўтиб кетаётсам, турган экансан. Бирпас ўйнайлик деб...

           “Алдаяпти. Атайлаб мени қидириб келган. Кўзи айтиб турибди. Бир гап бор. Ёки гилос ўғирламоқчимикин?”

           Холмат индамай ёнимга келиб ўтирди. Олдимда турган китобни иккиланиброқ қўлига олди.

           - Ўқимоқчимидинг, қанақа китоб?

           - Индейслар ҳақида.

           - Сен кўп ўқийсан. Ёзганларинг ҳам зўр.

           Кечагина “мухбирча” деб ўшқираётган одамнинг бундай дейиши... Ҳайрон бўлиб унга қарадим. Холмат кўзини олиб қочди. Кейин:

           - Мени ёмон кўрасан-а, - деди секингина.

           Индамадим. “Бунда бир гап бор. Мени гапга солиб, уёқда Ҳиммати гилосни шипириб кетмаса гўргайди”.

           Бир муддат икковимиз ҳам жим қолдик. Ниҳоят, Холмат сукутни бузди.

           - Ҳалиги... сенга битта илтимосим бор эди, - деди у чайналиб.

           -Илтимос?  - Қанақа илтимос?

           - Йўқ демайман десанг, айтаман.

           “Айтмасанг ундан нари”, демоқчи эдим. Лекин унинг мунғайиб ўтиришига қараб ундай деёлмадим.

           - Айт, қани.

           - Ҳеч кимга айтмайсан-да, майлими?

           - Сен ёлғон гапирмайсанку-я...

      Холмат гапни нимадан бошлашини билмай, ўйланиб турди.

 - Шу ҳалиги, битта хат ёзиш керак эди-да.  – Ҳечам эсимдан чиқармасдим, - чайналди...

           - Шунга шунчами? – дедим.

           - Билмайсан-да, жуда қийин, - деди у хиёл жонланиб. - Ўзимча кўп уриндим ҳеч чиқмади. Ўйлаб-ўйлаб, охири сендан ёрдам сўрай, деб... Газетага ёзасан-ку, чиройли гапларни кўп биласан.

           - Чайналма, кимга ёзиш керак?

           - Ҳалиги, биттасига-да... - Холмат дудуқланди.

           Хаёлимга “лоп” этиб анҳор бўйида турган Санамгул келди. Ҳаяжонланиб кетдим. “Вой Жирафавой-е, яхши кўриб қолдингми!” деб юборишимга сал қолди.

           - Гапир, гапир... - деб қисташга тушдим.

           - Билдинг-ку, билиб турибсан-ку. Энди... шу битта қизга-да... елкасидан тоғ ағдарилгандай енгил тортди Холмат. - Биласанми, тушимдаям... Э, одамни ёмон жинди қип ташлади-да.

     Холматнинг яна бир нималар дегиси келар, лекин сўз тополмай дудуқланарди. У қизариб-бўзарган сайин қизиқишим баттар ошарди. Гапирса, кўпроқ гапирса, дейман.

           -Шуйтип, ҳалиги... хат ёзиб ҳаммасини айтай дедим. Ундай ёзаман - бўлмайди, бундай ёзаман - бўлмайди. Ўзинг боплаб бер, шеърлар қўшиб.

           Холматнинг ҳаяжони, вужудимни қамраб бораётган аллақандай туйғулар ўртадаги гина-адоватни эсдан чиқариб юборди.

           - Ҳозир боплаймиз! - дедим тўлқинланиб. - Қоғоз-қаламинг борми?

           - Э, йў-йўқ.  - Бирдагина ёзиб бўлмайди, - эътироз билдирди Холмат. Аввал пишитиб олиш керак.

           - Нимани пишитади?  - Қоғозингни ол. Кимга ёзамиз? Баттар жўшиб кетдим.

           - Ҳалиги... отини қўймайлик. Ҳозирча, “Р”га десаям бўлаверади-ю... - деди Холмат ўнғайсизланиб.

           - Менга ишонмасакансан...

           - Ишонаман, ишонаман. Ишонмасам олдингга келармидим. Лекин, ҳалиги... у нима дейишини билмайман-да ҳали, бордию “йўқ“, деса...

