Ғиждувон: “Янги Ўзбекистон” массивида қурилиш–бунёдкорлик авжида
Аҳолиси нисбатан кўп ва тиғиз яшаётган Ғиждувон туманида ҳам уй-жойга эҳтиёж тобора ошмоқда. Негаки, нафақат вилоят, балки мамлакатнинг азалдан савдо–сотиқ “чорраҳа”ларидан бири ҳисобланган туман марказида истиқомат қилаётган аҳоли сони бугунга келиб 60 мингдан ошган бўлса, элликдан ортиқ маҳаллада яшовчи аҳоли сони ҳам 250 мингдан кам эмас. Шуни инобатга олган вилоят ҳокимлиги томонидан тегишли тартибда ўрганишлар олиб борилиб, туманнинг чўлга туташ “Барака” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Қутчи массивида “Янги Ўзбекистон” шаҳарчасини барпо этиш лойиҳаси ишлаб чиқилган.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил январь ойида вилоятимизга ташрифи доирасида берилган топшириқларига жавобан икки йил бурун киришилган бу лойиҳа амалиётига биноан, массивда 129 та беш қаватли, жами 2 минг 580 та хонадонга мўлжалланган замонавий, энергия тежамкор уй-жой барпо этилмоқда. Бу турар жойларнинг ҳар бири 20 та ёш оилани ўз бағрига олиши баробарида табиий газ, тоза ичимлик суви, электр энергияси, оқава сув тармоғига уланган бўлиб, атрофи мўъжаз шаҳарчани эслатадиган обод манзилга айлантирилмоқда. Мамлакатимиз мустақиллигининг қутлуғ 32 йиллиги арафасида бу масканда 9 та кўп қаватли турар жой қурилиши тўла-тўкис битказилиб, унга 180 та ёш оила кўчиб ўтмоқда. Аввало, туман ҳокимлиги тегишли идоралари ҳамкорлигида аҳоли орасидан уй-жойга муҳтож оилалар рўйхати шакллантирилиб, уларга бошпана тижорат банки имтиёзли кредит маблағи эвазига узоқ йилга ипотека шартлари асосида расмийлаштириб берилаётгани кўплаб эҳтиёжмандларни хурсанд қилди.
Яқин ойларда шаҳарчага кўчиб келадиган хонадон сони 2 минг 580 та бўлса, унинг аҳолиси сони 10 минг нафардан кам бўлмаслиги ҳисоб-китоб қилингани ҳолда, мўъжаз шаҳарчада 1 минг 56 нафар ўғил-қизни ўз бағрига оладиган умумтаълим мактаби, 360 ўринли мактабгача таълим муассасаси, шунингдек, савдо дўконлари, маиший хизмат кўрсатиш шахобчалари фаолиятини йўлга қўйиш, яна аҳоли бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун истироҳат боғини қуриб фойдаланишга топшириш кўзда тутилган. Катта қурилиш майдонига айланган бу иншоотда меҳнат қонунчилигига мувофиқ, ишлаб даромад топиш мақсадида ҳудуддаги ишсиз фуқаролар таклиф қилинган. Хусусан, 30 ёшгача бўлган қурувчи ёшлар отрядлари таркибида ғишт терувчи, сувоқчи, пайвандловчи, электрик, сантехник ва бошқа касб эгалари, мутахассислар бор.

