ҒОЛИБ ТАРҒИБОТНИНГ ТУҒУ ТУҒРОСИ

ҒОЛИБ ТАРҒИБОТНИНГ ТУҒУ ТУҒРОСИ

Отабек БОЗОРОВ, фалсафа фанлари бўйича фалсафа доктори


Ҳаммамиз кўриб-билиб турибмиз, бугун дунё шиддат билан ўзгариб, геосиёсий вазият тобора чигаллашиб боряпти. Бу эса давлатлар ва миллатлар хавфсизлигига, инсонлар онгу тафаккурига, дунёқарашига таъсирини ўтказмасдан қолмайди.

 

Айниқса, муқаддас тушунча ва қадриятларимиз очиқдан-очиқ топталаётгани ҳамда интизомсизлик, боқимандалик, бефарқлик, лоқайдлик, худбинлик, манфаатпарастлик иллатларининг тобора ортиб бориши барчамизни хавотирга солади. Негатив (деструктив) тарғибот бутун дунёни қамраб олмоқда. Бу тарғиботнинг мақсади ижтимоий адоват уйғотиш, маънавий муҳитни бузиш, низолар келтириб чиқариш, вазиятни кескинлаштиришдан иборат. Шу мақсадда ёшларга деструктив, радикал ғоялар, ёлғон маслаклар ва қарашлар сингдирилмоқда. Бу эса биздан янада огоҳ ва қатъиятли, бирдам ва юрт ишига дахлдор бўлишни талаб қилади. Одамларга янгича қараш ва синалмаган ғояларни сингдириб, янгидан велосипед кашф этиш эмас, аввало, миллий тарбиямиздан йироқлашмаслик тамойилини қарор топтириш муҳимроқ, деб ҳисоблаймиз.

“Инсоф” деганингиз нима?”

Одам ўзи тушунмайдиган сўздан таъсирланмайди, ўз хатти-ҳаракатини ўзгартирмайди. Ўзбек тарбияси мазмунидан жой олиб, ўзаро муносабатларда намоён қилиниши лозим бўлган инсоний фазилатларни ифодаловчи сўз ва иборалар мавжуд. Масалан, бир вақтлар “тавозе”, “ибо”, “ҳаё”, “виждон”, “меҳр-оқибат” каби сўзлар фаол қўлланилгани миллий маънавиятимизнинг юксак чўққига кўтарилганидан далолат беради.

Лекин халқимиз тарихининг кейинги асрларида содир бўлган мустамлакачилик, миллий фазилатларнинг “қолоқлик”, “маданиятсизлик кўрсаткичи”, “эскилик сарқити” дея қадрсизланиши юқоридаги тушунчаларни ўзбек мактаби дарсликлари матнидан сиқиб чиқарди. Натижада миллий фазилатларни англатувчи тушунчалар бошқа тилдаги сўздек, тушунарсиз қолаверди. Мисол тариқасида ёзувчи Иброҳим Раҳимнинг кузатувларидан бир парча келтирсак: “... Кўпгина ёшларимиз инсоф нималигини билиш у ёқда турсин, бу сўзнинг ўзини ҳам эшитмагандек, тушунмайди. Эски ҳовлимизнинг рўпарасидаги ўрта мактабнинг тўполончи ўқувчиси ўзидан кичик болани дўппослаганида қўлидан ушлаб, “Инсофинг борми, ўзингдан кичик болани урасанми?”, десам, анқайиб қолди. Шундан кейин бошқа бир неча боладан ҳам сўрадим. “Бунақа мавзуни ўтганимиз йўқ”, деб жавоб қилишди. Шу воқеадан кейин мактабларда инсоф дарсини ўтиш керак шекилли, деган хулосага келдим. Инсофли бўлиш ҳақида на уйда, на мактабда ва на атрофдагилардан таълим олмаган айрим ёшлар инсофсизлик қилиб қўйганини ўзлари англамаяпти, англаса ҳам унинг хунук оқибати — гуноҳи тўғрисида мутлақо ўйламаяпти”. Бу ҳолат ўзбек ёшларини “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”дан жой олган, инсоний фазилатлар, анъана ва урф-одатларни ифодаловчи 1,5 мингдан ортиқ сўзлар (масалан, одамгарчилик, инсоф, виждонлилик, меҳрибонлик ва ҳоказо) билан махсус таништириб боришни тақозо қилади. Акс ҳолда, бу сўзларнинг истеъмолдан чиқиб кетиши, натижада инсонларда шу ном билан аталувчи фазилатларнинг йўқолиб бориши хавфи кучайиши эҳтимолдан холи эмас. Биз миллий феъл-атворимиз — характеримизни ўзгартиришимиз, яъни тараққий эттиришимиз лозим.

