ҚАЙТА ТУҒИЛГАН БОЛА
(ёки Илҳомнинг “Хотира” дафтаридан)10 март, 197 ... йил
Юлдузларни ҳеч ким менчалик яхши кўрмас. Осмондаги юлдузларга ном қўйиб олганман. Томимизнинг шундоққина тепасидаги ялтироқ юлдуз - Шердор, ёнидагиси Искандар ака, кейингилари - Аҳмад, Кенжа, Гулнора... Ҳулкардан пастроқда сўнаётган шамдай милтиллаб турган иккитаси - Ҳиммат билан Холмат. Олисроқда турсин, деб осмоннинг бир четига суриб қўйганман уларни. Осмонда мен учун азиз бўлган яна битта юлдуз бор. Оппоқ, машъалдай ловиллаб турувчи бу юлдуз - Олтин қозиқ. “Олтин қозиқ“ - одамнинг дўсти, - дердилар раҳматлик бобом. - Кечаси адашиб қолган йўловчилар қадимда шу юлдузга қараб йўл топишган. Юлдуз қозиқ ҳеч кимни алдамайди”.
Шу юлдузга қарасам, бобомнинг сўзларини эслайман. Унга қарасам... Санамгулнинг кўзлари ёдимга тушади. Юлдуз - Санамгулнинг кўзларига ўхшайди! Санамгулнинг чақноқ кўзларига. Доимо кулиб турадиган, кулгиси вужудингга ширин азоб берадиган ... кўзларига.
Ҳар куни юлдузим билан суҳбатлашаман, унга кўрган-билганларимни айтиб бераман.
Ҳозир ҳам юлдузим билан гурунглашиб, кундалигимни тўлдиряпман.
Шу кеча ёмон туш кўрдим. Уват ёқалаб кетаётган эмишман. Тўрт томоним қип-қизил қизғалдоқ эмиш. Дов-дарахтлару тоғу тошлар ҳам чўғдай қип-қизил. Тўсатдан, худди биров шамни пуфлаб ўчиргандай қизғалдоқлар гулхани сўнди. Осмондан тушдими, ердан чиқдими, қаршимда Ҳиммат пайдо бўлди, қўлида чиройли варрак, узун думлари ялт-ялт товланади.
- Варрагинг мунча яхши. Ўзинг ясадингми? - дейман ҳавас билан.
- Кўзинг борми, ракета-ку бу! - дейди у гердайиб.
Чиндан ҳам унинг қўлидаги варрак эмас, ракета эди! Тумшуғи ўткир, оппоқ қанотлари ўртасида юмшоқ ўриндиқ.
- Бир катайса қилмайсанми? Айтсам, ракетам ҳозироқ сени юлдузингга олиб боради.
Ҳимматнинг сахийлигидан ҳайрон қолдим.
- Эриб турган пайтимда “ҳўп”де. Бўлмаса бирпасдан кейин айниб қоламан-а.
- Бўпти!
- Ўтир, рулни маҳкам ушла!
Ракета осмонга ўқдай кўтарилди. Булут тоғларини ёриб, юлдузларга яқинлаша бошладим... Тўсатдан ракета яна варракка айланиб қолса бўладими?! Қўлимдаги рул қоғоздай ғижимланиб кетди! Ҳавода гир-гир айланиб, коптокдай пастга қараб думалаб кетдим. Қулоғимга бўш бочканинг даранглашидай дағал кулги эшитилди. Қарасам, Ҳиммат: “Бопладим, бопладим!” - деб дик-дик ўйнаяпти.
- Илҳом, эҳтиёт бўл! - деб қичқирди кимдир.
Кўзимни катта-катта очдим: мактабимиз ёнидаги каллакланган тутнинг устига қулаб тушяпман. Найзадай шохлар: “Кел, кела қол. Бир кабоб қилайлик”, - деб тиржаяди. “Войдод!” - деб шунча бақираман, қани энди овозим чиқса?! Тамом! Кўзларимни чирт юмиб олдим. Шу пайт бир сор бургут шамолдай учиб келиб, қўлларимдан чангаллаб яна осмону фалакка опчиқиб кетди...
- Илҳом! - Илҳом!
