“ҚАҲРАМОНЛИК” ҚИЛАМАН ДЕБ,МУНОФИҚ БЎЛИБ ҚОЛИШДАН САҚЛАНАЙЛИК!

“ҚАҲРАМОНЛИК” ҚИЛАМАН ДЕБ,МУНОФИҚ БЎЛИБ ҚОЛИШДАН САҚЛАНАЙЛИК!



Кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда дин пешволари, муфтий ҳазратлари, имом-хатиблар, қорилар, уламолар ва домлалардан камчилик ахтариш, уларни қоралаш, обрўсизлантириш, ҳақоратлаш орқали халқ орасида аҳли илмга ишончсизлик туғдиришга қаратилган турли иддаолар, маълум мақсадларга хизмат қилувчи видео, мақола, изоҳ, луқма, хуруж ва мурожаатлар кўзга ташланмоқда.

Энг ачинарлиси, буларнинг бари эркин фикр, сўз эркинлиги, демократия сингари қадри баланд тамойиллар остига усталарча яширинган бадғараз ҳаракатлардир.

Бугун орамизда ҳар қайси илм одамининг сийратидан то суратигача муҳокама ва мазах қилиш, бадном этишга тайёр “тақводорлар” сафи кенгайиб бормоқда. Уларнинг асосий қуроли динимизда қаттиқ қораланган икки нарса – айб, камчилик қидириш ва ҳақорат қилишдан иборат. Улар ўзларининг ҳар бир иддаоларини сўз ва фикр эркинлиги билан асослашга уринмоқда. Лекин бу эркинлик замиридаги масъулиятга ҳеч қайси бири эътибор қилаётгани йўқ.

Дунёда ақли расо ва балоғатга етган неча миллиард одам бўлса, ҳар бирининг ўз фикри, қараши, позицияси, мақсади ва орзу-истаклари бор. Агар ҳар ким ўзи истаганини рўкач қилаверса, оғзига келганини қайтармай гапираверса, фақат ўзи ҳақлигини даъво қилиб, бошқаларни қоралайверса, жамият ва давлат парокандаликка юз тутмайдими?

Бугун мусулмонлар фойдасини кўзлаб гапиряпман, деган иддао билан ҳамжамиятга ўз қарашлари ва ғояларини сингдиришга уринаётган тўдалар халқимиз азалдан ҳурматлаб, қадрлаб келган илм кишиларини бадном қилиш орқали нимага эришмоқ-чи?

Ислом уммати учун улкан хизмат қилган муҳтарам шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфдек олимни ҳам ҳақорат қилаётганлар борлиги халқимизнинг иззат-нафсига тегмаяптими? Шундай зотларни қоралаётганлардан яна қандай тубанликларни кутиш мумкин? Ҳақ гапни айтган уламо ва имом борки, уларга ёқмайди ва турли фитналарга нишон бўляпти.

Машҳур саҳоба Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтганлар: “Инсоннинг мунофиқлигининг илк аломати ўз имомига таъна қилишдир!”.

Шариатимизда инсонлар ўртасига нифоқ солиш, фитна чиқариш қаттиқ қораланган. Уламоларга қаратилган хуружларнинг жавоби эса янада оғирроқ. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматулоҳи алайҳ: “Олимларнинг гўшти заҳарлидир. Ҳидлаган касал бўлади, еганлар эса ўлади!”, деб бежиз айтмаган. Чунки уламолар ва халқ ўртасига нифоқ солувчилар ўша даврларда ҳам бўлган. Ҳатто Имом Бухорий ривоятида Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу: «Бугунги мунофиқлар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даврларидагидан ёмондир. Чунки улар мунофиқликни махфий қилардилар. Булар эса ошкора қилмоқдалар», деганлар.

Замонамизга келиб, илм аҳлига тош отаётганлар ҳам албатта ўзларини энг тақводор мўмин-мусулмонлардан, деб иддао қилмоқда. Биродар, имонингиз бўлса, унга путур етиб қолишидан қўрқмайсизми? Мунофиқ даражасига тушиб қолишдан-чи? Зеро, Аллоҳ таоло Нисо сураси 145-оятида: «Албатта, мунофиқлар оловнинг энг остки қаватидадирлар ва ҳаргиз уларга ёрдамчи топа олмассан», дейди. Тавба сураси 68-оятда мунофиқларга лаънат айтади: «Аллоҳ мунофиқларга, мунофиқаларга ва кофирларга жаҳаннам оташини унда мангу қолувчилар қилиб ваъда қилди. Ўша улар учун етарлидир. Ҳамда Аллоҳ уларни лаънатлади. Уларга доимий азоб бордир».

Агар илм аҳлини танқид қилмоқчи экансиз, энг аввало, ўзингизга “Бунга маънавий ҳаққим борми?”, “Диний соҳадаги таълимим мукаммалми?”, “Бу инсон билан юзма-юз кўришганманми?”, “Уни яхши танийманми?”, “Бугун оғзимдан чиқаётган сўзларга эртага Аллоҳнинг ва бандаларининг қаршисида жавоб бера оламанми?” қабилидаги камида ўнлаб саволларга ўзингизда аниқ жавоб бўлиши лозим. Халқни ўзингизга қаратиш ва бир кунлик интернет “қаҳрамони” бўлиш учун билиб-билмай оғзига келганни гапиравериш имонли инсоннинг иши эмас.

Бу дунёда ҳар бир соҳа вакилининг ўз иши ва масъулияти бор. Шу жумладан, уламолар, имомлар, қорилар ҳам Аллоҳнинг амри ва пайғамбарнинг суннатига амал қилган ҳолда пешонасига ёзилган вазифаларини баҳолиқудрат амалга оширмоқда. Кимдир хато ва камчиликка йўл қўяётган бўлса, жавобини фақат ўзи беради. Ҳисобини эса, шабҳасиз, Аллоҳ таоло олади. Шундай экан, ҳаммамиз ҳам аввало ўзимизни, фарзандларимизни ва оиламизни ислоҳ қилишга эътибор қаратайлик. Аллоҳнинг ўзи тез ҳисоб-китоб қилгувчи Зот эканига имон келтирганларга бир-бирининг шаънини булғаш ҳеч қачон бирор наф, бахт ва офият келтирмайди!

                                                                  

Азимжон АЛИМЖОНОВ,

Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги

“Мулла Қосим” жоме масжиди имом-хатиби


Report Page