           - И-е, ҳали ўзи билмайдими?

           - Билса-ку... Ҳозирча номини айтмайлик. Хўпми?

           - Майли, майли. Лекин отини айтганигда яхши бўларди-да.

           - Айтаман.  - Жавобини олган заҳоти биринчи бўлиб ўзингга айтаман.  

  Холмат қушдай енгил торти жойидан турди. Чайладан чиқаётиб бир нарса эсига тушгандай қайрилиб қаради: - Фақат, ҳалиги... лабинг ундай, кўзинг бундай деган гаплар кам бўлсин, хўпми?

           - Михдай қиламиз. - Эртага оласан.

           Холмат кетди. Унинг орқасидан қараб туриб кулгим, далани бошимга кўтариб қўшиқ айтгим келди. “Бекор кетиб қолди-да, яна бирпас гаплашиб ўтирсак бўлар экан”, дейман. Қизиқ, “Р”си ким бўлдийкин? синфимизда исми “Р” ҳарфи билан бошланадиган... Робия! Агар ўша бўлса, бечора Жирафанинг шўрига шўрва тўкилибди, деяверинг. Гапини иккита қилса ёқасидан олишдан ҳам қайтмайди у қиз. Лекин, тили заҳар бўлсаям ўзи чиройли. Манглайида ҳинд қизлариникига ўхшаш нўҳотдай холи бор. Жирафавой-е, диди зўр! Ким билсин, балки Робия эмас, бошқа синфдаги қизлардандир. Мактабда исми “Р” билан бошланадиган қизлар озми? Ундан кейин, Холматвойни “жинди” қилганнинг ҳақиқий номи “Р” билан эмас, “М”, “Т” ёки бошқа ҳарф билан бошланиши ҳам мумкин-ку. Бўпти, энди ишга киришайлик. Лекин “ишга киришиш” жуда қийин бўлди. “Салом, ҳурматли “Р” деб бошлайману, кўз олдимга анҳор бўйида турган Санамгул келади. Чайладан чиқиб, боққа, ариқ бўйини қоплаб ётган гиёҳларга, чимли, ажриқли сўқмоққа завқланиб тикилади. Бедазор тарафдан йўнғичқа гулининг одамни энтиктирувчи иси келади. Қишда ана шу бедапояда кўпкари бўлади. Қулоғим остида чавандозларнинг даштни ларзага солувчи ҳайқириғи эшитилгандек бўлади. Менинг ҳам ҳайқиргим келади. Зўр отим бўлса, минволиб, ҳайқириб чопсам: “Ҳе-ҳе-ҳе!”

           Кечаси ўчиравериб, ёзавериб-ёзавериб, ўчиравериб, охири хатни тугатдим. Эрталаб мактабга борган заҳотиёқ уни эгасига бермоқчи эдим, Холмат қўнғироқ чалинганда келди. Улгуролмадим.

           Биринчи соат адабиёт дарси эди. Ўқитувчи йўқлама қилаётганда, орқамда ўтирган Ҳиммат елкамга туртиб:

           - Китобингни бериб тур! - деди.

           Бердим. Дарс бошланди. Анчадан кейин орқадан “пиқ-пиқ“ кулги эшитилди. Аҳамият бермадим. Бир маҳал, дарс энг қизиган пайтда Робия ҳўнграб эшикка қараб чопса бўладими?!

           - Қаёққа! қайт! - деди Искандар ака ҳайрон бўлиб. - Қайт орқангга, Робия!

           Робия эса қайтмади. Йиғлаб синфдан чиқиб кетди.

           - Нима бўлди? - сўради Искандар ака болаларга юзалниб. - Ким хафа қилди Робияни?

           - Нимагалигини анови Мажнун айтсин? - деб шанғиллади Робия билан бир партада ўтирадиган Ҳанифа қўлини менга бигиз қилиб.

           - Ошиқ бўп қопти! - деб ҳиринглади кимдир.

           Болалар кулиб юборишди

           Биров ўтмас болта билан ургандай бошим зирқираб кетди. Хат “Адабиёт” китобининг ичидалиги эсимга тушди. Жон ҳолатда орқага бурилиб:

           - Хат қани?! - дея Ҳимматга ғазаб қилдим.

           - Мана! - Ҳимматнинг ўрнига жавоб қилди Ҳанифа ва қўлидаги қоғозни Искандар аканинг олдига - стол устига олиб бориб қўйди.

           Бўшашиб кетдим.

           - Қаердан олдинг буни? - Ҳанифадан сўради Искандар ака.

           - Нилу берди.

           - Мен Анвардан олувдим, - сўрамасиданоқ жавоб берди Нилуфар.

           Хат бирпасда бутун синфни айланиб чиқибди.

           Болаларнинг “Олдим-олдим”и Ҳимматга келиб тўхтади.

           - Ўзи берди. Китобни ичида экан, - деди Ҳиммат бамайлихотир.

           Искандар ака хатни қўлида тутганча бизга қараб кела бошлади.

           - Хат... Робияга эмас, у-у... - дея дудуқланиб ўрнимдан туриб кетибман.

           Искандар ака менга индамай, тўғри Ҳимматнинг олдига борди.

           - Нега бировнинг хатини сўроқсиз ўқидинг?

           - Китобнинг ичида турган экан. Нимайкин, деб очиб қарасам...

           - Бу қилиғинг нима деб аталишини биласанми? Пасткашлик, аблаҳлик бу!

           - Мен... ҳалиги... - Ҳиммат довдираб қолди.

           - Ўтир!

           Искандар ака бошқа ҳеч нима демай, хатни олдимга қўйди.

           - Ҳанифа, бор, Робияни чақириб кел, - деди кейин Ҳанифага.

           Ҳанифа дик этиб туриши билан коридордан қўнғироқнинг бўғиқ овоз эшитилди.

           Одатда қўнғироқ жиринглаши билан шов-шувга тўладиган синф ҳозир жимжит эди. Ўттиз икки жуфт кўз ҳаяжон ичида Искандар акага қадалган. Искандар ака китоб-дафтарларини жигарранг портфелига жойлаб бўлгач:

           - Илҳом, мен билан юр! - деб эшик томон йўналди.

           Тамом! Холматни ахтардим. Бошимни балога қўйган ошиқ миқ этмай партасида михланиб ўтирибди. Ранги докадай оппоқ. Қўрқоқ! Ғинг демай томоша қилади-я! Искандар акага нима дейман энди? Директорни олдига олиб борса-я?! Кўчага қараб ура қочсаммикин? Қочиб қаёққа ҳам борардим? Эртага яна шу гап-да. Бўлганча бўлди, бор гапни айтаман.

           Искандар ака директорнинг хонасига эмас, ҳовлига қараб юрди. Мактаб ҳовлиси болаларнинг қийқириғу кулгисига тўла эди. Елиб-югуриб ўйнаш қанчалик роҳат эканлигини ҳеч қачон ўша пайтдагичалик ҳис қилмагандим.

           Искандар ака спорт майдонча ёнидаги тут остига қўйилган тахта курсига бориб ўтирди. Нафасимни ичимга ютиб, ерга тикилиб турибман. Юзига қарашга юрак бетламайди.

           - Нега қаққайиб турибсан, ўтир.

           Тик туравердим. Искандар ака бошдан-оёғимгача қараб чиқди. Қарашларида ғазаб эмас, кулги-завқ бордай эди.

           - Хўш, гапир, қани.? – Нима бўлди, Робияга нима дединг?

           Шу пайт Холмат ҳаллослаб келди-да, ёнимда бошини эгиб тураверди.

           - Сенга нима керак? - деди ҳайрон бўлган Искандар ака.

           Холмат ялт этиб менга қаради. Кейин Искандар аканинг юзига қаролмай:

           - Мен... мен... - деб ғулдиради.

           -Бор, ишингни қил! - Уни жеркиб берди Искандар ака.

           Холмат аранг бошини кўтарди, Искандар акага жавдираб боқиб:

           - Хатни мен ёзувдим, - деди зўрға.

           Искандар ака туриб кетди.