Чўчиб ўйғониб кетдим. Майкам жиққа ҳўл. Юрагим гурс-гурс уряпти.
- Илҳомжон, турақолгин, дердилар супанинг четида куви пишаётган онам. - Мактабингга кеч қоласан.
Анчагача ўзимга келолмай карахт бўлиб ўтирдим. Раҳматлик бобом, тушингда қизил ранг кўрсанг яхши бўлади, деган эдилар. Менинг тушим ... аввал қилғалдоқзор, кейин... Бир гап бўладиёв.
Ҳиммат билан яна уришиб қоламизми, дейман-да.
Ҳалиги, суфлёр воқеасидан буён, мендан қандай ўч олишни билмай юрувди. Аммо-лекин, роса майна бўлувди-да ўзиям. Эсласам, ҳалигача кулгим қистайди.
Бошидан айтақолай.
Март байрами арафаси эди.
Байрамга пьеса тайёрламоқчи бўлдик. Искандар ака ташаббусимизни қувватлади. Ҳар ким ўзига ёққан ролни танлади. Аҳмад - айиқча, Шердор - бўри, Гулнора - қўзичоқ, Кенжа - овчи...
- Яна бир киши керак, - деди муаллим.
- Нега, роллар тақсимлаб бўлинди-ку?! - деб ҳайрон қолдик биз.
- Тўғри, лекин суфлёр керак, суфлёр! Баъзилар ҳаяжонланиб, айтадиган сўзини унутиб қўяди. Саҳнада бунақа воқеалар жуда кўп бўлган.
Очиғи, ҳеч ким бу вазифани бажаришни истамади. Рост-да, доскага чиққан Холматга шивирлаб ёрдам бериб турадиган Ҳимматга ўхшаб саҳна орқасидан пичирлайман, деб кимнинг кўзи учиб турибди...
- Ҳимматга бериш керак бу ролни, - дедим тилимни тиёлмай.
Болалар, ҳатто, Искандар ака ҳам кулиб юборди.
- Ҳимматжон, энди ҳунарингни бир кўрсатадиган бўлдинг-да, - деди Искандар ака жилмайиб.
Ҳиммат лавлагидай қизариб кетди. Аммо Искандар ака кетгандан сўнг ёқамдан олишига оз қолди. “Шошма, - дедим ичимда. - суфлёрлигингни бутун мактабга ёймасам...” Шу куни “Суфлёр” деган мана бу шеърни ёздим:
Яқинда синфимизда
қўймоқчи бўлдик пьеса.
Биров чол, биров кампир,
қуён бўлди Нафиса.
Энг зўр рол - суфлёрликка
Ҳимматни топдик лойиқ.
Эрта-индин томоша
Келаверинг, халойиқ!
Шеърни Аҳмадга ўқиб бергандим, у оласолиб синф хонага чопди. Катта танаффусга чиқсак, деворий газета атрофида тумонат одам. Ҳаммаси пиқ-пиқ кулади. Салимбой шеърнинг ёнига шундоқ зўр расм чизибдики, кўрсангиз худди Ҳимматнинг ўзи дейсиз. Ҳиммат бечора анча пайтгача бошини кўтаролмай юрди. Шу-шу ўч олиш пайида. Ишқилиб, бобом айтганидай, тушимнинг охири бахайр бўлсин...
Ювиниб келгунимча онажоним дастурхон ёзиб, сопол косада сут олиб келди: нон тўғралган, сариёғ солинган. Онажонгинам-ей... Ҳамма одамлар онажонимдек ширинсўз, меҳрибон бўлса нима қиларкин-а! Ҳиммат билан Холматга ўхшаганлар “ёзувчи”, “мухбир” деб мазах қилиш ўрнига, “Яша, Илҳомжон! Келажакда сиздан зўр ёзувчи чиқади, (кошки бу калтафаҳмларнинг ақли шунақа гапларга етса!) Аҳмад мирқуруқ ҳам мажлисларда: “Илҳом тирроқи бузоқдай қачонгача синфга доғ туширади?!” - деб чинқиравермаса-ю, “Илҳомбек синфимизнинг фахри. У фақат синфга эмас, мактабимизга ҳам шуҳрат келтирмоқда”, - деса.