Энг азиз ва энг улуғ байрам олдидан “Барака” массивидаги “Янги Ўзбекистон” шаҳарчасида ижтимоий соҳа иншоотларидан янги ўқув йилида 330 ўқувчини ўз бағрига олиш имконига эга умумтаълим мактаби, 180 нафар жажжи ўғил-қизга мўлжалланган шинам мактабгача таълим муассасаси ва кунига 100 қатновга мўлжалланган оилавий шифохона поликилиникаси бинолари қуриб фойдаланишга топширилди. Бундан кўриниб турибдики, яқин ойларда бу ҳудуд гавжум ва замонавий обод манзилга айланади. Унда айни кунда муҳандислик-коммуникация тармоқларини шай қилиш, кўчиб келаётган оилалар ва одамларга қулай шарт-шароит яратиб беришга эътибор кучайтирилган.
Жумладан, ҳозирда “Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали томонидан шаҳарчада 6,1 километр масофага диаметри 219 mиллиметрли газ қувурини тортиш ишлари якунланиб, тармоқ шай қилинган. Шунингдек, “Бухоро электр тармоқлари” АЖ томонидан ҳудудни электр энергияси билан таъминлаш учун 62 та таян устуни ўрнатилгани ҳолда 3 километр масофага ҳаво тармоғи тортилган. Қолаверса, “Ўзбектелеком” АК “Бухоротелеком” филиали томонидан эса оптик толали алоқа линияси қурилиш бораётган иншоотлар майдонигача тортиб келинган.
Бу ерда тоза ичимлик суви ҳамда оқава тармоғи қурилиши лойиҳа-смета ҳужжатлари бўйича экспертиза хулосаси олиниб, айни пайтда танлов савдолари якунланган. Бу борада 2022 йил сўнгги чорагида буюртмачи томони “Сув таъминоти ва оқава сув обектлари қурилиши бўйича инжиниринг компанияси” билан “Ремстройкомплект Инвест Инжиниринг” МЧЖ ўртасида бажариладиган иш қиймати 40 миллиард 700 миллион сўмга шартнома тузилган.

Мазкур битимга мувофиқ объектда 9 километр масофага тоза ичимлик суви, 7,1 километр масофага оқава сув қувурини ётқазиш, 1 та гидроиншоотни қуриш, 2 та сув қудуғи—скважинани бурғулаш, ҳар бири 1 минг метр куб ҳажмга тенг бўлган 2 та сув резервуарини, худди шундай, насос станцияларини, оқава сув тозалаш иншоотлари ва назорат пункти биносини қуриш ишлари аллақачон бошланган. Жумладан, пудратчи корхоналардан бири “Ремстройкомплект Инвест Инжиниринг” МЧЖ томонидан қурилиш ишлари бошланган бўлиб, бугунги кунда 6 километр масофага ичимлик суви қувурини тортиш ишлари якунига етказилиб, оқава сувни бартараф этиш мақсадида 4 километр масофадаги оқава тармоғини монтаж қилиш ишлари ниҳояланган.

Бундан ташқари, "Янги Ўзбекистон" массивининг автомобил йўли тармоғини қуриш чора-тадбирлари ҳам долзарб аҳамиятга эга. Бу борада маҳаллий пудратчи корхоналардан бири “Pomegranit building” МЧЖ ўтказилган тендер танловида ғолиб бўлган. Мазкур йўл иншооти қурилишининг 4,4 километр асфальт бостириладиган қисми умумий лойиҳа қиймати 20 миллиард 696 миллион сўмга тенг бўлиб, жорий йил якунигача талаб этилаётган сармоя миқдори 19 миллиард 148 миллион сўмни ташкил этмоқда. Шунинг баробарида ҳудуддаги ички йўлнинг 8 километри асосини тайёрлаб, бетонлаштириш ишлари лойиҳалаштирилган ва бунинг учун зарур материаллар заҳираси яратилган. Шу кеча-кундузда пудратчи корхона томонидан ҳудудда йўлни қуриш ва бетонлаштириш ишлари давом эттирилмоқда. Массивга борадиган “4Р-48” русумли “Зарафшон тракти” автомобил йўлининг 265-271 километрлари қисмини талаб даражасида таъмирлаш вазифасини эса шу кунларда Ромитан йўллардан мунтазам фойдаланиш унитар корхонаси жамоаси ўз зиммасига олган ва шу кунларда бу йўлда ҳам асфальтлаштириш ишлари жадал олиб борилмоқда.

Айтиш жоизки, Ғиждувоннинг мазкур ҳудудида айни пайтда эркин иқтисодий зона ҳам ўз фаолиятини ташкил этмоқда. Бу ҳудудда мана, икки йилдирки, умумий миқдори 238 миллиард 900 миллион сўмлик қийматга эга 158 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бунда ташаббускор тадбиркорлик субъектларига қулай шарт-шароит яратиш мақсадида “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ билан биргаликда узунлиги 28 километрга тенг бўлган темир йўл қурилиши ҳам аллақачон бошланган. Буларнинг бари ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини ривожлантириш баробарида янги иш ўринлари яратилишига, одамларнинг ўз турмушидан рози бўлиб умргузаронлик қилишларига хизмат қилиши шубҳасиз.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати