ҚЎШРАБОТЛИК ЭЛЕКТРОМОНТЁР КРИПТОВАЛЮТАГА ҚЎЛ УРДИ, АММО...

ҚЎШРАБОТЛИК ЭЛЕКТРОМОНТЁР КРИПТОВАЛЮТАГА ҚЎЛ УРДИ, АММО...


Жиноят йўли охир-оқибат жазо билан тугаши ҳеч қандай изоҳ талаб қилмайдиган ҳақиқат. Аммо буни барча бирдек тушуниб етмаяпти. Агар бунинг акси бўлса, жиноий йўл билан бойлик орттиришни мақсад қилганлар сафи кенгаймас эди. Афсуски, кейинги вақтларда замона зайлига ҳамоҳанг тарзда жиноятнинг янгидан-янги турлари пайдо бўлмоқда. Демак, орамизда якуни муқаррар пушаймонлик бўлган қинғир ишларнинг бошини тутувчилар ҳали-ҳануз кўпчиликни ташкил этмоқда. Қўшработлик электромонтёр Ш.Х. ҳам уларнинг бири бўлиб чиқди.

Давлат хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси, “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ ҳамда вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорлигида туманда ўтказилган тезкор тадбирлар давомида криптовалюта ишлаб чиқариш мақсадида ноқонуний майнинг ферма ташкил қилиш ҳолатига чек қўйилди.

Тадбирда Қўшработ тумани, “Қўрғон” маҳалласи, Истиқбол қишлоғида яшовчи 1994 йилда туғилган, туман электр тармоқлари корхонаси электромонтёри бўлиб ишлаб келаётган Ш.Х. га тегишли бўлган нотурар бинонинг юқори кучланишли электр тармоғига уланганлиги тадбир иштирокчиларида шубҳа уйғотди. Олиб борилган ўрганишлар натижасида аниқланишича, мазкур нотурар бинода криптовалюта ишлаб чиқариш учун ноқонуний майнинг ферма ташкил қилинганлиги маълум бўлди. Шунингдек, электр энергияси тармоғига ноқонуний равишда уланиб, ўрнатилган трансформатор пунктида катта юклама мавжудлиги ҳамда суткасига жуда кўп миқдорда электр энергияси талон-торож қилинаётганлиги аниқланди.

Нотурар бино кўздан кечирилганда майнинг ферма учун мўлжалланган жами 64 дона “Antminer L3 S9” моделли қувват манбаи, 5 дона сервер қурилмалари ҳамда 1 дона wi fi роутер мавжудлиги аниқланиб, ушбу қурилмалар холислар иштирокида расмийлаштирилди.

Ушбу фермада амалга оширилган ноқонуний хатти-ҳаракатлар оқибатида “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” МЧЖга Ш.Х. томонидан етказилган зарар бирламчи ҳисоб-китобларга кўра, 1 млрд. сўмдан ортиқ эканлиги маълум бўлди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар асосида Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли бандлари билан жиноят иши қўзғатилмоқда.

Report Page