«Ўзкимёсаноат»: меҳнат муносабатларида қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан 20 нафар ходим лавозимидан озод этилган, 9 нафари жиноий жавобгарликка тортилган

«Ўзкимёсаноат»: меҳнат муносабатларида қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан 20 нафар ходим лавозимидан озод этилган, 9 нафари жиноий жавобгарликка тортилган

https://t.me/Rasmiy_xabarlar_Official


Бугун АОКАда «Ўзкимёсаноат» АЖ ахборот хизмати раҳбари Мастура Ҳайитова иштирокида ўтказилган брифингда уюшма комплаенс хизматининг 2021 йилдаги фаолият якунлари юзасидан маълумот берилди:

https://t.me/aokamediakontent

✔️ “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 27 майдаги Президент Фармони талаблари асосида “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамиятида Комплаенс хизмати ташкил этилди ва “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, амалга ошириладиган тадбирлар белгилаб олинди. Ушбу дастурга мувофиқ коррупцияга қарши курашиш бўйича ички меъёрий ҳужжатлар, яъни “Коррупцияга қарши сиёсат”, “Ахлоқ кодекси”, “Манфаатлар тўқнашувини бошқариш сиёсати” каби 20 дан ортиқ ички меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди ва ўрнатилган тартибда барча ходимларга таништириш ва тушунтириш ишлари амалга оширилди.

Бугунги кунда коррупцияга қарши курашиш мақсадида комплаенс назорат тизими босқичма-босқич кимё саноати корхоналарига татбиқ этилмоқда. Жумладан, “Навоийазот” АЖ, “Фарғонаазот” АЖ, “Деҳқонобод калий заводи” АЖ, “Максам-Чирчиқ” АЖ, “Биринчи резинотехника заводи” МЧЖ, “Ўзкимёимпэкс” МЧЖ ва “Қўнғирот сода заводи” МЧЖ ҚКларида комплаенс назорат тизими ўз фаолиятини юритмоқда. “Ўзкимёсаноатлойиҳа”, “Аммофос-Максам” АЖларда эса мазкур тизимга ходимлар танлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Ҳисобот даврида жамият ва тизимдаги корхоналарда коррупцион хавф-хатарларни аниқлаш, уларнинг олдини олиш ва чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, шунингдек, ушбу иллатларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш мақсадида бир қатор тадбирлар амалга оширилди.

Жумладан, меҳнат муносабатларида қонун бузилиш ҳолатларини ўрганиш мақсадида 2021 йилда жами 49 та хизмат суриштируви ўтказилиб, натижалари бўйича тегишли хулосалар тайёрланган ва айбдорларга нисбатан тегишли чоралар кўрилган. Жумладан, 44 нафар ходимнинг иш ҳақидан жарима, 39 нафар масъул ходимларга ҳайфсан, 20 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилган, 11 нафарига нисбатан маъмурий чоралар, 9 нафари жиноий жавобгарликка тортилган.

2021 йилда тизимда жами 22 та ҳолатда манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳолатлар бартараф этилган. Жумладан, тизимда аниқланган ноқонуний ҳолатларни ҳужжатлаштириш натижасида кимё саноати корхоналари томонидан тайёр маҳсулотни сақловга берилган тадбиркорлик субъектларида 80,4 млрд. сўмлик минерал ўғитлар камомади аниқланиб, расмийлаштирилди. Ҳозирги кунда 29,9 млрд. сўм маблағлар ундирилиши таъминланди.

Шу билан бирга олиб борилган ишлар натижасида 500,0 млн. сўмдан ортиқ товар моддий бойликлар ва 100,0 млн. сўмдан ортиқ ёқилғи-мойлаш материалларини талон-тарож қилиниши ва 3,5 млрд. сўм харажатлар самарасиз ишлатилишининг олди олинди.

Кимё саноати корхоналари томонидан тақдим этилган материаллар асосида ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан 10 та жиноий иш қўзғатилган.

Жамият ва тизим корхоналари ходимларида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш мақсадида компаленс хизмати ходимлари ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари иштирокида 2021 йилда жами 116 та тушунтириш-профилактик тадбирлари амалга оширилди.

“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти ходимлари ўртасида коррупцияга қарши курашиш соҳасида тушунтириш ишларини олиб бориш мақсадида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Бош прокуратура, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Давлат хавфсизлик хизмати масъул ходимлари ҳамда Тошкент давлат иқтисодиёт университети профессор-ўқитувчилари иштирокида семинарлар ўтказилди.

Шунингдек, ҳисобот даврида Давлат хавфсизлик хизмати, Прокуратура органлари ходимлари иштирокида кимё саноати корхоналарида мол-мулк ва маблағларни талон-тарож қилиш ҳамда ўзлаштириш ва қўшиб ёзишлар, камомадга йўл қўйиш ҳолатлари тўғрисида ҳамда жамият ходимлари орасида иқтисодий жиноятларга нисбатан муросасизлик ҳиссини шакллантириш мақсадида 6 та тушунтириш-профилактик тадбирлари амалга оширилди.

Жамият ва тармоқ корхоналарида ISO 37001:2016 халқаро стандарти талабларини жорий этиш мақсадида “CERT Academy Group” халқаро тренинг компанияси мутахассисларини жалб этган ҳолда 33 та ходим иштирокида ўқув курслари ташкил этилди ва натижаси бўйича тегишли сертификатлар олинди.

“Ўзкимёсаноат” АЖ ходимларида коррупцияга оид билимларини баҳолаш мақсадида тест синовлари ўтказилди ва унда жамиятнинг 73 нафар ходими “Test.uks.uz.” платформаси орқали тест синовларида қатнашди. Тест саволлари натижасида аниқланган кўрсаткичлар асосида ходимларнинг кейинги ўқув семинарларида тушунтириш-профилактик тадбирлар йўналиши белгилаб олинди.

2021 йилнинг ноябрь ойида “CERT International” халқаро тренинг компанияси мутахассислари томонидан “Ўзкимёсаноат” АЖнинг коррупцияга қарши кураш менежмент тизими аудитдан муваффақиятли ўтди ва мазкур ташкилот томонидан коррупцияга қарши курашиш механизми амалда самара бераётганининг асосий кўрсаткичи ҳисобланувчи ISO 37001:2016 мувофиқлик сертификати тақдим этилди.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги ПФ-60-сон Фармони ижроси доирасида коррупцияга қарши курашиш соҳасида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, кадрларни танлашда коррупциявий омилларни бартараф этиш, коррупцияга қарши курашиш амалиётига тизимли превентив чораларни кучайтириш ва мазкур соҳадаги билимларини узлуксиз ошириш мақсадида чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди ва босқичма-босқич амалиётга татбиқ этилмоқда.

Брифинг якунида жисмоний ва юридик шахслар “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти фаолияти билан боғлиқ турли масалалар бўйича мурожаатларини, шунингдек, маҳсулотларни етказиб бериш ва уларнинг сифат даражаси бўйича таклиф ва эътирозларини 78 коди билан 140-74-48 ишонч телефон рақами орқали қолдиришлари мумкинлигини таъкидлаб ўтмоқчимиз. Янада қулайлик яратиш мақсадида ташкилотнинг Комплаенс хизмати томонидан телеграм месенжерида ташкил этилган @uzkimyosanoatanticorbot манзили орқали ҳам ўз таклиф ва мурожаатларини юборишингиз мумкин. 

Report Page