           - Хатни бер! - Искандар ака хатни олди. Бир менга, бир Холматга қараб. - Хатни ўқисак бўладими? - деди. Аммо жавобимизни кутиб ўтирмай, букланган қоғозни очди. Холмат иккимизнинг кўзимиз ўқитувчида. Искандар аканинг ичидагиларни юзидан ўқиб оладигандай, ҳар битта ҳаракатини кузатамиз. Ниҳоят Искандар ака хатдан кўзини олди. Ғазабландими? Йўқ, масхара қиляпти. Йўғ-е, куляпти-ку.

           -Оббо, сенлар-ей, - деди Искандар ака анча енгил тортгандай. -Ваҳималарингни кўриб юрагим орқамга тортиб кетувди-я. Қани, мундоқ ўтиринглар-чи. - Искандар ака билан ёнма-ён курсига ўтирдик. - Бунча титрамасанглар. Ҳеч бир ёмон жойи йўқ-ку бунинг. Дўст бўлайлик, мен сени ҳурмат қиламан, дейилибди. Ҳўп, нимаси ёмон? - Искандар ака тилида шундай дегани билан дилида бошқа гап бор. Аммо хатда чиндан ҳам шундан бўлак “ёмон” сўз йўқ эди...

           - Ҳайронман, бунинг нимаси қўрқинчли? - давом этди Искандар ака, - қиз бола билан ўғил бола дўстлашса, жудаям яхши-ку! Бир синфда ўқигандан кейин ҳамма бола ўзаро дўст бўлиши керак! - Биз Искандар аканинг нима демоқчилигини билолмай, карахт бўлиб қолдик. Яқинда синфдан ташқари дарс ўтамиз. Дарснинг темаси мана шу. - Искандар ака хатни қўлимга тутқазди. - Дўстлик! Ўғил бола билан қиз бола ўртасидаги дўстлик! Ҳозирда тайёргарлик кўраверинглар. Энди синфга марш!

                       Бечора Жирафа бирам қувонди-ей.

           - Яхшиям Искандар ака бор экан-а, бўлмаса ўлардик, - деди энтикиб.

           - Ҳимматнинг кўрсатган каромати-да!

           - Ҳайвонакан. Шошмай турсин ҳали!

           Эшик олдида Санамгул билан Меҳрига дуч келдик.

           - Қиз болага хат ёзгунча, “уч” ларингни тузатсанг бўларди! - деб пичинг отди Меҳри. Санамгул бўлса қовоғини очмай ўтиб кетди. Шундан буён кўрса, кўрмаганга олади. Бирор нима сўрасам, энсаси қотиб, лабини буради.

           ... Умуман, Робия билан ярашган бўлсам ҳам шивир-шивирлар ҳали тинган эмас. Баъзилар мени Мажнун, Робияни Лайли дейишаётган эмиш. Робия ҳам шу миш-мишларга ишонади, мен билан гаплашмайди. Тентак!

 

26 май 197... йил

           Тамаки тизиш бошланди. Энди уйқунинг ҳам тайини бўлмайди: саҳар туриб, шомда ётасан.

           Отам бугун ҳам азонда ҳаммамизни ўйғотди:

           - Жума, Илҳом, туринглар! Кун туш бўлиб кетди!

           Ирғиб турдим. Отам дарвозахонада турибди. Ҳозир чайладан келган, қўлида ўроқ, оёғи остида бир боғ кўм-кўк ўт. Апил-тапил юзимни ювиб, эшакни олиб чиқиш учун молхонага чопдим.

           - Жуманг қаерда? - сўради отам оловни ланғиллатиб сут пишираётган онамдан. Онам олазарак бўлиб дарвозага қаради.

           Акам кеча кечқурун Тегирмонбошига кетувди. Ўнинчи синфдагилар Тегирмонбошидан бўз ер очиб, маккажўхори экишган. Акам бригадир. Уйдаям, кўчадаям ўйлагани - макка. Мактабни битиргандан кейин беш оғайни колхозда қолиб, ўша ерда ишлашмоқчи. “Икки-уч йил зўр бериб ишлаб “Жигули” оламан, кейин ўқийман”, - дейди акам. Отамнинг орзуси эса акамни катта шаҳарда ўқитиш. “Мен муштдайлигимдан ҳозиргача кетмон чопдим, - деб насиҳат қилади отам бизга. - Шукур, бировдан кам жойим йўқ. Лекин бизларнинг замона бошқача эди. Ҳозир замон - ўқиганники. Сизлар яхши ўқинглар. Яхши ўқисанглар, олим бўласизлар, раис бўласизлар”, Отам, имтиҳонларга тайёрлансин, деб акамни уй ишларидан озод қилган. Акам бўлса, отам уйдан кетиши билан Тегирмонбошига қараб зипиллайди...

