ҚЎШМА ФАКУЛЬТЕТГА КИРИШ ИМТИҲОНЛАРИ БЎЛИБ ЎТДИ

ҚЎШМА ФАКУЛЬТЕТГА КИРИШ ИМТИҲОНЛАРИ БЎЛИБ ЎТДИ


Самарқанд Ветеринария медицинаси институти ҳамда Белорусь республикаси Витебск Давлат Ветеринария медицинаси Академияси билан ҳамкорликда ташкил этилган қўшма факультетнинг 2020-2021 ўқув йили учун кириш имтиҳонлари бўлиб ўтди. Пандемия муносабати билан очиқ майдондонда – институт ўйингоҳида ўтказилган мазкур жараёнда мамлакатимизнинг 9 вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасидан жами 244 нафар абитуриент ёшлар иштирок этишди. 

СамВМИ Ҳалқаро алоқалар бўлими тақдим этган маълумотга кўра, 2020-2021 ўқув йилида мазкур таълим дастури асосида 95 нафар талабалар ўқишга қабул қилиниши режалаштирилган. Бугун бакалавриат босқичи учун зооинженерия, ветеринария медицинаси, ветеринария фармацевтикаси, чорвачилик махсулотларини қайта ишлаш технологияси йўналишлари бўйича, магистратура босқичи учун чорвачилик маҳсулотларини етиштириш, сақлаш ва қайта ишлашнинг анъанавий ва инновацион технологияси ва сертификация йўналишлари учун кириш имтиҳонлари бўлиб ўтган. 

Имтиҳонлар икки босқичда бўлди – дастлаб талабалар тест топширишди, сўнг суҳбатдан ўтдилар. Айни кунда институтда меҳмон бўлиб турган Витебск Давлат Ветеринария медицинаси Академияси Халқаро алоқалар факультети декани Дмитрий Федотов ҳамда Самарқанд Ветеринария медицинаси институти проректори , профессор Асадулла Даминовлар абитуриентлар билан суҳбат олиб борди. Жараёнда Ветеринария диагностикаси ва озиқ – овқат ҳавфсизлиги факультети декани Р.Давлатов, Зооинженерия факультети декани Э.Шаптаков ҳамда Республика Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш Давлат қўмитаси бўлими бошлиғи А.Сафаровлар иштирок этишди. 

PS: Имтиҳонлар жараёни ўта сокин, тартибли ва шовқин-суронларсиз кечди. Тест топшириб чиқаётган талабалар билан суҳбатлашдик. 

Раҳматова Муаззам (абитуриент) “ - Бу йил тўртинчи йил олийгоҳларга кириш имтиҳонларида иштирок этишим, шундай бўлса ҳам бироз ҳаяжонландим. Аммо саволлар унчалик мураккаб эмасди, чамамда. 60 та саволнинг деярли 70-80 фоизига тўғри жавоб берган бўлсам керак...яна ҳам билмадим.  Укам иккимиз имтиҳон топширдик. Иккаламизга ҳам талабалик насиб этишини истардим. Келажакда САмВМИда ва Белорусда ўқиш ниятим бор!” 

Яна бир абитуриент бизнинг диққатимизни тортди. Тестдан сўнг суҳбат бўлишини билгач, институт ҳовлисини айланиб чиққан, шекилли, Япониядан келтирилган машҳур “Фуджи олмаси” етиштирилаётган синов майдончаси ҳақида ўзининг фикрларини баён эта бошлади. “Дарахтлар қаровсиз қолганга ўхшайди, фалон усулда суғорилиб, фалон усулда парвариш қилинса, дарахт кўчатлари дарҳол ўзига келиши ва яхши ҳосил бериши” мумкинлиги ҳақидаги тавсияларини берди.  Ёш йигитнинг шижоати ва жасурлиги бизни лол қолдирди, завқимизни келтирди. Кузатувчилар, маслаҳат кенгаши ёнига келиб, тўғридан тўғри мурожаат қилди. Ўйлаб, истиҳола қилиб ўтирмади. СамВМИда мамлакатимизга, қолаверса дунёга донғи кетган қишлоқ хўжалик ва ветеринария соҳаси олимлари, профессор ўқитувчилар фаолият кўрсатиши ҳақидаги фикрлар уни чўчитмади. Ўша йигитчанинг исми шарифи Ҳумоюн Абдуллаев, Самарқанднинг “Пулимуғоб” қишлоғидан экан. Яна унинг айтишича, дўсти Шаҳбозга ҳаваси келаркан. У Қўшма факультет талабаси.

“Ҳайвонлар ҳаётига жуда қизиқаман, уй ҳайвонларидан ташқари, типратиканим бор. Кўп тажрибалар қилиб кўрганман. Насиб этса, Самарқанд Ветеринария медицинаси институти талабаси бўламан. Режаларимнинг ҳаммасини айтсам, кўп вақтингизни олиб қўйишим мумкин, ” –дейди Ҳумоюн. 

Нима ҳам дердик, барча ёшларга имтиҳонлардан ўтиб талаба бўлиш бахти насиб этсин! Айниқса Ҳумоюнга. Келажакда ундан яхши мутахассис чиқади. 


Гулчеҳра Бердиёрова тайёрлади 


🏛 Самарқанд Ветеринария Медицинаси  Институти Ахборот хизмати


👉www.samvmi.uz

👉@otmsamvmi

Report Page