Ғиждувонлик тадбиркор аёллар ҳар соҳада пешқадам
“Ишбилармон аёл-2024” кўрик-танловининг Ғиждувон туман босқичи ҳудуддаги “Баркамол авлод” марказида "Бир бўлсак - ягона халқмиз, бирлашсак - Ватанмиз!" шиори остида ўтказилди.
Унда маҳаллалар босқичида ташкил этилган ўзига хос синовнинг ғолибалари иштирок этдилар ҳамда бир қатор номинацияларнинг пешқадамлари сифатида муносиб тарзда тақдирландилар.
Жумладан, талабчан ҳакамлар ҳайъати қарорига биноан Ф.Хўжаев маҳалласидан танловда иштирок этган Маҳбуба Яндашева “Энг ёш, фаол тадбиркор аёл”, “Гулистонобод” МФЙ вакили Гулчеҳра Идиева “Замонавий ташаббускор аёл”, “Пахтаобод” МФЙдан Лолахон Ҳотамова “Қишлоқни ижтимоий ривожлантиришда фаоллик кўрсатган фермер аёл”,
Нодирабегим МФЙдан Дилноза Сафарова “Йилнинг мурувватли ишбилармон аёли”, “Қурғон” МФЙдан эса Фарангиз Тўраева моҳир тикувчи сифатида “Инвестицияларни жалб қилишда ташаббус кўрсатган ишбилармон аёл” номинацияларида ғолибликни қўлга киритиб ташкилотчиларнинг рағбатлантирувчи мукофотлари ҳамда тегишли даражадаги дипломларига сазовор бўлдилар.
-Бир неча йилдан бери юмшоқ ўйинчоқларни тайёрлаш бўйича олиб бораётган тадбиркорлик фаолиятим кўрик-танловда муносиб эътироф этилиб, менга ушбу тадбирнинг вилоят босқичига йўлланма берилганлиги бундан кейинги фаолиятимни бугунгидан ҳам кўра яхшироқ олиб боришимга ундайди, -дейди танлов ғолибаси Гулчеҳра Идиева. Келгусида фаолиятимни янада кенгайтириб, ушбу касбга қизиқувчи ёшларга ҳам зарур билим ва тажрибамни ўргатишга тайёрман.
Тадбир сўнгида “Баркамол авлод” марказининг иқтидорли ўқувчилари томонидан ижро этилган гўзал рақслар барчага байрамона кайфият бағишлади. Зеро, тинч юртга мана шундай байрамлар ярашади.