“ҚЎШМА ТАЪЛИМ ДАСТУРИ АМАЛДА”

“ҚЎШМА ТАЪЛИМ ДАСТУРИ АМАЛДА”

“Икки томонлама дипломларни онлайн равишда очиш” мавзусида видеоконференция бўлиб ўтди

Самарқанд Ветеринария медицинаси институти ҳамда Латвия Табиий фанлар ва технологиялар университетлари  ҳамкорликда ташкил этилган қўшма факультет жорий 2020-2021 ўқув йилидан  ўз фаолиятини бошлади. “Озиқ-овқат сифати ва инновациялар” бакалавриат таълим йўналиши бўйича 14 нафар ва унга қўшимча магистратура таълим йўналиши бўйича 3 нафар талаба ёшлар бу лойиҳанинг биринчи иштирокчилари ва қўшма факультет талабалари бўлишади.

Лойиҳага кўра, таълим инглиз тилида олиб бориладиган 12 кишидан кам бўлмаган гуруҳлар ташкил этилиб, “2+2” дастури бўйича ёшлар икки йил СамВМИда, яна икки йил Латвиядаги мазкур олий таълим муассасасида  таълим олади ва битиргач, бир вақтнинг ўзида иккита дипломга эга бўладилар. Инглиз тилини ўрганган ва турли тил ўргатувчи дастурлар сертификатига эга бўлган ёшлар бу имкониятдан фойдаланишлари мумкинлиги, уларга қабул жараёнларида турли имтиёзлар берилиши қайд этилган. 


Бугун Латвия Табиий фанлар ва технологиялар университетида мазкур дастур доирасида “Икки томонлама дипломларни онлайн равишда очиш” мавзусига бағишланган видеоконференция бўлиб ўтди ва онлайн тадбирда Ўзбекистон вакиллари - Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш Давлат қўмитаси, Самарқанд Ветеринария медицинаси институти,  Тошкент Давлат Иқтисодиёт Университети Самарқанд филиали мутасаддилари, профессор-ўқитувчилар, илмий тадқиқотчилар ва бошқа кўнгиллилар иштирок этишди. 

“ - Дастурнинг мақсади озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш, сифат ва инновация соҳасида рақобатбардош ва малакали мутахассис кадрлар тайёрлаш,  озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи компанияларда сифат менежментини ташкил этиш ва ижодий изланишлар олиб борадиган ва яратадиган мутахассисларни тарбиялаб боришдан иборатдир.

        “- Ўқув дастури орқали талабалар озиқ-овқат технологияси, сифати ва ғоядан бозорга янги маҳсулот ишлаб чиқариш тўғрисида билимларга эга бўладилар.  Қўшма таълимнинг бизнес компоненти инновациялар, тадбиркорлик ва маркетингни бошқаришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир, дейди Университет ректори прфессор Ирина Пилвере хоним – Битирувчилар Европанинг йирик озиқ-овқат компанияларида ишлашлари мумкин, булар йирик тадқиқот муассасалари, лабораториялар, сифат ва ишлаб чиқариш бўлимлари, давлат бошқаруви ва назорат муассасалари ва ҳоказолардир”


Тадбирда сўз олган Самарқанд Ветеринария медицинаси институти ректори, профессор Худайназар Юнусов томонидан, табиий экологик тоза қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш билан шуғулланадиган мамлакатлар учун, бу маҳсулотларни қайта ишлаш ва қадоқлаш, шунингдек, жаҳонга экспорт қилиш борасидаги ҳамкорлик яхши натижаларни бериши, бу жараёнда қўшма факультетлар ташкил этиб, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш ва кучларни бирлаштириш мақсадга мувофиқлиги алоҳида таъкидланди. 

Видеоконференция модератори Волдемарс Борисс қўшма факультет ташкил қилишдаги алоҳида хизматлари учун Самарқанд Ветеринария медицинаси институти “Чорвачилик ва ўсимлик маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлаш технологияси” кафедраси   мудири, доцент Шоҳиста Эшниёзовага алоҳида миннатдорлик билдирди.

Эшниёзованинг таъкидлашича, у Латвия Республикасининг қадимий шаҳри Елгавада жойлашган бу олий таълим масканига бир неча марта ташриф  буюрган ва бу ерда талабалар учун барча шарт - шароит ва имкониятлар яратилган.  

Маълумот ўрнида айтиш керакки, Латвия Университети билан “Озиқ овқат хавфсизлиги ва инновациялар” таълим йўналиши бўйича халқаро қўшма факультет ташкил этиш борасидаги музокаралар ўтган 2019 йилда бошланган эди. 2019 йилнинг куз фаслида Болтиқбўйидаги мазкур университет ректори, профессор Ирина Пилвере (Irina Pilvere) бошчилигидаги делегация мамлакатимизда меҳмон бўлган ва институт ректори Худойназар Юнусов билан музокаралар олиб борган эди. Шундан сўнг Латвиядан яна бир делегация келди, улар мазкур Университетнинг ўқув ишлари бўйича проректори, профессор Aigars Laizans, Иқтисодиёт ва ижтимоий ривожланиш факультети декани муовини, профессор Aina Dobele, “Озиқ – овқат сифати ва инновациялар” бўйича ўқув дастури  директори  Dace Kava, “Информатика ва компьютер” ўқув дастури директори, профессор Aleksei Zacepinлардан иборат эди.

Мазкур музокаралар натижаси ўлароқ, бугун лойиҳа амалга оширилиб, қўшма факультетга биринчи марта кириш имтиҳонлари бўлиб ўтди. 

Видеоконференцияда Латвия Республикасидан Қишлоқ хўжалик вазири Каспарс Герхарде,  Табиий фанлар ва технологиялар Университети Ахборот технологиялари факультети декани Гатис Ветоле, озиқ овқат технологиялари факультети декани Матисс Сабовисс ва бошқалар иштирок этишди.

Тадбир сўнгида лойиҳа хусусида, мазкур таълим дастури ҳақида талаба – ёшларнинг фикрлари ҳам тингланди .

Гулчеҳра Бердиёрова

СамВМИ Ахборот хизмати



Report Page