ҒУЗОРДА 57 ЁШЛИ ШИФОКОР ХИЗМАТ БУРЧИНИ БАЖАРАЁТГАН ПАЙТИДА КАЛТАКЛАНДИ

ҒУЗОРДА 57 ЁШЛИ ШИФОКОР ХИЗМАТ БУРЧИНИ БАЖАРАЁТГАН ПАЙТИДА КАЛТАКЛАНДИ


Тўлқин Ҳамроев – 57 ёшда, 32 йилдан буён Ғузор тумани тиббиёт бирлашмасида анестезиолог-реаниматолог бўлиб ишлайди. Айни пайтда туманда яқинда очилган туманлараро қўшма шикастланиш ва ўткир қон томир касалликлари марказида фаолият юритмоқда. 


2022 йил 14 октябрь куни унинг одатдаги навбатчилик кунларидан бири эди. Кечқурун бўлимга 1970 йилда туғилган Д.О. исм-шарифли беморни олиб келишди. Унга гипертония ташхиси қўйилиб, тезкор тиббий ёрдамга киришилди. Соат 21 лар атрофида даво муолажалари давом этаётган пайтда жараёнга халақит бераётган беморнинг 25 ёшлар атрофидаги ўғли ва шифокор Тўлқин Ҳамроев ўртасида келишмовчилик келиб чиққан. Оқибатда беморнинг ўғли шифокорга мушт кўтарган. 

Тўлқин Ҳамроев “калла ва бош мия шикастланиши, бош мия чайқалиши, бурун суягининг очиқ синиши, бурун асоси эзилиб, йиртилган жароҳати, юқори жағ ўнгдан қозиқ тишнинг травматик синиши, иккала қовоқ- бурун асоси гематомалари” ташхиси билан травматология бўлимига ётқизилган. 

Воқеа юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мазкур ҳолатни ўз назоратига олган. Бошқарма бошлиғи Бобур Тешаев айни пайтда бўлимда даволанаётган бемор Тўлқин Ҳамроев ҳолидан хабар олди. Соҳага 32 йиллик меҳнати сингган шифокорнинг ҳуқуқларини муҳофазалаш учун барча чоралар кўрилишини маълум қилди.


-Юртимизда “Инсон қадри учун!” шиори остида қанчадан-қанча хайрли ишлар амалга оширилмоқда, - деди Б.Тешаев. – Мана шу ислоҳотларнинг олд сафида турган тиббиёт ходимлари ҳам энг аввало - инсон. Унинг қадрини, ҳурматини ўз ўрнига қўя олиш – барчамизнинг бурчимиз. Минг афсуски, кўрилаётган чораларга қарамасдан хизмат бурчини бажараётган ҳамкасбларимизга нисбатан тажовуз ҳолатлари ошиб бораётгани кўнгилни хира қилади. Ахир азалдан ҳатто уруш ҳаракатлари кетаётган пайтда ҳам саломатлик элчилари бўлган тиббиёт ходимлари дахлсиз ҳисобланган. Юқоридаги каби нохуш ҳолатлар одамлар саломатлиги учун жон куйдириб турган шифокор ёки ҳамширага қўл кўтараётган кимсаларга нисбатан белгиланган жавобгарликни янада кучайтириш бўйича қонунчиликка ўзгартириш киритиш жараёнини янада тезлаштириш зарурлигини тақозо этмоқда. 

Бошқарма бошлиғи Тўлқин Ҳамроевга тезроқ соғайиб, севимли ишига қайтишини тилаб, вазиятга қонун доирасида ҳуқуқий баҳо берилиши, муштумзўр фуқаро қонуний жазосини олиши учун барча чоралар кўрилаётганини қайд этди.


Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати. 

@qashqadaryo_ssb