Ғиждувон: “Улфатбиби”—янгиланиш йўлида
Ҳудудларни обод қилиш, қишлоқ ва маҳаллаларда инфратузилма билан боғлиқ энг долзарб масалаларни тизимли ҳал этиш, хусусан, жойларда ички йўллар, ичимлик сув, электр энергияси ва газ таъминотини, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва бошқа инфратузилма объектларини яхшилаш, шу асосда аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 октябрда “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинган. Мазкур ҳужжатга мувофиқ жумладан Бухоро вилоятидаги маҳалла фуқаролар йиғинларидан 408 тасида жами 413 та ижтимоий соҳа иншоотида умумий қиймати 843 миллиард 600 миллион сўмга тенг лойиҳаларни амалга оширишга киришилган.
Мазкур қарорга биноан молиялаштирилган маблағнинг асосий қисми маҳалла ва қишлоқлар ички йўли таъмирига боғлиқ бўлиб, бунда 341 та манзилда талаб даражасида таъмирланадиган йўл учун умумий қиймати 772 миллиард сўм сармоя ажратилмоқда. Шунингдек, аҳолининг тоза ичимлик сувига бўлган талабини қондириш мақсадида 21 та маҳаллада қиймати 43 миллиард сўмга тенг водопроводлаштириш ишлари бажарилмоқда. Зарур муҳандислик-коммуникация тармоқларидан электр энергияси таъминотини яхшилаш мақсадида 8 та қишлоқда 1 миллиард 900 миллион сўмга тенг лойиҳаларни амалга ошириш мақсад қилинган. Бундан ташқари, ижтимоий соҳа иншоотлари моддий.-техник аҳволини яхшилаш мақсадида олис ва оғир ҳудудлардаги 4 та умумтаълим мактабини талаб даражасига келтириш учун 1 миллиард 100 миллион сўм, икки манзилда ёшлар учун замонавий спорт мажмуаларини барпо этиш мақсадида 6 миллиард 600 миллион сўм, қолаверса, 1 та мактабгача таълим ташкилотини замонавий андозада мукаммал таъмирлаш учун 600 миллион сўм маблағ сарфланмоқда. Эътиборлиси, ҳозирда вилоятнинг қатор маҳаллалари ва ижтимоий оғир деб топилган олис қишлоқ ва аҳоли пунктларида кенг кўламли ишлар жадал олиб борилмоқда.
Ғиждувон туманини олсак, ҳудудда умумфойдаланувдаги йўл қисми 2 минг 100 километрдан ошиқ бўлиб, шундан 24 километри халқаро аҳамиятдаги автомагистрал, 53 километри давлат аҳамиятидаги, 303 километри маҳаллий аҳамиятга молик йўлдир. Шунингдек, ҳудудда 1 минг 422 километр ички йўл қисми туман Ободонлаштириш бошқармаси тасарруфига берилган бўлиб, жорий йил бошида ўтказилган маҳаллабай ўрганишлардан сўнг уларнинг ўндан ортиғида, аниқроғи, ички хўжалик йўлидан 591 километрида, умумий фойдаланишда бўлган 181 километр йўл таъмирталаблиги аён бўлган ва таъмирлаш–тиклаш ишлари жадал давом эттирилмоқда. Ҳудудда шу йил ўтган 5 ойида шағаллаштирилган қишлоқ ички йўли узунлиги 100 километрга яқин.
Албатта, ҳудудларда туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси жамоаси ва бошқа пудрат корхоналари томонидан олиб борилаётган ҳашар ва таъмирлаш, асфальтлаштириш ишлари йўл инфратузилмаси билан боғлиқ қатор муаммолар ечимига хизмат қилмоқда. Шу кунларда эса “Улфатбиби” МФЙ нинг Бўлди қишлоғи аҳолисининг кўп йилдирки, орзиқиб кутган қишлоқ йўлидан 2,5 километр қисмига асфальт ётқизилган бўлса, Калонхўр қишлоғида “Ғойиб Ато” қабристонига олиб борувчи йўлнинг 1 километрига шағал бостирилган.
—Туман марказидан 15 километр узоқликда жойлашган “Улфатбиби” маҳалла фуқаролар йиғини Калонхўр, Бўлди, Араблар эли, Позакенти, Чўғалон, Катта шайхлар, Шарқий Шўробод, Гулистон, Хўжамаҳалла қишлоқларидан таркиб топган бўлиб, ҳозирда бу ҳудудда 1 минг 114 та хонадон, 1 минг 273 та оила ва жами 5,5 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилмоқда,—дейди МФЙ раиси Тўхтамурод Юлдашев.—Яқинда Араблар эли қишлоғимизга 1 дона трансформатор ўрнатилиб, 1,5 километр масофадаги электр линияси янгилангани туфайли юзта хонадоннинг электр энергиясига бўлган талаби яхшиланди. Худди шундай, Калонхўр қишлоғида мавжуд трансформатор таъмирдан чиқарилиб, эскириб яроқсиз ҳолга келган 30 та симёғоч цемент-бетон устунга алмаштирилгани, эндиликда бу кўчада тунги ёритиш тармоғи ўрнатилаётгани кўпларни мамнун қилди. Айнан Бўлди қишлоғида бораётган йўл таъмиридан олдин 1 минг 600 метр масофага водопровод қувури тортилгани туфайли эндиликда 128 та хонадон истеъмолга яроқли “оби ҳаёт”дан баҳраманд бўлмоқда.