Хўп, шундай мақтовларга арзимабманми? Кимсан - туманда машҳур мухбир бўлсам! Газеталарда моқалаларим пақиллаб чиқиб турган бўлса, мактабдаги деворий газеталарнинг бирортаси менсиз чиқмаса, байрам кунлари болалар тугул йўриқчимиз Асолат опа ҳам соядай орқамдан эргашиб юрса... Байрам зўр-да. Бошқаларни билмайман-у, аммо мен байрам яқинлашаверса, терак бўйича ўсиб кетаман. Икки гапнинг бирида “Илҳом ундоқ, Илҳом бундоқ“ деб таъна тошлари ёғдирадиганларнинг ҳаммаси гирдикапалак бўлиб қолишади. Ҳатто, синф раҳбаримиз Оллоберди ака ҳам, тилини асалга ботириб олгандай, оғзидан ширин гап тушмайди: “Илҳомжон, газетани бир боплаб чиқарайлик, ҳамма қойил қолсин!” У киши тугатар-тугатмас, Асолат опа пайдо бўлади: “Илҳомжон, бош мақола ёзиш эсингдан чиқмасин-а. Анови синфдагилар адабий кеча ўтказишмоқчи эди, ёрдам берворгин”. Шунақа пайтларда математикага ўхшаш бошоғриқ дарсларга кирмасам ҳам, биров ғинг демайди.
Афсуски, бундай лаззатли кунларнинг умри қисқа: байрам тугаши билан каминанинг шон-шуҳрати-ю эркаликлари ҳам шамол учирган хашакдай ғойиб бўлади. Яна заҳарли гаплар, найзадор кесатиқлар... Фақат адабиёт ўқитувчимиз Искандар ака Боймуродович доимо бир хил жилмайиб: “Шоир бола, ишлар нечук? Янгиларини қачон эшитамиз? “ - дейди...
- Кеча малиминг отангга шикоят қипти. Ҳисобдан чатоқ эмишсан, - хаёлимни бузди онам.
Шу муаллимдан қутулмадим қутулмадим-да. Синф раҳбари, завуч, директор - ҳаммасига чақиб чиқди. Навбат, мана, отага ҳам етиб келибди.
- Мен буғалтир бўлмайман. Отамга айтинг, муаллимимизни кўрса, шундай десин.
Онам одатдагидай насиҳатгўйлигини бошламоқчи эди, папкамни ола кўчага чопдим.
Онамга ҳайронман. Меҳрибонликда тенги йўқ, лекин игнадай хатоимни эшитса, ваҳима кўтариб, соатлаб панд-насиҳат қилади. Нима, мен боғча боламидим? Буям майли, чидаса бўлади. Лекин Аҳмадга ўхшаганларни пеш қилиши!...
Ҳўш, Аҳмад ким? Синфком демасанг, мақтайдиган нимаси бор? Китобни ёдлаб, тўтиқушдай сайрашими? Зўр бўлса, шеър ёзсин! Икки энлик хатни эплаб ёзолмайди-ю... Умри бино бўлиб “Этик қийган мушук”дан бошқа бадиий китоб ўқимаган. Билгани – икс-игрик, учбурчагу олтибурчак. Яна хўжайинлик қилганига куясанми?
Майли, шошмай турсин, ҳадемай уларнинг бариси ёнгиналарида шундай талант турганини кўрмаганлари учун пушаймондан бурунларини тишлашади.
- Ҳой бола, тўхта-чи!
Оббо, хаёлга ғарқ бўлиб, навбатчиларнинг тумшуғи остидан чиқиб қолибман-ку! Наҳотки, дарс бошланган бўлса?
- Э-э ўзимизнинг мухбир-ку! бугун номинг қора доскани бир безаркан-да, - деб масхара қилди билагига боғич боғлаганларнинг новчаси - тўққизда ўқийдиган Ризо.
- Кечаси билан ухламай шеър ёзиб чиққан-да, шеър! Ва-ҳа-ҳа! - Ризонинг ҳамроҳи маза қилиб кулди.
Биринчи дарс рус тили эди. Ҳа, томошанинг зўри мана энди бўлади.
қўрқа-писа синфга яқинлашдим. Ичкаридан болаларнинг шовқини баралла эшитилиб турибди, қувониб кетдим.
