“Ўзбекнефтгаз”: Ишчи гуруҳ Устюрт платосидаги газ қазиб чиқариш ва қайта ишлаш объектларида бўлди (Фоторепортаж)
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги ишчи гуруҳ Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида жойлашган газ қазиб чиқариш ва қайта ишлаш объектларида бўлди.
Дастлаб, Устюрт газ-кимё мажмуасида ишлаб чиқариш цехларидаги технологик жараёнлар, полимер маҳсулотларнинг савдоси, эпидемиологик вазият билан боғлиқ карантин чоралари даврида корхона ишчиларига яратилган шарт-шароитлар ўрганилди.
Заводнинг полиэтилен ва полипропилен ишлаб чиқариш объектларида фаолият олиб бораётган мутахассис ва муҳандис-технологлар билан мулоқот ўтказилиб, хавфсизлик чораларига амал қилган ҳолда узлуксиз ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш зарур экани таъкидланди.
Бошқарув раиси газни юқори технологиялар асосида чуқур қайта ишлаш бўйича Устюрт газ кимё мажмуаси МДҲ мамлакатлари орасида энг йирик корхоналардан бири эканини айтиб, шу сабаб йиллик полиэтилен, полипропилен, пиролиз дистилляти ишлаб чиқариш кўрсаткичларини янада ошириш бўйича вазифаларни белгилаб берди.
Хитой, Туркия, Болгария, Жанубий Корея, Россия, Буюк Британия, Италия, Латвия, Эстониядан бошқа давлатларга ҳам полимер маҳсулотлари экспортини йўлга қўйиш кераклиги айтилди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати