«Ўзметкомбинат» АЖнинг келгуси фаолият самарадорлиги форсайтда белгилаб олинди
Инновацион ривожланиш вазирлиги металлургия саноатида фаолият олиб борувчи йирик корхоналаридан бири «Ўзметкомбинат» АЖда Металлургия саноатини инновацион ривожлантириш ҳамда илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги интеграция муаммоларига қаратилган форсайт тадбирини ўтказди. Тадбирда республикамизнинг 16 та олий ва таълим муассасаларнинг вакиллари, яъни 70 нафардан зиёд олимлар иштирок этдилар.
Тадбирда Инновацион ривожланиш вазирлиги ва «Ўзметкомбинат» АЖ ўртасида “Металлургия саноатида илмий-тадқиқот ва тажриба конструкторлик ишларини ривожлантириш ва соҳада илмий-тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш ҳамда илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасидаги лойиҳаларни ҳамкорликда амалга ошириш тўғрисида»ги қўшма қарор имзолангани ва ушбу форсайт тадбири қарорда белгиланган чора-тадбирлар доирасида ўтказилаётганлигини алоҳида таъкидлади.
Таъкидлаш жоизки, мазкур форсайт тадбири давомида маҳаллий хомашё ресурслари базасида, техноген чиқиндиларидан импортнинг ўрнини босувчи тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқариш, энергия тежамкор технологияларини қўллаш, комбинатда фойдаланишда бўлган асбоб-ускуналарининг самарадорлигини оширишга қаратилган илмий-тадқиқот лойиҳалар мавзулари рўйхати шакллантирилиши айтиб ўтилди.
Келгусида ушбу лойиҳаларнинг молиялаштирилиши тенг шерикчиликда амалга оширилади, яъни Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ва «Ўзметкомбинат» АЖнинг маблағлари ҳисобидан.
Учрашув давомида белгиланган чора-тадбирлар «Ўзметкомбинат» АЖнинг ишлаб чиқариш фаолиятининг самарадорлигини оширишига хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.