ҚЎЛИ, ОЁҒИ, ТИЛИ КЕСИЛГАНДА ҲАМ КУРАШДАН ТЎХТАМАГАН ШОИР
Otabek BakirovАтиги 32 йил яшаган, унинг 7 йилини ҳам қамоқда ўтказган инсон ҳаётда нимага улгуриши мумкин? Аммо шундай шоир борки, бу вақт ичида номини абадиятга муҳрлади. Хўш, у ким эди?
У 1912 йилнинг 13 ноябрида Наманганнинг Чуқуркўча даҳасида дунёга келган. Онаси Холамбибининг оғзаки хотираларига кўра, у чақалоқ пайтидаёқ бешикда ётган ҳолида йўқолиб қолади. Еру кўкдан дараги чиқмайди. Ота-онаси куйиб-куйиб адо бўлган қирқ кун ўтгач бешик ҳам, гўдак ҳам Наманганга кираверишдаги кўприк тагидан топилган. Оқ от унинг ёнида туриб, унга ҳеч кимни йўлатмай турган экан...
Йигитча 18 ёшида адабиётга чақмоқ ва гулдураклар билан кириб келди. Ўзбек шеъриятини замонавий тилга, бармоқ вазнига ўтказган ижодкор ҳам айнан у эди. Ёзганлари гўё қанот боғлаб тилдан тилга, дилдан дилга кўчиб, охири “кумуш диёр” пойтахтини забт этди. “Шарқда Пушкин пайдо бўлибди”, дейишарди ҳаяжон ва ҳайрат оғушида. “Ўн саккизга кирмаган ким бор”, лекин шу ёш ижодкор шу ёшида “Назиржон Халилов” номли драмани яратгани таҳсинга сазовор, албатта.
1937 йил 27 январда шоир ижодни бошлаганига ўн йил тўлди. Ўша давр адабиёт оламида ҳеч кузатилмаган воқеа бўлди. Мухлислар бу 10 йиллик санани кўтаринки руҳда, ўзига хос кайфият билан нишонлади.
Бироқ шоирнинг оламшумул шуҳрати кимларгадир ёқмас, ёвлар зимдан фитна уюштирарди. Ўн йиллик юбилей эса ҳасад оловини гуруллатиб юборди. “Нега энди 25 га тўлган шоирга бунча иззат. Бизни эшик қисганми?” каби кўплаб, иддаолар ўз ишини кўрсатди. Юбилейдан олти ой ўтгач Ёзувчилар уюшмасида “шоирнинг хулқ-атворини кўриб чиқиш масаласи” кўтарилди.
Мажлисдан 2 кун ўтиб, у ҳибсга олинди. 25 ёшида “халқ душмани” тамғаси билан сургун қилинди. Энди уни Златоустск қамоғи, Владивосток, Магадан, Маринск лагерлари кутарди. 1943 йил у ҳозирги Кемерова вилояти ҳудудидаги Сибирь лагерларида бўлган.
Ижодкор ўз уйига, юртига қайтмади. 1944 йилнинг охирларига келибгина оқланган шоир бу пайтда қаро ернинг бағрида эди.
Шоир “Қуёш билан суҳбат”, “Сафарбар сатрлар”, “Тракторобод”, “Юрак”, “Меҳрим” шеърий тўпламларини чоп этди, “Нахшон” ва “Нил ва Рим” достонларини яратди, Александр Пушкиннинг “Боғчасарой фонтани” ва Михаил Лермонтовнинг “Демон” (Иблис) достонини таржима қилди. Шу беш китоб, икки достону икки таржима унга адабиёт оламида абадийлик бахш этди.
Қисқа умри давомида парвоз ва инқирозга учраган бу шоир ...
Усмон эди, Усмон Носир эди...
Отабек Бакиров тайёрлади.