ҒУЗОР ТУМАНИ ҲОКИМИНИНГ АҲОЛИГА МУРОЖААТИ

ҒУЗОР ТУМАНИ ҲОКИМИНИНГ АҲОЛИГА МУРОЖААТИ


Ҳурматли тумандошлар, отахону-онахонлар, қадрли ёшлар, азиз опа-сингиллар ва ака-укалар  Сизларга маълумки, бутун дунёда бўлгани сингари мамлакатимизни ҳам коронавирус касаллиги четлаб ўтмади. Айниқса, бу вируснинг тез тарқалиши, инсоният бошига ва бутун оммани ташвишга солаётгани сир эмас албатта. Айни кунда республикамизда коронавирус пандемиясига қарши кураш, аҳоли соғлиғини ҳимоя қилиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Бу ҳақда  ижтимоий тармоқлар ва телевидениялар орқали батафсил маълум қилиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида туман ишчи гуруҳи аъзолари томонидан туманимизда ҳам коронавирус пандемияси касаллигининг олдини олиш, инсонларни ҳаётини асраш, хориждан қайтганларни карантинда белгиланган кунгача доимий назорат қилиш бўйича барча чоралар кўрилмоқда.

Туман санитария эпидемиологик осойишталик маркази мутахассислари, ободонлаштириш бошқармаси ходимлари ва дезинфекторлар томонидан туманимизни тоза ва озода сақлаш, коронавирусни олдини олишга доир плакат, баннер ва ҳар хил тарғиботга оид қўлланмалар керакли манзилларга жойлаштирилди. Ҳар куни бозорлар ва жамоат жойларини дезинфекция қилиш юмушлари ўз вақтида бажарилмоқда.

Ҳурматли тумандошлар! Бу юқумли вирусни кириб келмаслигини олдини олиш борасида энг оғир вазиятда Сиз азиз ва қадрли ёши улуғ кексаларимиз, нуроний отахон ва онахонларимизнинг, кўпни кўрган, элга танилган меҳнат фахрийларимизни, тадбиркор ва ишбилармонларимизни, ёшларимиз, хотин-қизларимизни, зиёлилаларимиз, тиббиёт ходимларимизнинг ёрдамларига муҳтожмиз.

  Тўралар авлоди бўлган сабрли, иродали,  мард ва жасур халқимизга яна бир карра мурожаатим шуки, Сизларни бу коронавирус балосидан асраш учун энг аввалло ўйда қолишингизни илтимос қиламан. Ҳовли ва хонадонимизни, атрофимизни, кўчаларимиз ва шаҳримизни тоза ва озода сақлайлик.

Бунинг учун Сизлардан аввало ортиқча ваҳимага берилмаслик, доимо ниқобда юришингизни айниқса, шифокорлар тавсияси асосида, шахсий гигиена ва санитария қоидаларига ҳар биримиз ўз оиламиз, болаларимиз билан уйимизда, ишхонамизда ва борадиган жойларимизда қатъий амал қилишимиз керак. Ушбу қоидаларга тўлиқ амал қилсангиз, бу хасталик сизни четлаб ўтади.

Сизларга яна шуни маълум қиламанки, куни кеча муҳтарам Президентимиз коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш бўйича Ўзбекистон аҳлига яна бир бор мурожаатида, – Халқимиз жипслашиб, шифокорларнинг барча тавсияси, кўрсатмаларига амал қилсалар, одамларимиз карантин даврида ҳаётий заруратсиз ўз хонадонларини тарк этмаса, касалликнинг илк белгилари аниқланганда уни яширмай шифокорларга ўз вақтида мурожаат қилса, биз бу касалликни, албатта, енгамиз, – деб таъкидлади давлатимиз раҳбари.

Ҳурматли ғузорликлар мен ҳоким сифатида Сизларга ишонаман. Ўйлайманки, Сиз ҳам бизни қўллаб-қувватлаб, ўзингизни, оилангизни ва атрофдагиларни ҳаётини асрашни истасангиз, уйда қолиб саломатлигингизни муҳофаза қилишингизни сўрайман.


Биз Сиз учун ишдамиз, Сиз биз учун уйда қолинг!


Саъдулла Бабақулов, Ғузор тумани ҳокими



Report Page