Рус тили ўқитувчимизнинг синфда йўқлиги аниқ. Демак, Эгамберди ака “беш минутлик зарил иш” билан кетган. Ўқитувчимизнинг “зарил иш”ини биламиз. Ҳозир қишлоқда нима кўп, тўй кўп. Эгамберди ака баъзан бизга вазифа топшириб, ошхўрликка бориб келадилар. У киши эшикдан чиқади-ю, синфнинг чўп суқилган ари уясидан фарқи қолмайди: кимдир қўшиқ айтади, кимдир партани чилдирма қилади, кимдир қоғоздан самолет ясаб учиради.
Қичқираверганидан хириллаб қолсаям, Аҳмад бечоранинг гапига ҳеч ким қулоқ солмайди.
Синфга тўғри кириб бораверсам бўларди, лекин хаёлимга келган бир фикрдан кейин...
Эшик ёнида Эгамберди акадай қисқа-қисқа йўталиб, шахд билан хонага кирдим:
- Нима гап? Нима тўполон!
Ҳимматвой доска олдида Эгамберди аканинг қилиқларини кўрсатаётган эканми, партага қараб отилди-ю, қоқилиб кетди. Меҳри, Робия, Сурайёлар дик этиб турган жойидан “вой”деб чўкиб қолишди. Карим қитмир уларнинг сочини бир-бириникига боғлаб қўйган экан. Кейин “гурр” кулги кўтарилди. Меҳрига ўхшаганлар эса алам қилганидан хезланиб қолишди. Қарасам, иш чатоқ.
- Эгамберди ака ариқчада кўлини ювяпти, - бўш келмадим мен ҳам. - Ҳозир келади.
Энг қизиғи, жойимга бориб ўтиришим билан эшикда ияк-чаккаларини кирпининг тиконидай тук қоплаган Эгамберди ака кўринди.
- Словарни ёдлаб бўлдиларингми? - деди Эгамберди ака атрофга эринчоқ кўз югуртиб. - Яхши-яхши. Энди уй ишини ҳам белгилаб олайлик. Хў-ўш, уйда эллик биринчи бетдаги словарни ёдлаб келасизлар.
Эгамберди ака шошилмай журналга бир намаларни ёзди. Сўнг:
- Аҳмаджон, йўғимда ҳеч ким тўполон қилмадими? - деди.
- Илҳом, Илҳом эчкига ўхшаб диконглади! - Аҳмаднинг ўрнига жавоб берди Ҳиммат. У ёмон йиқилганми, ҳалиям тирсагини силаб ўтирганди.
- Ҳа, Илҳом тўполон қилди! Бақирди, қўшиқ айтди, - унинг гапини қувватлади Меҳри.
Эгамберди аканинг ёмон одати бор: икки киши бир гапни тасдиқладими, тамом - ким оқ, ким қора, суриштириб ўтирмайди. Айбсиз “айбдор”ни қаттиқ жазолайди.
- Шунақами? - Эгамберди аканинг авзойи бирдан ўзгарди. - Ҳали йўғимизда бозор қиладиган бўп қолдингизми?!
- Мен... ўзим... ҳозир келдим-ку!
-Кечикканман дегин? - Эгамберди ака лапанглаб олдимга келди. - Қулоғингни остида олов ёқиб қўярдим-у, аттанг, замон кўтармайди-да! Ўтир!
- Мен, мен...
- Бас қил!
Қўнғироққача зўрға чидаб ўтирдим.
Қани энди Эгамберди ака айтгандай, “замон кўтарса-ю”, Ҳимматни таъзирини берсам...
Танаффус бўлиши билан Ҳимматга ташландим. Агар орага “Жирафа” тушмаганда... “Ширафа” - Холмат. Муштлашишда синф чемпиони. Уришмаган куни ухлолмайди. Муштдайлигидан шу. Бўйни узун (бир метр боров) бўлгани учун Жирафа деймиз.
