ҚҚС. Мисол орқали таҳлил

ҚҚС. Мисол орқали таҳлил

Зафар Ҳошимов

ҚҚС (қўшилган қиймат солиғи) жорий этилиши нархларнинг кўтарилишига таъсир этмаслиги борасида ёзган мақолам кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. 

Аксарият муштарийлар ва изоҳ қолдирган фойдаланувчиларимиз ўзларидаги мантиққа таяниб, ички овозларига қулоқ тутган ҳолда ҳанузгача "қўшилган қиймат солиғи қанақасига маҳсулот нархини кўтармаслиги мумкин?", деган савол беришмоқда. Мантиқлари эса оддий: корхоналар шу вақтгача ҚҚС тўламасдан, энди бирданига тўлашга ўтишди. 20% солиқ нархларни ошириб, харидорларнинг чўнтагидан олинмаса, яна қаердан ҳам келарди, деб фикр юритишмоқда.

Постларим остида қолдирилган изоҳдардан бири эътиборимни тортди. У тахминан қуйидагича эди: "Айтайлик, чой 5000 сўм эди. Энди сиз ундан 834 сўм ҚҚС тўлайсиз. Ишончим комилки, сиз ушбу солиқни нархга қўшасиз ва чойнинг нархи 6000 сўм бўлади".

Биринчидан, агар нархнинг устига шунчаки 20% қўшиб сотишнинг имкони бўлганида эди, чойнинг нархи аллақачон 6000 сўмга айланар эди. Бир нарсани тушунишингизни истар эдим: маҳсулотга қўйилган нарх тадбиркор истаган миқдорда бўлмайди. Исталган тадбиркор максимал даражада фойда олишни кўзлайди, бу бизнесга хос хусусият. Бироқ бозор уни чегаралаб туради. 

Маҳсулот нархи ҳатто тадбиркор уни сотиб оладиган нархига ҳам боғлиқ эмас. Нарх - харидор бирор маҳсулот учун тўлашга тайёр бўлган қиймат саналади.

Демак, агар пештахтадаги чой 5000 сўм бўлса, бу сотувчи ундан янада кўпроқ даромад қилишни истамаган, дегани эмас. Балки харидор чой учун ана шу нархдан кўпроқ тўлашга тайёр эмас, чунки талаб ва бозордаги таклиф мувозанати шуни тақозо қилади, деганидир.

Шу жойда бозор иқтисодиёти назариясинининг нарх назарияси, талаб ва таклифларнинг мос келиши каби фундаментал, лекин ўқувчилар учун абстракт бўлган тушунчаларидан аниқ мисолларга йўналсак. 

Мисол учун, нима сабабдан чой нархи нафақат ошмайди, ҳаттоки тушиши ҳам мумкин?, деган саволга қуйидаги мисол орқали жавоб олишингиз мумкин.

Қутиси 5000 сўм бўлган чой мисолига қайтамиз.

Ўша 5000 сўм нархида қандай солиқлар бўлган? Келинг, шуни бир таҳлил қилсак. ҚҚС 1 январдан пайдо бўлиб қолгани йўқ, у доим “парда ортида” бўлсада, “яшаб келган”. 

Айтайлик, ўша чой импорт қилинган. Шу тарзда, сўмга чаққанда импортда 3000 сўм бўлган чойга 600 сўмлик ҚҚС солинган. Импортчи-савдо корхонаси чойни энди 3600 сўмлик таннархда олиб, биз-чаканачиларга 4200 сўмдан сотган. Бунда импортчи барча нархдан 5% ёки 210 сўм умумий солиқ тўлаган. Эътибор беринг, маҳсулот нархидаги солиқ миқдори 810 сўм бўлди. Энди биз чойни харидорларга 5000 сўмга сотганимизда умумий 4% ёки 200 сўм солиқ тўлаганмиз. Демак, ўтган йилнинг охиригача ўша 5000 сўмлик чойда биргаликда қўшганда 1010 сўм солиқ бўлган. Жараёнга қўшилган сиртқи ҚҚС туфайли “занжир”нинг барча қатнашчилари энди биргаликда фақат 20% ҚҚС тўлайди, маҳсулотдаги бутун бошли солиқ эса 1010 сўмдан 834 сўмга тушади. 

Энди сизларга бир савол берсам, мана шундай солиқ юки камайган ҳолатда нарх қандай қилиб ўсиши мумкин?

