ҚАЙТА ТУҒИЛГАН БОЛА
16 март, 197... йил
Шундай воқеалар бўладики, эслагинг ҳам келмайди. Мисол учун бугунгиси.
Дарс тугади. Уйга жўнаётувдим, Меҳри:
- Синфни тозалаш Гулнора учовмизнинг зиммамизда. Кетма, - деди.
- Фармон беришини-чи! Подшо бўлиб кет-е! Кимсан - мен, Илҳом, чумчуқдай шу қизчанинг буйруғига бўйсунишим керакмиш. Тушингни сувга айт! Машҳур одамлар ҳеч қачон майда-чуйда билан шуғулланишмаган.
-Ювгинг келаётган экан, марҳамат. Лекин мен икки букилиб пол артмайман! - шундай деб чиқиб кетаётгандим, Гулнора аралашди:
- Нега ювмасакансан! - Ўзинг ўқийдиган жой-ку!
- Сиз жим турсангиз бўларди, жиб... -”жиблажибон” деб юборишимга сал қолди. Яхшики, вақтида тилимни тийдим. Бўлмаса, Меҳри учун ғаройиб текин томоша бошланарди. Гулнорага ҳайронсан. Башарасига қараб, кўрсан, соқовсан, иягинг қийшиқ, де, “ғинг” демайди. Лекин “жиблажибон”- деб қўйсанг борми, бошинг балога қолади. Бу сўзнинг нимаси ёмон экан?
- Шунақами? Кетсанг, жавобини директорга берасан!
Мурод Мўминовичнинг қулоғига бу етса, оқибати нима бўлишини биринчи синф боласиям билади. Эшикка етганимда ноилож тўхтадим. “Кетмасам кетмабманда, - ўйладим ичимда, - барибир қўлимни сувга текизмайман!”
Дераза токчасида оёғимни осилтирганча, хуштак чалиб ўтиравердим. қизлар супуриб, тозалашга тушиб кетишди. Уларга қараб туриб: “Менга уни қил, буни қил, дегунча ишимизни кўру боплаб газетага ёз, демайсанларми, жиблажибонлар. Машҳур қилиб юбормайманми бир кунда икковингниям!” - дейман ичимда.
- Бетинг эшакни терисидан ҳам қалин экан! - деди Гулнора челакни тарақлатиб. - қиз бола ишлаяпти-ю, бу...ма, ҳеч бўлмаса бир пақир сув опке!
Тилгинангни чаён чаққур-ей, гапларининг заҳарлигини! Эшакнинг териси... Энди кўрасан тери нималигини!
Узатгач челагини бир тепиб, синфдан чиқиб кетдим. Кетишга кетдим-у, лекин ҳовурдан тушган сари вужудимга ваҳима ўрмалай бошлади. Яқинда математика дарсидан “қуён” бўлувдим. Бугун... Эртага ҳамма эшитади, Санамгул ҳам, Аттанг, яхши иш бўлмади-да...
17 март, 197... йил
Бугун Санамгулдан хафа бўлдим.
Аҳмад менинг масаламни кўриб чиқиш учун шошилинч йиғилиш ўтказди. Шу чоққача масжлисда “масалам” кўрилмаган. Ғалати бўлиб кетдим.
Биринчи сўз Гулнорага берилди. Кечаги воқеа Гулноранинг уёқ-буёғидан ўтиб кетган экан. Қалампирдай аччиқ сўзларни бирам қалаштириб ташладики...
Гулнора гапираётганда “тўғри-тўғри”лаб турган Меҳри, у сўзига нуқта қўйиши билан ирғиб турди:
- Тепди! Сув опке, десак, бир тепиб чиқиб кетди! Мактабдан ҳайдаш керак бунақа зўравонни! Тағин бу кишим мухбир эмиш.
- Ўзини уриш керак газетага!
Шов-шув, тортишув авжига минди. Мен бўлсам кўз қирим билан Санамгулни излайман. Ана у!... Гуё бу ердаги гапларга сираям алоқаси йўқдай, деразадан кўчага қараб ўтирибди. Менга алам қилди. Меҳрининг чийиллаши, Аҳмаднинг куюниши эмас, Санамгулнинг бепарволиги жаҳлимни чиқарди.
- Жим, жим бўлинглар! - столни муштлади Аҳмад. - Ўзидан сўрайлик. Қани, тур, гапир?
“Сенга ҳисоб берадиган тентак йўқ!” демоқчийдим, Шердор сапчиб турди:
- Нега бунга ёпишасилар. Бир марта пол ювгиси келмаса, нима бўпти. Шунгаям мактабдан ҳайдаворадими? Ўйлаб гапиряпсанларми? Ахир, бу мактабимизнинг фахри-ку!