           Отам ўроғини зарб билан айвон устунига санчди.

           - Яна тегирмонбошига кетдими? Ўқимаса, шилтага ботиб юраверсин. Айт, келиши билан даштга борсин. Тамаки тизсин. Аҳмоқ бола.

           - Борасолиб қайтаман, девди, - акамни оқламоқчи бўлди онам. - Ҳозир кепқолади.

           - Менга қара, унинг-ку бола.  - Сени қайси жин чалди! - Онамга зуғум қилди отам. Нимага ўғлингни қайтармайсан?  

            Отам, “куйдирдинглар-ку”, дегандай супа четига тўнкариб қўйилган саватга ўзини ташлади. Тут новдасидан тўқилган эски сават ўйилиб кетди. Отам қўли бир ёқда, оёғи бир ёқда ўтириб қолди.

           Тезроқ бу ердан чиқиб кетиш учун эшакни аравага қўша солиб, кўчага ҳайдадим.

           Кўча нимқоронғи, мовий осмонда юлдузлар - менинг юлдузларим чарақлаб турибди. Отам айтган тушга ҳали жуда узоқ.

           Аравада бир-бирининг пинжига тиқилишиб ўтирган укаларимга қараб туриб юлдузларга ҳавасим келди. Уларга маза. Отаси саҳарлаб ўйғотмайди...

           Ростини айтсам, тамаки тизиш бошлангандан бери отамнинг авзойидан юрагим зада бўлиб қолган. Баъзан саҳарда ўйғониб кетаман. Лекин отамнинг “Жума, Илҳом!” деган ҳайқириғини эшитмагунча кўрпадан чиққим келмайди.

           Далада иш қизиганда, отам на бизни, на ўзини аяйди. “Ёзнинг бир нафаси, қишнинг бир ойидан қиммат, - дейди отам. - Фойдаланиб қолиш керак” Шунақа пайтларда “ўқинглар” деганига ҳам ишонгим келмайди. Ўқинглар, деган одам шароит яратиб берсинда! Беш киши мактабга қатнаймиз-у, уйда битта стол йўқ. Қишда сандалда, бошқа пайтлари дуч келган ерда узала тушиб, дарс тайёрлаймиз. Ҳатто токча, тахмонларга ҳам китоб-дафтарингни қўёлмайсан: идиш-товоқ, чойнак-пиёла, кўрпа-ёстиқ... Уйимизда эсимни танигандан бери қўл тегмаган чойнак-пиёлалар бор. Бир куни мехмонхонадаги тақир- туқурларни эринмай санаб чиққанман: чинни косанинг ўзи бир юз йигирмата, қирқ иккита катта-кичик чойнак, икки юзта пиёла, икки тахмон, тўрт токча тўла кўрпа-ёстиқ. Шунча буюм кимга керак? Отам билан онам бўлса, шаҳарга тушдими, коса-товоқ ташишади...

           Аравамиз катта йўлда қишлоқдан чиқиб бораётган ўнлаб араваларга қўшилиб кетди. Ана шунда тонгги карахтлик ўрнини тезроқ манзилга етиш, кун исимай аравани яшил баргларга тўлдириш иштиёқи эгаллади. Иссиқда тамакизорга кириб бўлмайди. Пайкал дим, тамакининг ўткир ҳиди нафасингни қайтаради.

           Пайкал четидаги уватда эшакни аравадан чиқариб, тушовладим. Эркин билан Нодира ширадан чармдай қорайиб кетган узун қўйлакларини кийишди, бошларини рўмол билан танғиб боғлашди. Улар бу ишни муғамбирлик билан секин бажаришди. Азонлаб денгиздай чайқалиб ётган тамакизорга кириш кўнгиллик эмас-да. Муздай баргга қўл теккизсанг, бақани ушлагандай, этинг жимирлайди. Баргларда бижиллаб ётган кўм-кўк хира ширинча юз-кўзинг демай ёпишиб олади, ёқангдан кириб қитиқлайди, жонинг чиқиб кетади, бу шилқим жониворларнинг қитмирлигидан.

           Укаларимнинг имиллашидан жаҳлим чиқди. Иш кўнгилдагидек бажарилмаса, туянинг каттаси кўприкда калтак ейди, деганларидай, тош каттага тегади-да. Акам “эркинликка” чиқмасдан аввал мен ҳам шумлик билан унинг биринчи бўлиб эгатга тушишини пойлардим. Энди... мактаб вақтигача аравани тўлдирмасак, чатоқ. Битталаб барг териб аравани тўлдириш эса осонмас.

           Икки-уч қучоқдан барг узгандик, акам келиб қолди. қовоғи солиқ, кўзлари қизарган. Кўнглим сезиб турибди, отам роса уришган. Акамга раҳмим келди. Қани энди шу пайт бир думалаб ота бўлиб-колсам-у: “Ўғлим, Жумавой, майли, билганингни қилавер”, десам. Ота ҳам қизиқ, ишлайман, деган одамни ўқитиб бўладими? Акам ишлаб машина олса, отамгаям яхши-ку, шаҳарга боргиси келса, бир соат автобус кутмай ғиз этиб бориб келаверади. Биз ҳам тушардик.

           - Ака, майли, сиз бригадангизга бораверинг, биз тамаки терамиз. Отам билмайди, - дедим акамга тасалли бергим келиб.

           - Ҳечам-да, - деди гапимни эшитиб турган Нодира бобиллаб. - У киши юраркан-у, мен ишлайманми? Отамга айтиб бераман!

           Акамнинг ўрнида бўлганимда чақмачақар синглимнинг юзини бир уриб қизартиб қўйган бўлардим. Акам эса...

           - Ҳалиям силарни ишлатиб қўйиб, ўзим ўйнайман деётганим йўқ, - деди қовоғини очмай. - Сен чақимчиликни ташла, ёмон бўлади.

           Кошки, Нодира “ташла” деса ташлайдиган қиз бўлса. Аксинча, доимо қулоғи динг, гап пойлайди. Унинг шу одатини отам ҳам ёмон кўради. Бир марта: “Иккинчи чақимчилик қилмайман дегин”, -  деб қулоғини узиб олишига сал қолган. Нодира уч-тўрт кун тилини тишлаб юрди, кейин чидолмади. Бир куни отам уни молхонага - бузоқларнинг ичига қамаб қўйди.

           Буям тирноқча таъсир қилгани йўқ. Отамнинг айтишича, Нодира аммамга тортган. Аммам болалигида шунақа экан. Уйли-жойли бўлгандан кейин “оғзи ёмон куйиб”, чақимчилик қилмайдиган бўлибди...

           Арава тўлгунча қуёш терак бўйи кўтарилиб кетди. Фамилиянг “дангасалар доскаси”га тушмаслиги учун энди шошилишинг керак.

           Акам араванинг шотисидан кўтариб турди. Тортавериб ўрганиб қолган эшак тихирлик қилмай жойини эгаллади. Ўйдим-чуқур ерлардан ўтиб, катта йўлга чиққунча акам араванинг орқасидан итариб, ёрдамлашиб келди. Кейин эгарга ўтирдим-у, “чу жонивор!” дея эшакка хала босдим. Жонивор қорни тўйиб, куч тўплаган эмасми, бирпасда уйга етказиб келди. Онам нон тўғралган сопол косаларга сут, сарёғ солиб кутиб турган экан...

           Анави қизил латтали “қоровуллар”га дуч келмаслик учун магазин орқали юрдим. Магазин деворининг мактаб билан туташган жойида катта ёнғоқ бор. Ёнғоқнинг бир шохи мактаб боғидаги ўрикка туташиб кетган. Ёнғоқдан ўрикка ўтсанг, бас, ўзингни мактабдаман, деб ҳисоблашинг мумкин. Ҳеч ким кўрмайди. “Кўприк”дан ерга сакрашим билан кимдир қаттиқ туртиб юборди.