Яна бир савол, чакана савдо соҳасидаги шунча йиллик тажрибам билан нархларнинг ўсишига сабабчи бўладиган солиқ тизимини ҳимоя қилар эдимми? 

Албатта йўқ. Ахир бунинг ортидан келиб чиқадиган савдо ва истеъмолнинг камайиши айланма маблағларимиз ва даромадларимизнинг ҳам қисқаришига олиб келар эдику. 

Мазкур ислоҳотлардан кутган умид ва ишончларимиз айнан маҳсулот нархи таркибидаги солиқ юкининг камайишига боғлиқ эди. 

Янги қарорлар кучга киришидан аввалроқ барча маҳсулот, товарлар бўйича батафсил таҳлил ўтказганмиз. Ўшанда, маҳсулотлар нархидаги барча солиқларнинг ўртача меъёри, биргаликда олганда 23%дан кўпроқ эди. Истеъмолчилар эса юқорида чой билан боғлиқ мисолга ўхшаб, бундан бехабар ҳолда ҳар бир харид вақтида шунча солиқ тўлашган. Янги ислоҳотлар эса биргаликдаги ана шу солиқ қийматини 16,67% гача камайтиришга имкон беради. Алал-оқибатда, бу чакана турдаги савдога ихтисослашган дўконлар пештахталаридаги бир қатор маҳсулотларнинг нархи тушишига ҳам олиб келади. 

Айнан шунинг учун ҳам биз ўзгаришлар учун бор кучимиз билан курашмоқдамиз. 

Бирин-кетин айни мавзуда туркум мақолалар ёзишимдан кўзланган асосий мақсадим, истеъмолчилар ва аввало тадбиркорларга янгиликларнинг асл моҳиятини етказишдан иборат.

Шу ўринда, ўтказилган чора-тадбирларнинг барча йўналишларидан ҳам кўнглим тўлди, деб айта олмайман. Солиқ тизимидаги камчиликлардан бири сифатида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларида ҚҚС ва ҳисоб имкониятининг йўқлигини эътироф қилишим лозим. 

Айнан шу сабабдан ҳам ҳукумат нархларнинг ўсишига йўл қўймаслик учун ҚҚС жорий этилмайдиган 8 хил турдаги маҳсулотлар: гўшт, тухум, балиқ, картошка, пиёз, шакар, нон маҳсулотлари рўйхатини эълон қилди. Лекин маҳаллий қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари фақатгина шу рўйхат билан чекланиб қолмайдику. Яъни, ушбу тоифаларда ҚҚС йўқлиги харид жараёнида амалда сабзавотлар, мевалар ва сут маҳсулотларининг нархи ошишига олиб келади. Шу ўринда, қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам ҚҚС амалиёти жорий этилиши аъло ечим бўлар эди. Ҳозирда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари ўзлари сотиб олаётган хом-ашё ва материаллар таркибида кўп ҚҚС тўлашади, аммо сотишда ушбу тўловларни ҳисобга ола олишмайди ва бутун бошли ана шу солиқни таннархга киритишади. 

Бироқ, ана шу камчиликларга қарамасдан, аввалги солиқ тизими ким томонидан ўйлаб топилгани, яратилгани ва қўллаб-қувватланганидан қатъий назар шунчалик зиёнли ва охири йўқ эдики, у бир вақтда нархларимизга оғир бир юкдек ётиб олган ҳамда иқтисодиётимиз тараққиётини тўхтатиб қўйиш орқали ишсизликка айбдор бўлган, ҳар қандай ўсишни жазолаган. 

Шунинг учун, аввалги тизим билан таққослаганда янги солиқ тизими барча камчиликлари билан ҳам анча яхши ҳисобланади. 

Яна бир савол берсам: Солиқ ислоҳотидан сўнг нархлар ўсиши мумкинми? Албатта. Агар нархларнинг ўсиши фақат солиқ ислоҳотларига қараб қолганида ўтган 27 йилда нархлар қатъий барқарор қолар эди. 

Бу ерда нимани таъкидламоқчиман? Янги солиқ тизими биринчи галда нархларнинг ўсишига эмас, балки ҳаттоки айрим ўринларда солиқ юки камайиши ҳисобига уларнинг тушишига ҳам олиб келиши мумкин. 

Охиригача сабр билан ўқиганингиз учун ташаккур!