- Фахри-фахри деявериб, елкамизга чиқариб олдик! - тутақди Аҳмад. - Агар билсанг, синфимизга доғ туширяяпти жўражонинг!
- Э-э, қўй-е!...
- Нимага қўярканман? Математикадан нечта “уч”и бор? Физикадан, химиядан-чи?
- “Уч” “икки” эмас...
- “Икки”дан ёмон! “Икки”нг бўлса, “уч” қилай, деб тиришасан. “Уч”инг бўлса-чи, “икки” олгунча юраверасан оғзингни очи-иб..
Шердор шаштидан тушса ҳам, ён бергиси келмади:
- Адабиётдаги “беш”лари-чи?
- Мен ҳам шуни айтмоқчи эдим, - Аҳмад ҳам бир поғона пастга тушди. Ўқийман деса - ўқийди. Лекин битта фан билан иш битмайди-ку. Жамоат ишларига қатнашмайди. Музей ташкил этдик, уруш қатнашчиларининг хотираларини ёзиб олдик, кичкинтойларга ёрдам беряпмиз. Бу-чи?
Аҳмад яна қизишиб бораётганини сездими, томоғини қириб қўйди. - Бу йиғилишдан мақсад, Илҳомни фақат уришишмас, дўстона танқид қилиб, хатоларини тузатишда ёрдам бериш. Сен, ҳой, оғзингга толқон солмай гапирсанг-чи? Айт, қандай ёрдам керак?
Аҳмаднинг охири гапи игнадай санчилди. Сапчиб туриб кетдим.
- Сенга оғирлигим тушмай қўя қолсин. Аравамни тортишга кучим етади! - деб худди кечагидан эшикни қарсиллатиб чиқдим-кетдим. Бир алам қилди, бир алам қилди... Улар мени ҳеч балога ақли етмайдиган тўнка деб ўйлашаркан-да. Санамгул-чи? Бир оғиз гапирмади-я. “Хўп, нега гапириши керак, - ўйлай бошладим ўзимни сал-пал босиб олгандан кейин. - Санамгулга мен кимман? Дугонаси бўлмасам”. Уни бир марта (айтишгаям уяласан) кўриб... қолганман. Эсласам қизариб кетаман.
Бу - ўтган ёзда юз берувди. Чайладан келаётувдим. Ҳаво иссиқ, дим. Анҳор ёқалаб гузарга жўнадим. Гузар - болалар чўмиладиган жой. Анҳор ўша ердан ёйилиб оқади, икки бети қорамтир, иссиқ қум. Муздай сувдан чиқиб, қумга ётиш маза... Анҳорга яқинлашганимда толлар орасидан қиз боланинг кулгуси эшитилгандай бўлди. Толларнинг ости қалин бутазор. Биз - ўғил болалар илон бор деб, у ерда чўмилмасдик. Яна кулги. Атрофда ҳеч зоғ йўқ. Оёқ учида бутазор орасидан қирғоққа яқинлашдим. Яқинлашдим-у... эртаклар дунёсига кириб қолгандай сеҳрланиб қолдим. Анҳорнинг у бетида ҳўл сочлари ёноқларига, оппоқ гулли куйлаги баданига ёпишган Санамгул турар эди. У энтикиб нафас олар, ҳамма нарсадан уялиб, тортинаётгандай теваракка тез-тез ҳадиксираб қарарди. Бу қиз мен шу пайтгача кўриб юрган Санамгулга сираям ўхшамасди.
- Санам, тушмайсанми? - қистади тол шохига осилиб оёқларини тапиллатаётган дугонаси. У қиз ҳам қўйлаги билан чўмилаётган эди.
- Ҳозир, ҳозир... - Санамгул тикилиб қолганимни сезгандай ўзини сувга отди. Вужудимни жуда ғалати - тушуниб бўлмайдиган ҳис чулғаб олди. Бирам уялдим, бирам ҳаяжонладим-е. Худди бирдан улғайиб қолгандайман. Болалигим анҳор сувига қўшилиб, олис-олисларга оқиб кетгандай, мен учун тамомила янги, ажиб бир олам бошлангандай...
Бир неча кун Санамгулнинг юзига қаролмай юрдим. Кўрсам оёқ босаётган ерим эсдан чиқиб кетади. Доскага чиққанда қараб турганини сезсам, каловланиб қоламан.