           - Кўзингга қарамайсанми?

           Шердор! У бу ерда нима қиляпти? Кўзлариям қизарганми? Юрагим аллақандай кўнгилсизликни сезгандай бўлди.

           - Уришдингми дейман бирорта билан.

           - Йўқ. Анави... келди.

           - Отангми?

           Шердор юзини четга бурди.

           Шердорнинг отаси иккинчи синглиси тўғилган йили уларни ташлаб, шаҳарга кетиб қолган. Шердор отасини ёмон кўради. Паспорт олса, фамилиясини онасининг фамилиясига ўтказиб олмоқчи. Одамлар: “Ҳайитни уч норасиданинг уволи кўр қилади”, дейишади. Яқинда янги гап тарқалди: “Ҳайитни шаҳарлик мегажини ҳайдаб юборибди”. Шу гап чиққандан бери Шердор хомуш эди. Рост экан.

           - Мен кетяпман, - деди бирпас жим тургандан кейин Шердор. Бу янгилик мени ҳайрон қолдирди.

           - Қаёққа?

           Шердор кўзларимга тикилди. Унинг қарашида “сен нимани тушунардинг”, деган маъно бор эди.

           Шердорнинг қизиқ одати бор. Кўп ўқишда менга тенглашолмайди-ю, лекин саргузашт китоб деса, ўзини томдан ташлайди. Қачон папкасини очма, албатта фантастик китоб бўлади. Чет тилиям жон-тани. Инглиз тили муаллимимиз уни ўғлидай кўради. Уйида немис, форс, испан тилларидаги луғатлар бор. У ана шу тилларни мустақил ўрганмоқчи. Мактабни битирса, разведкачи бўлармиш.

           - Юборишмаса-чи?

           - Билдирмай ўтиб кетаман. Резиденция тузиб олиб, ўзимизникилар билан алоқа ўрнатаман. Сен Артур Конан Дойлга ўхшаб катта ёзувчи бўлганингда мен ҳақимда китоблар ёзасан.

           Унинг гапларини эшитиб, кулгимни зўрға босаман. Мендан ҳам хаёлпараст...

           - Ўтиб бўпсан. Кинода кўрдингми, қуш бўлиб чегарадан ўтган жосусни қандай боплаб қўлга туширишди.

           Шунақа пайтларда у ишонмаётганимдан хафа бўларди. Лекин ҳозиргиси...

           - Ҳали чет тилини ўрганмадинг...

           Шердор катталардай ҳорғинлик билан бир қўлини елкамга қўйди.

           - Яхши боласан-у, лекин одамнинг ичидагиларни сезмайсан. Сендан ёзувчи чиқиши қийин, - деди.

           Донолигини...Искандар ака бўлиб кет-е!

           - Разведкачи бўлмоқчи эдинг...

           - Ҳозир разведкам чиқиб турибди-ю, сен...

           - Ие, айнидингми?

           Шердор ердан қуруқ шохча олиб, жаҳл билан синдирди. 

           - Чўлга кетяпман.

           - Чўлга!?  - Чўлда нима қиласан?

           - ...

           - Отанг, кет дедими? - бу савол оғзимдан беихтиёр чиқиб кетди.

           Шердорнинг жаҳли чиқди. Каловланиб қолдим. Онажонимнинг “Ўйламай сўйлаган, оғримай ўлар”, дегани шу бўлса керак.

           - Кет дермиш. Ўлиб боряпти-ю! Кўрсанг раҳминг келади. Юзлари яра-чақа, шаҳарлиги ҳайдагандан бери кўчама-кўча сандироқлаб юрган экан. Тунов кун келганда онам уйга киритмаган эди. Кеча тағин келди. Яна ҳайдади. Ҳайдади-ю, она ўзи тун бўйича инграб чиқди. Эрталаб молларни подага қўшай деб оғилга кирсак, у таппига буланиб, ўша ерда ётибди. Ўзини билмайди. Ўқчийди, қон қусади.


 


Report Page