“Нега бизнинг медиа маҳсулотларни кўраётган аудитория ўртача 10-20 мингдан ошмаяпти? Ҳозир медиа майдонга қарасангиз, ёшларни бузишга, миллий қадриятларимизни обрўсизлантиришга, миллий маданиятимизни, тилимизни қадрсизлантиришга қаратилган таҳдидларни ҳам кўрамиз. Улар асосан, рақамли технологиялар асосида амалга ошириляпти.”

Биз ахборот бозоридамиз

Бу нима дегани? Бу ахборот сония, дақиқа, соат, кун сайин ўзгариб, янгиланиб туришини англатади. Айни пайтда ёшларимизни, халқимизни ўзимиз ахборот билан қамраб олмасак, бошқалар қамрайди, эгаллайди, дегани. Яқинда Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишига тайёргарлик доирасида тарғибот-ташвиқот ишларининг сифати ва аҳоли қандай қамраб олинаётгани таҳлил этилди. Очиғини айтганда, иш бугунги кун талабларига жавоб бермайди. Бунга сабаб, тарғиботда анъанавий, оффлайн, яъни жойларга бориб, фақатгина тадбирларга таклиф қилинган 30- 40 кишининг олдида маъруза қилиб, қўшиқ айтиш етакчилик қилмоқда. Биз фаоллар залида 100 кишини тўплаб анъанавий тадбир ўтказаётган пайтда Facebook, Instagram, Youtube, TikTok каби ижтимоий тармоқларда 100 минглаб (балки миллионлаб) ёшлар “тарбияланмоқда”. Бу эса бугун маънавий-маърифий соҳадаги энг катта хавф ва бўшлиқ ҳам шу ерда эканини кўрсатмоқда. Ачинарлиси, ёшларнинг баъзилари янгича нуқтаи назарга нисбатан жуда тоқатсиз. Илмни пеш қилиб диндорлар ҳис-туйғусини камситиш ёки айрим диний воизлардан таъсирланиб, дунёвийликни менсимаслик ҳолатлари учрамоқда. Чунки аксарият ёшлар асосий бўш вақтини ижтимоий тармоқлар, виртуал ахборот майдонида ўтказаётган бир пайтда бизда улар билан ана шу йўналишда самарали ишлаш тизими мавжуд эмас.

Бузғунчи тарғибот нима қиляпти?

Улар ўтирган жойида ватандошларимизнинг миллионлаб кўриш (“просмотр”)ларига, ҳатто мақтов (“лайк”)ларига эришяпти. Энг ачинарлиси, маҳаллий сайтларда ҳам ёшларнинг онги, руҳияти, ахлоқий тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи материаллар жойлаштирилмоқда. Биздаги онлайн, рақамли тарғибот ёшлар, аҳоли қалбига чуқур кириб бора олмаяпти. Ваҳоланки, бизда юз минглаб оффлайн ва онлайн тарғибот армияси бор. Нега бизнинг медиа маҳсулотларни кўраётган аудитория ўртача 10-20 мингдан ошмаяпти? Ҳозир медиа майдонга қарасангиз, ёшларни бузишга, миллий қадриятларимизни обрўсизлантиришга, миллий маданиятимизни, тилимизни қадрсизлантиришга қаратилган таҳдидларни ҳам кўрамиз. Улар асосан, рақамли технологиялар асосида амалга ошириляпти. Бу ҳолатлар мамлакат ижтимоий-маънавий муҳити барқарорлигига салбий таъсир кўрсатувчи бузғунчи ғоя ва таҳдидларга қарши янгича ёндашувларни шакллантириш зарурлигини кўрсатмоқда.

Ижтимоий тармоқларни эгаллай оламизми?

Ҳа, албатта. Масалан, пойтахтнинг ўзида тарғиботда фойдаланишимиз мумкин бўлган 10 та телеканал ва 3 та радиоканал мавжуд. Шу билан бирга, 45 та сайт ва 100 дан ортиқ телеграм канали, 15 та расмий журнал ва 15 та расмий газета бор. Буларнинг имкониятидан бемалол фойдаланишимиз мумкин-ку!? Қолаверса, уларнинг ўзи шу мақсадга хизмат қилиш учун ташкил этилган. Шу билан бирга, тарғибот воситаси сифатида: — оммавий ахборот воситалари (телевидение ва радио, журнал ва газеталар, расмий интернет сайтлари); — ижтимоий тармоқлар (Теlegram, F a c e b o o k , I n s t a g r a m , Yo u Tu b e , Оdnoklassniki, TikTok); — тарқатма материаллар (буклет, флаер, плакат — деворий лавҳа, табрикнома ва таклифномалар); — босма ва электрон мониторлар (транспорт ва бекатлар, кўча, бозор ва дўконлардаги монитор; барча турдаги баннерлар); — китоб, ўқув қуроллари ва анжомлари, ҳунармандчилик маҳсулотлари; — маҳсулотни қадоқлаш материаллари; — оммавий тадбирлар (концертлар, умумхалқ байрамлари ва давлат рамзлари бўйича тадбирлар, маърифат соатлари, ишлаб чиқариш йиғилишлари, маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари ва танловлар, тўйлар ва бошқа маросимлар, барча турдаги марафонлар, спорт-соғломлаштириш тадбирлари)дан ҳам унумли фойдаланиш мумкин. Ана шу воситалардан ягона бир тизим асосида унумли ва самарали фойдаланиш муҳим ва зарур. Масалан, “Болажон” телеканалида “Фазилатнома”, “Нурафшон” телеканалида “Тарихга муҳрланган сўзлар”, “Кинотеатр”да “Театр — ибратхонадир”, “Маданият ва маърифат”да “Истиқболли авлод”, “Маҳалла”да “Мўъжазгина ватаним”, “Спорт” телеканалида “Бетакрор туйғулар” ҳамда “Ёшлар” телеканалида “Бахт қасри” кўрсатувларини тайёрлаб, доимий эфирга узатишни йўлга қўйса бўлади. Шу каби “Маҳалла” радиоканалида “Қулоққа чалинган гаплар”, “Она тупроқ” ва “Маҳалла нима дейди?”, “Ёшлар”да “Менда фикр бор”, “Тўхтаб қолма”, “Ўзбекистон” радиоканалида “Ўлан тўшак” ва “Педагог минбари” каби эшиттиришларни ташкил қилиш яхши самара бериши шубҳасиз. Худди шу сингари вазирлик ва идораларнинг ижтимоий тармоқлардаги канал ва сайтларида маънавий-маърифий ишлар ҳақида “Виждон иши”, “Бир мақол шарҳи”, “Оламни маҳлиё айлаган диёр”, “Ўзбегим, ўзлигим”, “Элга манзур”, “Тараққиёт тимсоллари” ва “Ватанни севиш масъулияти” каби мавзуларда рукн очиш мумкин. Ёки тарғибот ишларини амалга ошириш учун тарғиботчи етишмайдими? Бу масалада ҳам муаммо йўқ. Мамлакатда бугун расман маънавият учун масъул ходимлар сони 40 мингдан ортиқни ташкил этади. Аммо ҳали маърифий тарғибот борасидаги вазифаларни умумий ишга айлантира олмаяпмиз. Ҳамма ўзи билан ўзи овора. Вазирлик ва идоралар ўртасида мазкур масала бўйича ижтимоий ҳамкорлик сезилмаяпти. Маънавий-маърифий тарғибот ишларини фақат Республика Маънавият ва маърифат маркази қилади, деган одам адашади, дея бежизга таъкидламади давлатимиз раҳбари. Шу маънода, соҳага масъул бўлган идора ва ташкилотларнинг олдида турган энг асосий вазифа — ҳозирги тезкор ахборот майдонида маънавий-маърифий тарғиботни қандай қилиб замонавийлаштириш, жадаллаштириш мумкин, деган саволга жавоб топишдан иборат бўлиб турибди. Аввало, миллий контент сифатини янада яхшилаш, таълим, илмий-маърифий, ёшлар эҳтиёжларига мос замонавий ахборот ресурсларини яратиш ва тарғиб қилиш механизмларини ишлаб чиқиш керак. Ўзбекистон мафкура майдонини “Рақамли тарғибот” билан тўлдириш учун нималар қилиш зарурлигини белгилаб олиш лозим.

Нималарга эътибор қаратиш керак?