... Мен бешинчигача у билан бир партада ўтирардим. Синф раҳбаримиз, “шатакка оласан” деб тайинлаганди. У вақтлар ҳисоб-китобдан тузук эдим-да. Холматни синфдошларимиз ёқтиришмасди. Холматнинг ўзи бўлса, парвойи палак: “Ҳамма мендан қўрқади”, деб мақтанарди. Синф бўйича фақат унда моторли велосипед бор эди. Эрталаблари патиллатиб ҳайдаб келганида, ҳамма болаларнинг оғзи очилиб қоларди. У болаларни велосипеди ёнига йўлатмас, менга бўлса ҳаммага эшиттириб:
- Илҳом! Бир катайса қилиб келмайсанми! - дерди керилиб.
Биламан, вазифани мендан кўчираётгани учун шундай қилади. Мен веломоторида катайса қилганим учунмас, ачинганимдан дафтаримни берардим. Агар бошқалардай мен ҳам ўзимни олиб қочсам, ёрдам бермасам, (ўшанда кўчиртириш - ёрдам бериш, деб ўйлардим) шўппайиб бир ўзи қолади-да.
Бир куни қизиқ бўлган. Ёзма ишимни кўчираётганида Искандар ака пайқаб қолди.
- Сен дўст эмассан, - деди Искандар ака, - дўст ўртоғини енгилнинг остидан, оғирнинг устидан юришга ўргатмайди.
Ер ёрилмади, кириб кетмадим. Бу ҳам камдай:
- Кўчиртирмаса, Холмат веломоторига миндирмайди-да! - деди кимдир. Ҳамма кулиб юборди.
Танаффусда Холматни бир четга тортим-да:
- Бундай кейин, ўқи. Энди, дафтар бериш йўқ, - дедим қатъий.
- Шунақами? Велосипедга миндир дейишни биласан?
- Энди ундай демайман.
Шу кундан бошлаб бошқа-бошқа ўтирадиган бўлдик. Холмат Ҳиммат билан яқинлашиб олди. Энди эгизакдай бир-биридан ажралишмайди. Бирор киши Ҳимматга қаттиқроқ гапирса, Холмат дарров жўрасининг тарафини олади. Илгарилари болаларнинг битта-яримтаси Ҳимматни хафа қилгудай бўлса, у югуриб бориб, отаси - Хурсанд амакини етаклаб келарди. Хурсанд амакининг буфети мактабимиз ёнгинасида, катта йўл бўйида. Нима учундир қишлоғимиздагилар у кишини “тулки” дейишади. Аслида эса Хурсанд амаки тулкидан кўра кўпроқ айиққа ўхшайди. Қорни қопдай. Лапанглаб юриши ҳам айиқнинг ўзгинаси. Хурсанд амакини биз - болалар ҳам ёмон кўрамиз. Шоп мўйловини бураб, бир шиша лимонадни эллик тийинга, картошкали пирожкини йигирма тийинга пуллайди. Бир пачка печеньени бир сўмдан сотиши-чи? Одамлар юлғичлигини билишса ҳам, индашмайди. “Қишлоқчилик, кўз-кўзга тушади. Инсофга келиб қолар”, дейишади. Хурсанд амаки бўлса, инсофга келиш ўрнига баттар қилади. Аллақаердан гўшт келтириб, килосини саккиз сўмдан пуллайди. Тагида оппоқ “Волга”, кўчада юришини кўрсангиз, нақ эртакдаги подшо дейсиз. Ҳовлиси-чи, ҳовлиси, худди қасрнинг ўзи. Онамнинг айтишича, Хурсанд тулкини қутуртирган - пул. Пули кўплиги учун биров товуғини кишт, мушугини пишт, деёлмас эмиш.
Айтгандай, эсимда турсин, шу одамни газетага бир боплаб ёзай, “кишт” дейиш қанақалигини кўриб қўйсин...
Нимани ёзаётувдим, ҳа, шундай қилиб, Холмат ўртага тушди-ю, тишимни ғижирлатиб қолавердим...
- Мухбирман деб керилаверма! - деди муштини дўлайтириб Холмат. - Биз ҳам ёзишни биламиз. Ҳимматга яна қўл кўтарсанг, бурнингни партага ишқаб ташлайман!
Айлантириб солай десам, кучим етмайди, баттар шарманда бўламан. Солмай десам, қалтираб кетаяпман. Яхшиямки, қўнғироқ чалиниб қолди. Тушим бахайр бўлдими, бўлмадими, ҳалигача билолмаяпман.