Муҳими, ҳозирда туман ҳамда вилоят ишчи гуруҳлари мунтазам ўрганишлари натижасида шу каби ишларни “Улфатбиби” МФЙ нинг барча қишлоқларида давом эттириш, аҳоли талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда зарур инфратузилмани яратиб бериш чоралари кўрилмоқда. Маҳаллада ижтимоий муҳофазага олинган аҳоли вакилларидан “Темир дафтар”да бугунга келиб 7 нафар, “Аёллар дафтари”да ўтган йилги 157 нафардан бугунга келиб 19 нафар, “Ёшлар дафтари”да 20 нафар фуқаро ўрин олган бўлиб, бу тоифа билан мунтазам ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир чора-тадбир олиб борилмоқда.
Туман ҳокимининг маҳалладаги ёрдамчиси тавсияномаси асосида жорий йил шу кунига қадар маҳалла фуқаролар йиғинида ночор вазиятда қолган оилаларнинг 37 нафарига 852 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағи ажратиб берилган. Бу сармоя ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ниятида бўлганларга асосан савдо-сотиқ ва хизмат кўрсатиш, паррандачилик ва чорвачиликни ривожлантириш, тикувчилик йўналишларида расмийлаштирилган. Бундан ташқари, шу йил 5 ойида ҳудуддаги 36 нафар кам таъминланган ва эҳтиёжманд оиланинг меҳнатга лаёқатли вакилларига умумий қиймати 170 миллион сўмга тенг бўлган мотокультиватор, электр пайвандлаш ва ўт ўриш ускуналари, тикув машинаси ва сувни қадоқлаш дастгоҳи етказиб берилгани улар бандлигини таъминламоқда.
Таъкидлаш лозимки, давлатимиз раҳбари топшириғига асосан тузилган республика ишчи гуруҳи бугундан ўз фаолиятини Ғиждувон туманида давом эттирмоқда. Республика ишчи гуруҳи айнан “Улфатбиби” МФЙда аҳоли муаммолари ва ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этишда “хонадонбай” кесимида иш олиб бормоқда. Аниқланган муаммоларни ҳал этиш мақсадида қатор амалий ишлар амалга оширилди. Жумладан, улфатбибиликларнинг йўллар таъмири, электр энергияси, газ, иссиқлик, ичимлик суви билан боғлиқ энг бирламчи ҳаётий масалаларини ҳал қилиш учун ҳам бор куч-имконият сафарбар қилинди. Натижада 1 км ички йўллар шағаллаштирилди. Электр таъминотини яхшилаш мақсадида 1 дона янги трансформатор, 13 та темир бетон таянчлар ўрнатилди, 700 метр тармоқ тортиш ишлари, 12 та трансформатор пунктларида таъмирлаш ишлари олиб борилди.
Ўрганишлар натижасида ёшларнинг иқтисодий-ижтимоий масалаларини ҳал қилиш, эҳтиёжманд, якка-ёлғиз инсонлар турар-жойларини таъмирлаш ва уларга моддий ёрдам кўрсатиш ишлари бошланди. Қолган масалалар бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, аниқ муддат ва масъуллар белгиланиб, назоратга олинди.
Шунингдек, маҳалла аҳли саломатлигини тиклаш, уларга тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш мақсадида бугун улфатбибиликлар учун чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкиллаштирилгани ҳам айни муддао бўлди. Унда вилоят ҳамда туман тиббиёт бирлашмаларидан турли йўналишда йигирмадан ортиқ врач жалб қилиниб, шу куннинг ўзида 240 нафар фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилди. Жараёнда сайёр маммография, мобиль донорлик пункти ва мобиль поликлиника хизматлари ташкил этилгани, УЗИ, ЭКГ ва кўчма рентген аппаратлари, лаборатор текширувлари жорий қилингани ташхис ва даво муолажалари сифатини оширишга хизмат қилади.
—Тиббий кўрикда таянч ҳаракат аъзолари имконияти чекланган 4 нафар фуқарога бепул ногиронлик аравачаси, 1 нафарига қўлтиқ таёқ, 3 нафарига ҳасса берилган бўлса, эшитишда нуқсони бўлган фуқаро эшитиш мосламаси билан таъминланди,—дейди туман тиббиёт бирлашмасининг кўп тармоқли марказий поликлиникаси мудири Одина Ўлмасова.—Қолаверса, ўндан ортиқ артериал қон босими, худди шундай, юрак қон-томир касаллиги, қандли диабет, ошқозон-ичак касалликлари билан оғриган беморларга стационар ва амбулатор даволанишга доир тавсиялар берилиб, баъзи кам таъминланган оилалар вакилларига бепул дори-дармон воситалари етказилди. Тиббий кўрикка келган аҳолига соғлом турмуш тарзи борасида батафсил тушунча берилди, аҳолига юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш, тиббий кўрикларда фаол қатнашиб ўз соғликлари учун қайғуриш зарурлиги уқтирилди.
Шу куни маҳалла марказида арзонлаштирилган озиқ-овқат ва иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилгани ҳам эҳтиёжманд аҳоли учун мақсадга мувофиқдир. Таклиф қилинган иш ўринларидан 5 тасига доир фуқаролар билан меҳнат шартномалари тузилгани ҳам чора-тадбирлар бесамар кетмаётгани натижаси, албатта.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати