Ғараз ниятли ниқоблилар

Ғараз ниятли ниқоблилар

Ҳуқуқ олами канали @huquq_olami

Тасаввур қилинг: эркаги йўқ уйда ёлғиз аёл икки нафар гўдаги билан ухлаб ётибди. Ярим тунда бақир-чақирдан уйғониб кетди. Кўзини очиб, тепасида пичоқ ўқталиб турган қора ниқобли одамни кўрди. Хўш, бундай ҳолатда аёл қай аҳволга тушади? Андижон вилоятининг Избоскан туманида ана шундай воқеа юз берди.

Шу туманда туғилиб вояга етган Зокир (исм-шарифлар ўзгартирилди) коллежни тамомлагач, пул топиш ташвишига тушиб қолди. У тўрт-беш сўм топиб, чўнтагини қаппайтириш учун унча-мунча ишдан тап тортмайдиганлар тоифасидан эди. Шу боис фуқаролик паспортини йўқотиб қўйганига ҳам қарамай, Қозоғистонга йўл олди. Тошкент вилоятининг Зангиота туманидан ноқонуний йўллар билан қўшни республикага ўтиб, у ерда ярим йилча ишлади. Кейин эса яна яширин, айланма йўллар орқали Ўзбекистонга қайтаётган пайтда чегарада қўлга тушди.

Бир марта қонунбузарликка қўл урган ва бунинг учун тегишли жазо олган Зокир ўзига тўғри хулоса чиқармади. Йигирма ёшга тўлган йигит ҳалол меҳнат орқали ҳам пул топиши мумкин эди, аммо осон йўл билан бойлик орттиришни мақсад қилди. Андижонга қайтгач, ўғрилик қилиш режасини тузди. Ўзига жиноий шерик қилиб ошналари Диёр ва Носирни танлади. «Кўр кўрни қоронғида топиши» рост гап. Буни қарангки, бу икки йигит ҳам унинг таклифини рад этмади.

Хуллас, уч оғайни қишлоғидаги Феруза исмли аёлнинг уйига кириб, унинг пуллари ва тилла тақинчоқларини ўмаришни режалаштирди. Аёлнинг турмуш ўртоғи Россия­да ишлаб, уйига пул жўнатиб турар экан. Демак, анча-мунча тўплаб қўйгани бор, деб тахмин қилишди. Дастлаб, улар Феруза яшайдиган уйни синчиклаб ўрганиб чиқишди. Ҳовлига кириш унчалик қийин эмас экан. Кўча девори пастак. Ит боқишмайди. Энг муҳими – хонадонда эркак киши йўқ.

Шу тариқа, уч улфат ёз кунларининг бирида ярим тунда юзларига ниқоб тақиб, пичоқ ва махсус таёқ билан қуролланиб, мўлжал сари йўл олишди. Ферузанинг кўчасига машинада аста кириб боришди. Уйга яқин қолганда Диёр кўчада қолиб, пойлоқчилик қиладиган бўлди. Зокир билан Носир эса аста девор ошиб, ҳовли ичига киришди. Бу пайт хонадон аҳлининг барчаси ширин уйқуда эди. Табиийки, ўғрилар аввал ўзлари тахмин қилган жойларни тинтиб чиқишди. Лекин қидирган нарсасини топа олишмади. Шундан кейин аёл ва болалари ётган уйга кириб, уларни қўрқитиб, пул қаерда эканини сўраш йўлига ўтишди. Дастлаб Носир бир четда ётган саккиз ёшли қизнинг тепасига бориб, уни қўли билан туртди. Қизалоқ уйғониб кетиб, қора ниқобли кимсага кўзи тушди-ю, қўрқувдан додлаб юборди. Фарзандининг дод-фарёдидан Феруза чўчиб уйғонди. Тепасида пичоқ ўқталиб турган қора ниқобли кимсаларни кўриб, ёрдам сўраб додлашга тушди. Шунда босқинчилар она ва қизининг оғзини ёпиб, уларни ура кетди. Етти ёшли Адувосит ҳам уйғониб нима бўлаётганини тушунмай йиғлай бошлаган эди, уни ҳам аяб ўтиришмади. Кейин аёлга таҳдид қилиб, пул ва тилла буюмлари қаерда эканлигини сўрашди. Аммо Феруза ўзини йўқотиб қўймай, қўшниларни ёрдамга чақирди. Босқинчилар вазиятнинг бундай тус олганидан гангиб қолди ва девор оша кўчага қочишди. Афсуски, аёл ва болалари босқинчиларнинг юзини кўра олишмади.

Режаси амалга ошмаган уч жиноятчи ниятидан қайтишни хоҳламади. Уларнинг навбатдаги нишони савдо-сотиқ билан шуғулланувчи Олим аканинг хонадони бўлди. Бу оиланинг дўкони бор, шу боис ўзларига тўқ ҳаёт кечирарди. Уйларида замонавий «Samsung» телевизори бор. Энг яхши ўлжа — телевизор.

Зокир ва Носир одатдагидек пайт пойлаб, уйда ҳеч ким йўқлигида девор ошиб ичкарига киришди. Диёр ҳовлида пойлоқчилик қилиб турди, улар телевизорни айтилган жойдан топиб, дераза ойнаси орқали олиб чиқишди... Бебош йигитларнинг қилмиши узоққа чўзилмади. Ички ишлар органлари ходимларининг тезкор саъй-ҳаракатлари натижасида жиноят «иссиқ изида» фош этилди.

Суд айбланувчи Зокир Мусаевни 

10 йилу 6 ойга, Диёр Имомов ва Носир Алибоевни эса 10 йилу 1 ойга озодликдан маҳрум қилди. Хуллас, қилмиш­лари туфайли улар жазоланишдан ташқари, ўғри, босқинчи деган ном олишди... 

 Саъдулла НАЗИРОВ, Хонобод шаҳар ИИБ ҳузуридаги  тергов гуруҳи катта суриштирувчиси, капитан.

Нигора ТЎХТАМАТОВА, журналист.

Манба: "Постда газетаси" 

"Ҳуқуқ олами" каналига уланиш учун линкни босинг👇👇 https://t.me/joinchat/AAAAAE_2IK9N02cf7bK96g

             


Report Page