Аввало, ҳар бир тарғибот материали фуқароларнинг ёшига мос ҳолда — болаларга, ёшларга, ўрта ёшлиларга алоҳида-алоҳида тайёрланиши зарур. Ижтимоий тармоқларда (Теlegram, YouTube, Instagram, Facebook, Оdnoklassniki) салбий тенденцияларга барҳам беришга қаратилган тарғибот-ташвиқот каналларини очиш ҳамда тарғибот материалларини тайёрлаб, уларни оммалаштириш мақсадида жозибадор ва қизиқарли дастурларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, маънавий йўналишларимиз иқтисодий йўналишлардан ўн қадам олдинда юриши керак. Ана шунда биз ҳозирда қилаётган катта-катта режаларимиз, дастурларимиз амалга ошади. Маънавий-маърифий тарғибот ишлари бўйича ҳар бир вазирлик ва идора томонидан бажарилиши лозим бўлган аниқ вазифалар белгилаб олиниши талаб этилади. Шунингдек, ҳамкор ташкилотлар нотиқлик ва лидерлик қобилиятига эга ёшлар, иқтидорли талаба ва докторантлар, давлат стипендиатларидан иборат тарғибот гуруҳларини ташкил қилиб олиш зарур. Ислоҳотлар тарғиботида тарғиботчи сифатида иштирок этадиган соҳанинг салоҳиятли ва нотиқлик қобилиятига эга мутахассислари рўйхатини шакллантириб, улардан тарғибот ишларида самарали фойдаланиш йўлга қўйилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Уларга соҳада эришилган энг муҳим ютуқлар тўғрисидаги тарғибот материалларини тайёрлаб бериш керак. Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан ишлаб чиқилган рақамли тарғибот маҳсулотларини кенг тарғиб қилиш мақсадида вазирлик ва идораларга тегишли барча сайтлар ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига беғараз жойлаштириб борилишини йўлга қўйиш ҳам қамровни кенгайтиришга ёрдам беради. Хорижий давлатларнинг ахлоқий тарбия ҳамда тарғибот-ташвиқот йўналишдаги сиёсати ва илғор тажрибасини ўрганиш бўйича ижодий сафарлар ташкил этиб, 2024-2026 йилларга мўлжалланган алоҳида режа-жадвал ишлаб чиқиш керак. Юртимиздан етишиб чиққан буюк давлат арбоблари, саркардалар, дунё илм-фанига катта ҳисса қўшган алломаларнинг ибратли ҳаёт йўли, бой илмий меросини кенг тарғиб қилиш бўйича 2024-2026 йилларга мўлжалланган миллий дастур ишлаб чиқилиши лозим. Миллий ўйинчоқларни мақсадли ва режали ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва шундай маҳсулотлар ишлаб чиқарган тадбиркорларга турли имтиёзлар бериш амалиётини жорий этиш ҳам яхши натижа беради. Рақамли тарғибот маҳсулотларини ишлаб чиқариш, жорий қилиш ва самарадорлиги бўйича мониторинг олиб бориш ҳам муҳим вазифалардан биридир. Кўрсатув, эшиттириш, клип, қўшиқ, шеър, мақола ва бошқа ижодий ишларнинг миллий маънавиятимизга таъсири даражасини ўрганиш ҳамда бу ҳақдаги таҳлилий маълумотлар асосида янги таклифлар ишлаб чиқиш тизимини йўлга қўйиш керак. Ташқи тарғибот воситалари мазмуни, сони, сифати ва жозибадорлигини замон талабларига мослаштириш ҳамда уларни энг оммабоп, кўришга қулай ва аҳоли серқатнов бўлган жойларга жойлаштириш чораларини ташкил қилиш талаб этилади. Мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим мактабларини тарғибот воситалари билан безаш бўйича янгича ёндашувдаги алоҳида услубий тавсиялар тайёрлаш лозим. Шу билан бирга, тарбияланувчилар, ўқувчи ва талабаларни ватанпарварлик, давлат рамзларига ҳурмат ва муҳаббат руҳида тарбиялашга қаратилган ҳамкорликдаги танлов ва интеллектуал ўйинлар ўтказиш ҳам яхши самара беради. Олий таълим муассасаларида фаолият юритаётган таълим-тарбия маслаҳатчилари — тьюторларнинг талабалар билан олиб бориладиган ахлоқий тарбиявий ишлар ҳамда “Ахборот ва мураббийлик соати”ни ташкил этиш бўйича методик тавсиялар ишлаб чиқилиши зарур. Миллий қадриятлар, маънавият ва маърифат ҳамда тарбиявий ишларни тарғиб қилишга қаратилган кўрсатув, эшиттириш, рукнлар ва интеллектуал ўйинлар сони ва сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратиш керак. Шунингдек, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар тарғиботига бағишланган махсус дастурларни тайёрлаб, мунтазам равишда тақдим этиб борилишини йўлга қўйиш ҳам тарғибот ишида муҳим масала ҳисобланади. Ва ниҳоят, режа-жадвал асосида ҳар икки ҳафтада бир марта иккита ҳудуд ва битта вазирлик ёки идоранинг маърифий тарғибот ишларига доир ҳисобот ва тақдимотларини эшитиб бориш лозим. Умид қиламизки, бу каби эзгу ишларни амалга ошириш ёшлар миллий ғурурини юксалтиришга, нима яхшию нима ёмонлигини, кимга эргашиб, кимдан узоқ юриш кераклигини билиб олишига ёрдам беради. Ота-боболарига содиқ бўлади. Оқу қорани таниб, тафаккури чархланади. Биз бугун овози бўғиқ миллат эмасмиз, қаддимиз тик. Олға одимлаяпмиз. Юксалаётган миллатнинг тутуми қаттиқ бўлиб, заминидан бузғунчи ғояларни супуриб ташлай олади.


Report Page