Бир куни у бизларникига “Бошсиз чавандоз”ни сўраб кирди. Дарров топиб бердим. Санамгул китобни ўқиб, “мақташганича бор экан”, деди. Яна биронта китоб сўрармикан, дедим ичимда. Йўқ. Қайтиб ҳеч нарса сўрамади. Хуллас... нималар деб валдираяпман ўзи? Санамгул ким - ўттиз икки синфдошнинг бири-да. Нега унга аччиқ қилиб, бошқаларниниг жиғига тегишим керак? Жинниман-да, ғирт жинни... Аҳмаднинг тили ўн қарич бўлди, энди тинч қўймайди.
20 март, 197...йил
Ўйлаганим бўлди: катта танаффусда ҳовлиқиб синфга кирган қодир карнай:
- Илҳомбек, директорнинг олдига! - дея тантанали оҳангда эълон қилди ва одатига кўра “Марш!” деб қўйишни ҳам эсдан чиқармади.
Директоримизнинг хонасига киряпман-у, юрак гурс-гурс тепади.
- Келдингми, қани ўтир, - деди дераза қаршисидаги столда алланималарни варақлаб ўтирган Мурод Мўминович. - Хўш, нима гаплар? - Мурод Мўминович ялтироқ кўзойнагини олиб, дастрўмоли билан тозалай бошлади. “Нима гаплигини сиздан сўраймизда, домлажон”, дегим келди-ю, юрак қани? У кишига бақрайганча қараб туравердим. Мурод Мўминович кўзойнагини ҳафсала билан артиб бўлгач, қуёшга солиб тозалигини текширди, кейин жойидан турди. Мен ҳам турмоқчи бўлдим-у, кўзларида “ўтир” деган маъно сезиб, бир қимирлаб қўйдим.
- Сени эсли, ақлли бола деб юрардик, фахрланардик, сен бўлсанг... - Мурод Мўминович хонада уёқдан-буёққа секин юриб гапирарди. - Сен бўлсанг ё талтайиб кетдинг, ёки ростдан ҳам айнияпсан. Саккиз йилдан буён шу мактабда, шу синфдаги болалар билан бирга ўқиб келяпсан. Шу пайтгача “ҳаммаларинг яхши эдинглар. Мана энди, айни ақл кирадиган пайтда жанжал-тўполон, шикоят, - Мурод Мўминовичнинг овози орқа томонимдан эшитила бошлади. “Бетимнинг қалини жонимнинг ҳузури”, деб бошимни эгиб олдим. - Синфдошларинг устингдан шикоят ёзишибди. “Бизни менсимайди, адабиётдан бошқа фанни фан демайди” ва ҳоказо... Хўш, нега бундай бўляпти? Нега менсимайсан дўстларингни? Мен журнални олиб варақлаб кўрдим. Баҳоларинг жудаям паст. Агар аҳвол шу хилда кетаверса, тўққизинчида ўқишингга кўзим етмайди. -Оғзимга толқон солиб ўтиравердим. “Ўқимасам қандай яхши, муаллимжон! бемалол ёзувчилик қилиб юравераман”, дегим келди-ю, яна тилимни тийдим. - Гап шу - биринчи навбатда интизомингни тузатасан. қизлардан кечирим сўрайсам. Ўқитувчингни масхара қилганингга келсак... - Мурод Мўминовичнинг овоз кўтарила бошлади. - Ўқитувчи - ўқувчи учун иккинчи ота, иккинчи она. Одам ота-онасини масхара қиладими? А?! Яна бемазагарчилик қилганингни эшитсам!.. - Мурод Мўминович жойига ўтиб ўтирди. - Мухбирлигингга келсак, ёзма демайман, лекин, аввало, дарсларни қойиллат!
Тавба, Мурод Мўминовичдай одам ҳам анавиларга ўхшаб мени “кўролмас” экан. Гапини қаранглар, аниқ фанларга қизиқмасам, мендан минг йилда ҳам ёзувчи чиқмасмиш. Кўрамиз. Математика, геометрия-пиоментрия деганларни ўлсам ҳам ўқимайман. Синфдошларга келсак, нимасини ҳурмат қилишим керак уларни? Шердордан бўлагида тирноқча талант йўқ, қорига ўхшаб китобда борини ёдлашдан бошқасига ярамайди. Мен математикани билмасам ҳам, роботларнинг қандай қойилмақом ишлар қилаётгани, ойга неча марта сунъий йўлдошлар учирилганини беш қўлдай биламан. Мурод Мўминович ҳам мен билганларни билмаса керак. “Бемазагарчилигинг қулоғимга чалингудай бўлса...”миш. Чалинса нима қилардингиз? Зўр келса, мактабдан ҳайдайсиз-да! Қайтанга яхши, ёзувчилик қилиб юравераман.