"Ўзсаноатқурилишбанк"АТБ бошқарув раиси ҳамда раҳбар ходимлари иштирокидаги тадбиркорлар билан учрашувларда 1454 та масала жойида ҳал этилди

"Ўзсаноатқурилишбанк"АТБ бошқарув раиси ҳамда раҳбар ходимлари иштирокидаги тадбиркорлар билан учрашувларда 1454 та масала жойида ҳал этилди


Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда "Ўзсаноатқурилишбанк"АТБ ахборот хизмати раҳбари Беҳзод Бозоров маълум қилди.

     Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибор иқтисодиётни ривожлантириш, маҳаллийлаштиришни кенгайтириш, ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини ошириш, энг асосийси, маҳаллаларни ишсизликдан ҳоли ҳудудга айлантиришда муҳим роль ўйнамоқда.

        Тадбиркорлар ўртасида ўтказилаётган тарғибот ва амалий учрашувлар эса, қулай ишбилармонлик муҳити яратиш, соҳа ривожига тўсқинлик қилаётган муаммолар билан манзилли ишлаш, тезкор ечим топишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

        Ўзсаноатқурилишбанк бошқарув раиси ҳамда раҳбар ходимлари таркибидан иборат ишчи гуруҳининг вилоятлар, туманлар ва маҳаллалар кесимида тадбиркорлар билан ташкил этаётган учрашувларида Президентимизнинг шу йил 25-26 март кунлари Наманган вилоятига амалга оширган ташрифи доирасида ҳудудлар ижтимоий-иқтисодий ҳолатини янада яхшилаш, хусусан, Сайхунобод тажрибаси асосида маҳаллабай ишлаш, томорқа ва хонадонлардаги имкониятлардан фойдаланиб, аҳоли даромадларини ошириш мақсадида берган топшириқлари дастуриламал бўлмоқда.

Хусусан, ўтган давр мобайнида банк томонидан Тошкент шаҳри, Қолақалпоғистон Республикаси ҳамда барча вилоятларда ўтказилган учрашувларда 29 мингдан зиёд мижозлар ҳамда тадбиркорликни бошлаш истагида бўлган аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказилди.

Учрашувларда тадбиркорлар томонидан 2 400дан ортиқ мурожаатлар келиб тушди. Хусусан, бизнес режага кўра технологик ускуна ёки хом ашё харид қилиш, айланма маблағларни тўлдириш мақсадларига кредит ажратиш, мавжуд кредитлари бўйича тўлов муддатини узайтириш, кредит таъминотларини гаровдан чиқариш ва янги лойиҳаларни татбиқ этиш каби масалалар ўрганилди.

        Жумладан, Навоий вилояти Кармана тумани “Наврўз” маҳалласида лимончилик билан шуғулланиб келаётган Мурод Шомуродов учрашувда қўшимча томорқада иссиқхона барпо этиб, оилавий тадбиркорлигини янада кенгайтиришга ёрдам сўради. Тадбиркор мурожаатига кўра Банк томонидан 48 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилди.

        Қашқадарёлик тадбиркорлар билан учрашувлар ҳам натижали кечди. Эндигина ўз фаолиятини бошлаётган оилавий тадбиркорлар, фаолиятида янги йуналишларни очаётган бизнес вакиллари билан қизғин мулоқотлар олиб борилди. Банк хизматлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди, тадбиркорларнинг ечимини кутаётган масалалари мутассадилар ҳамкорлигида жойида ҳал этилди.

        Шу жумладан, Қарши шаҳрида 200 иш ўрнига эга ипак толаси ишлаб чиқарувчи “Radiant Silk” масъулияти чекланган жамияти мутасаддиларининг Банкдан олган кредити муддатини узайтириш борасидаги сўрови ижобий ҳал қилиди.

        Муассасага бириктирилган Шаҳрисабз ва Касби туманларидаги 29 та маҳалланинг драйвер йўналишларидан келиб чиқиб “маҳалла еттилиги” билан биргаликда уйма-уй ўрганишлар олиб борилди, оилаларнинг асосий даромадлари, шарт-шароитлари, томорқадан фойдаланиш ҳолати, бу борада яратиш мумкин бўлган қўшимча имкониятлар ўрганилди.

        Натижада, биринчи босқичда ҳар бир маҳалладан еттитадан ёрдамга муҳтож, тадбиркорлик қилиш истаги бор хонадонлар аниқланиб, улар учун ўз томорқасидан қўшимча даромадга эга бўладиган лойиҳа пакетлари ишлаб чиқилди.

        Шунингдек, ҳар бир маҳаллада аҳолининг ўз томорқасидан кўпроқ даромад топишига кўмаклашувчи лидер тадбиркорлар аниқланди.

        Тажриба сифатида 203 та кам даромадли оиланинг ўз томорқасидан ташқари, чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик билан шуғулланиб, йиллик даромадини 50-60 миллион сўмга етказиш чоралари кўрилмоқда.

        Мазкур тоифадаги оилаларнинг 122 тасига 1 миллиард 830 миллион сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилди, яна 81 тасини молиявий қўллаб-қувватлаш режага киритилди.

        Эътиборлиси, ушбу тизим барча ҳудудларда йўлга қўйилган. Учрашувларда етакчи ишбилармонларни молиявий қўллаб-қувватлаш орқали маҳаллалардаги ишсизлар бандлигини таъминлаш, эҳтиёжманд оилалар учун эса, қўшимча имкониятлар яратиш йўлида изланиш ва ҳаракатлар давом этмоқда.

        Бизнес юритиш мақсадида бўлиб, ўзини ўзи банд қилган фуқароларга “Бизнесга биринчи қадам” кредит маҳсулоти таклиф этилмоқда.

          Умуман, Банк бошқарув раиси ҳамда раҳбар ходимлари иштирокидаги тадбиркорлар билан учрашувларда 1454 та масала жойида ҳал этилди, 374 таси қўшимча ўрганиш талаб этилгани боис раҳбарият назоратига олинди.

        Мурожаатлар тўлиқ ечимини топганда 6 минг 800 га яқин иш ўрни яратилиши белгиланди.

       Азиз, юртдошлар! Сизларга етказмоқчи бўлган маълумотларимиз шулардан иборат эди.


Report Page